Мудофаа вазирлигида ҳарбий мобил инновацион тиббий марказ яратилди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ҳарбий мобил инновацион тиббий марказ яратилгани ҳақида хабар берди.

Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи мазкур ҳарбий мобил инновацион марказнинг афзаллиги шунда-ки, унда бир вақтнинг ўзида икки нафар оғир аҳволдаги беморга тиббий хизмат кўрсатиш, яна бир нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконияти мавжуд ва у ҳар қандай иқлим шароитида ишлашга мўлжалланган.

Мобил марказда жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганида жароҳатга инфексия тушишининг олдини олиш мақсадида махсус тўсиқ ва ичкаридаги ҳавони ташқарига чиқарувчи ҳаво филтири ўрнатилган. Шунингдек, бу ерда жарроҳлик лампаси устига камера жойлаштирилган бўлиб, бу орқали жойлардаги ҳарбий госпиталларнинг тажрибали мутахассислари жараённи бевосита онлайн тарзда кузатишлари, зарур ҳолда ўз тавсия ва маслаҳатларини беришлари мумкин.