«Муносиб номзодга овоз бердим»
2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловларда 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаган депутатликка номзодлар учун бугун, 5 январь куни такрорий овоз бериш жараёни ўтказилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 56-Регистон, 57-Сўғдиёна, 67-Паст Дарғом сайлов округларида, шунингдек, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 1-Боғибаланд, 5-Сартепа, 22-Жўш, 45-Арабхона, 50-Дўстлик сайлов округларида такрорий овоз бериш қизғин давом этмоқда.
Мухбиримиз 56-Регистон сайлов округи ҳудудига қарашли Самарқанд шаҳридаги 18-сайлов участкасида бўлиб, бу ерда бўлаётган такрорий овоз бериш жараёни ҳақида қизиқди.
- Такрорий овоз бериш сайлов қонунчилиги талаблари асосида ўтказилмоқда, - дейди участка сайлов комиссияси раиси Баҳодир Қодиров. - Участкамизда овоз бериш учун Чўпонота ва Бунёд маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 2185 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Сайлов жараёнларида фуқароларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда ҳар бир сайловчини хабардор қилдик. Ўйлайманки, такрорий овоз бериш жараёнларида ҳам сайловчиларимиз фаол қатнашиб, ўз фуқаролик бурчларини намойиш этади. Ҳозиргача 200 нафарга яқин сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ўзлари муносиб кўрган икки номзоддан бирига овоз берди.
- Кўп йиллар кутубхоначи бўлиб ишлаб, нафақага чиққанман, - дейди Чўпонота маҳалласида яшовчи Зулфия Жуманиёзова. - Сайловларда кўп қатнашганман-у такрорий овоз бериш жараёнларида бугунгидек одамларнинг фаоллигини кўрмаганман. Мана, бизда ҳам бугунги такрорий овоз бериш жараёни кўтаринки кайфиятда, уюшқоқлик билан ўтмоқда. Мен фарзандларимиз таълим-тарбияси, келажаги, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлиши учун жон куйдирадиган номзодга овоз бердим.
А.Бўриев.