Муносиб номзодлар танланса, Кенгашлар олдига қўйилган вазифа тўла уддаланади
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари - аппарат раҳбари Илҳом БОТИРОВнинг газетамиз мухбири саволларига жавоблари
- Яқинда барча партиялар ярим йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиб, олдинда турган вазифаларини белгилаб олди. Ушбу таҳлиллардан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллий кенгашлардаги амалдаги депутатлар корпуси билан олдинда турган сайловларда кутилган натижага эриша оласизларми?
Умуман, бугун маҳаллий кенгашларда фаолият олиб бораётган депутатларнинг қанчаси ёки неча фоизи навбатдаги сайловларда номзодликка қўйилиши мумкин?
- Амалдаги йил мамлакат парламенти ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан ҳам сарҳисоб йили ҳисобланади. Бунда нафақат депутатлар фаолияти, балки барча соҳа ва йўналишларда 2014 йилдаги сайловолди дастуримизнинг ижроси, яъни бажарилиши сарҳисоби билан ҳам аҳамиятлидир.
Маҳаллий кенгашлардаги 200 нафардан зиёд депутатларимиз орасида ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари, яъни ҳокимлардан тортиб, тадбиркор, фермер, жамоат ташкилоти, таълим ва соІлиқни сақлаш, ўзини-ўзи бошқариш органлари вакилларигача турли касб ва лавозимда ишлайдиган сафдошларимиз бор. Улар фаолиятига кўмаклашиш мақсадида депутатлик фаолиятининг дастлабки давридан бошлаб, услубий ва амалий ёрдам кўр¬сатишга эътибор қаратиб келинмоқда.
Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан 2015 йилдан бугунги кунгача 2767 маротаба сайловчилар билан сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилди. Учрашувда 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан саккиз мингдан ортиқ муаммолар ижобий ҳал этилиб, қолган муаммолар бошқа тегишли ташкилот ва муассасаларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинган. 4336 та депутат сўровлари чиқарилган.
Кенгашларимиз қошидаги депутатликка номзодларни ўрганиш ва тавсия этиш бўйича комиссия томонидан нафақат амалдаги депутатлар, балки ўз ҳудудида обрў-эътибор қозонган, маълумотли, ташаббускор ва фидойи шахслар орасидан энг муносибларини депутатликка тавсия этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
- Шу ўринда бир нарсага ойдинлик киритиб кетсангиз: маҳаллий кенгашларга бўлгани каби Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам номзодлар ҳудудлардан, қайсики, сиёсий партияларнинг ҳудудий бўлимлари томонидан кўрсатилади. Номзодлар марказий кенгашлар билан келишиладими ёки марказий кенгаш томонидан тавсия қилинган номзодлар кўрсатиладими?
- Албатта, ўз ҳудудидаги сайлов округларига номзодлар сиёсий партияларнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўрганилиб, тавсия этилади. Улар тавсия қилган номзодлар вилоят кенгашидаги комиссия томонидан ўрганилади ва партия юқори органи - сиёсий кенгаш ижроия қўмитасига тавсия этилади. Партия низомига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партия юқори органи, яъни партия съездида кўрсатилади.
- 2020 йилдан маҳаллий Кенгашларнинг 30-40 фоиз депутати маош олиб ишлаши, яъни Кенгаш ижроия ҳокимиятидан тўла мустақил бўлиши чоралари кўрилмоқда. Бу янги масъулият ва вазифаларни депутатларимиз удда қилиша олармикан? Ҳар ҳолда, Кенгаш раиси - ҳоким айтган гапни тўлиқ тасдиқлаб ўрганган кишиларнинг аксарияти яна депутат бўлади.
- Бўлажак депутатларга жамиятимизда қўйилаётган талаблар тобора ошиб бораётгани, партияларга ҳам депутатликка номзодларга ҳам, ушбу жараёнга тайёр бўлишни тақозо этади. Кенгашларнинг ижро ҳокимиятидан мустақил бўлиши ва депутатларнинг ижро органи билан муносабатлари янги босқичга чиқиши борасидаги ўзгаришлар ҳам ижро органи, ҳам кенгаш фаолиятида муҳим ислоҳотлар бўлишидан далолат.
Шу пайтга қадар ҳоким бошқарган Кенгашнинг ижро ҳокимиятидан мустақил ҳолда кўплаб ваколатларга эга бўлиши, вазифага масъулият масаласида депутатларга катта ишонч билдирилишини англатади. Шу боис бўлажак депутатлар Кенгаш ва ижро органи ваколат ва вазифаларини яхши биладиган шахслар ҳисобига шакллантирилиши, номзодларни танлашда муҳим мезонга айланади.
Ё.ГАДОЕВ суҳбатлашди.