Муҳаммадкарим Хуррамов Осиё-Океания чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди
Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида дзюдо бўйича Осиё-Океания чемпионатининг яккалик беллашувлари якунланди.
Катталар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлган -100 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Муҳаммадкарим Хуррамов мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Муҳаммадкарим ярим финалга қадар покистонлик Ҳусайн Шоҳни мағлуб этди. Бундан ташқари хитойлик Lu Guan Zhi ва австралиялик Ozcicek Takagi Kayhonлардан устун келди. Спортчимиз ярим финалда кореалик Won Jonghoonга имкониятни бой берди. Бронза медали учун кечган беллашувда покистонлик Ҳусайн Шоҳни мағлуб этиб, Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ютуқ орқали дзюдочимиз Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Муҳаммадкарим айни пайтда Самарқанд давлат университети Жисмоний маданият факультети талабаси. У Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати мураббийи Ўктам Раҳмонов қўл остида шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, Муҳаммадкарим Хуррамов жорий йилнинг 20 март куни Самарқанд шаҳрида “Наврўз” умумҳалқ байрами муносабати билан ўтказилган миллий кураш спорт мусобақасида мутлоқ вазн тоифасида бош соврин “NEXIA-3”ни қўлга киритганди.
Шунингдек, у 29-31 март кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича анъанавий “Гран-При” халқаро турнирида 52 давлатнинг 371 нафар спортчилари орасида муносиб иштирок этиб бронза медалига лойиқ топилган эди.