Муаммоларга барҳам беришда қонун ижодкорлиги ҳам муҳим
Унда 2017 йилда амалга оширилган ишларнинг якуни, жумладан, халқ билан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини ўрганиш ва уларни самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилгани алоҳида таъкидланди.
Мурожаатномада 2018 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари келтирилган бўлиб, улар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ишлаб чиқилган ва уни амалга оширишга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб ном беришни таклиф этгани мамлакатмизда бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мурожаатномада кўпгина соҳаларда ўз ечимини кутаётган масалаларнинг мавжудлиги ҳамда тўлиқ ишга солинмаган салоҳият ҳақида алоҳида сўз юритилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Президентимиз вакиллик органлари фаолиятига холисона баҳо берар экан, ислоҳотларимиз самарасини оширишда сенатор ва депутатларнинг ўрни сезиларли даражада ошиши лозимлигига эътибор қаратди.
Хусусан, депутатларнинг нафақат назорат-таҳлил фаолияти, балки қонун ижодкорлиги фаолияти ҳам жойлардаги муаммоларни бартараф этишга йўналтирилиши лозим. Биз бу вазифани масъулиятни ҳис қилган ҳолда бажарамиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонамиз.
Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.