Муаммолар ўрганиляпти, аммо уларга ечим топиляптими?

Бу гал “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” рукни остида репортаж тайёрлаш учун Тойлоқ туманининг энг олис ҳудудида жойлашган Ўрай-Элипок маҳалласига боришга қарор қилдик. Туман ҳокимлигидан керакли маълумотларни олиб, йўлга чиқаётганимизда 3-4 нафар фуқаро Файзиобод маҳалласига ҳам бир боришимизни, у ердаги янги мактабнинг ачинарли аҳволи билан танишишимизни илтимос қилди.

Файзиободнинг файзи қаерда?

Туман марказидан чиқиб, чамаси 10 километрча масофа босганимиздан кейин, равон йўллар ортда қолди. Машинамиз ўйдим-чуқур кўчалардан ўтаётганда, бизга ҳамроҳлик қилаётган туман ҳокимлиги вакиллари Файзиобод маҳалласига кириб бораётганимизни айтишмаганида, қаерга етганимизни билмас эдик. Сабаби бирорта йўлкўрсаткич белгиларини учратмадик.

Икки қаватли мактаб ёнида тўхтадик. Бу замонавий кўринишдаги таълим муассасаси ва яна бир у ёқ-бу ёғи таъмирланган эски иморат, яъни маҳалла биносини ҳисобга олмасангиз, Файзиободнинг файзи қаерда экан, деб ўйланиб қолишингиз табиий.

- Ҳудудимизда ободонлаштириш ишларини амалга оширяпмиз, - дейди  маҳалла раиси ўринбосари Адҳам Қорабоев. – Сектор раҳбарлари тез-тез келиб учрашувлар ўтказяпти. Муаммоларга ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Аҳолимизни кўпроқ электр энергиясидаги узилишлар қийнаб келяпти. Сабаби, трансформаторларимиздан бири йилига икки марта “портлайди”. Симёғочларимиз эскирган. Уларни алмаштиришимиз, яна қўшимча трансформаторлар ўрнатишимиз, 1,5 километрга яқин йўлларимизни таъмирлашимиз керак. Маҳалламизда биргина 25 ўринга мўлжалланган оилавий боғча бор. Мактабгача таълим ташкилотига ҳам эҳтиёж катта.

Ўқувчиларнинг таълим олишига совуқ таъсир қилиши керакми?

Маҳалладаги 42-умумий ўрта таълим мактаби биноси замонавий. Кенг ва ёруғ синфхоналар ва спорт зали ҳам мавжуд. Аммо қайси хонага кирмайлик, ўқувчилар қишки кийимда ўтирганига гувоҳ бўлдик. Демак, иситиш тизими кўнгилдагидек эмас.

- 280 ўринли мактабда 454 нафар ўқувчи таълим олади, - дейди мактаб директори Ҳилола Жўраева. – Бор имкониятдан фойдаланиб таълим бериб келяпмиз. Муассасамиз икки йил аввал 11 йиллик мактабга айлантирилди.  2019 йилда 16 нафар, 2020 йилда 12 нафар битирувчи олий ўқув юртига ўқишга кирди. Синфхоналаримизнинг совуқлигига сабаб қор ёққан куни қишлоғимиздаги трансформатор портлаб кетган. Электр энергиясида узилиш бўлганлиги учун иситиш тизимидаги сувнинг айланма ҳаракати тўхтаган.

Мактабнинг икки нафар ўқувчиси стол тенниси бўйича вилоят мусобақасида биринчи ўринни эгаллаган экан. Спорт залини ҳам кўздан кечиришга чоғланганимизда мактаб директори бироз қаршилик кўрсатгандай бўлди. Кейин билсак, ўқувчилар спорт анжомлари етарли бўлмаган залда жисмоний тарбия дарсларини ҳам қишки кийимда ўтар экан.

Навбатчи ўқитувчининг қўлидаги қўлбола қўнғироқ ҳам замонавий мактабга умуман ярашмай турибди.

- Янги мактаб биноси қурилиб фойдаланишга топширилганда спорт залга 10 та тўшама ва 2 та теннис столи берилган, - дейди Ҳ.Жўраева. – Бошқа инвентарларни бериш ваъда қилингану, ваъдалигича қолган. Шунинг учун ҳам спорт залга кирмай қўяверайлик дегандим. Ҳозир болалар фойдаланаётган волейбол ва баскетбол спорт анжомларини ҳомийлар ҳисобидан олганмиз.

Ўрай-Элипокка Ургутнинг ўйдим-чуқур йўлларидан ўтиб бордик

Бизга ҳамроҳлик қилаётган ҳокимлик вакилларининг таъкидлашича, Ўрай-Элипок энг олис ҳудудда жойлашган, аммо шаҳарча кўринишидаги маҳалла экан. Мақсадимиз фақат камчилик ва муаммоларни эмас, қишлоқлардаги ижобий ўзгаришларни ҳам ёритиш, деб туманнинг чекка ҳудуди томон йўл олдик. Ўрай-Элипок маҳалласига қўшни туман ҳудудидан ўтиб бориларкан. Қаршимиздан чиққан ўнқир-чўнқир йўллар Ургут туманига қарашли экан.

Манзилимизга етиб борганимизда чекка ҳудудда ҳақиқатан ҳам шаҳарча кўринишидаги маҳалла мавжудлигига ишонч ҳосил қилдик.

- Туман маркази бу ердан 32 километр узоқликда, - дейди маҳалла раиси Фарҳод Мавлонов. – Тойлоқнинг Булунғур ва Ургут туманлари билан чегара ҳудудида жойлашган маҳалламизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар рўй берди. Фуқаролар йиғини ва 39-мактабгача таълим ташкилоти учун янги бинолар қурилди. Замонавий кўринишда маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолият кўрсатяпти. Қолган камчилик ва муаммоларимиз ҳам шу йилнинг охиригача бартараф этилиши режалаштирилган. Сабаби, ҳудудимизда муаммоларга ечим топиш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Ишсизлар 208 нафар

Маълумотларга кўра, маҳаллада 16 оила “Темир дафтар”га киритилган. 120 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”, 65 нафар хотин-қиз эса “Аёллар дафтари”  рўйхатга олинган. Маҳалла аҳолисининг 208 нафари ишсиз. Ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича 2021 йилда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан 10 га яқин маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш ҳамда ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 143 нафар фуқаро иш билан таъминланади. Аммо...

Маҳаллада ютуқлар кўп, шу билан бирга ёшларнинг муаммоси ҳам

Маҳаллада жойлашган 50-умумий ўрта таълим мактабига ҳам бордик. Кўринишидан катта бўлмаган бу муассасада 400 нафардан зиёд ўқувчи таълим оларкан. 10 та синфхонадан иборат бинода ўқувчилар учун шароитлар етарли эмас.

- Она тили ва адабиёт фанларига қизиқаман, келажакда журналист бўлмоқчиман, - дейди ўқувчилардан бири Дилноза Аҳмадова. – Ҳаво иссиқ кунлари тадбирлар ҳовлида, қишда эса синфхонамизда ўтказилади. Сабаби, мактабимизда фаоллар зали йўқ. Спорт залимиз йўқлигидан қиш кунларида жисмоний тарбия дарсларини шахмат-шашка ўйнаб ўтказамиз. Кутубхона учун номигагина қоронғи бир хонача ажратилган. Бу ерга кириб китоб ўқишнинг имкони йўқ. Икки-уч нафардан зиёд ўқувчи сиғмайди.

Ҳа, Дилнозанинг гапида жон бор. Шу кунларда мамлакатимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётган даврда улар замонавий синфхоналарда таълим олишни, шароитларга эга спорт залларидан фойдаланишни истайди. Мактаб коридорининг тўрида бунёд этилган деразаси йўқ кутубхона маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари учун ҳам, ёшлар етакчиси учун ҳам хизмат қилар экан.

4 февраль куни ёққан қор биз борган чекка маҳаллаларга вилоят ва туман марказига нисбатан кўпроқ тушган эканми, ҳалигача эримабди. Демак, бу ҳудудларга баҳор ҳам кеч келади. Ўрай-Элипок ва Файзиобод аҳолиси, хусусан, ўқувчи-ёшлари илиқ ва ёруғ кунларни кутиб яшамоқда. Уларни қийнаб келаётган масалаларни “маҳаллабай” ўрганаётган сектор раҳбарлари ва мутасаддилар муаммоларни фақат ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, ечимини топади, деб умид қиламиз.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.