Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мурожаат қилдим, балога қолдим(ми?)

Жорий йилнинг 19 май куни бўлиб ўтган вилоят телерадиокомпаниясининг "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Нарпай тумани ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига 43 нафар фуқародан турли масалаларда 48 та мурожаат йўлланганди. Хўш, ўтган вақт давомида мурожаатларнинг қанчаси ўрганилди ва қай йўсинда ечим топилди? 

Мулоқот давомидаги мурожаатлар таҳлил қилинганда фуқаролар ўзларини қийнаётган 15 дан ортиқ масала юзасидан саволлар йўллаган. Уларнинг энг кўпи иш масаласида (11 та), йўлларни таъмирлаш (4), тоза ичимлик суви тармоғини тортиш (5), кадастр ҳужжатлари тайёрлаш (3 та) ва бошқа масалаларда бўлди. Маълумот учун айтадиган бўлсак, январь ойидаги мулоқотда мурожаатларнинг аксарияти бандлик масаласида (12 та) бўлганди ва туман мутасаддилари бу масалани ижобий ҳал этишга ваъда беришганди. Аммо кўриниб турибдики, ваъда фақат кўрсатув тугагунча бўлган.

Зирабулоқ маҳалласида яшовчи Ободжон Норқулов олий маълумотли бўлса-да, иш тополмаётганини айтиб, ёрдам сўраб мурожаат қилган.

- Тошкент молия институтини битирганман ва бир неча йил молия муассасасида ишладим, кейин ходимларни қисқартириш туфайли ишдан бўшашимга тўғри келди, - дейди О.Норқулов. - Шундан сўнг бир неча бор туман бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилдим, аммо иш тополмадим. Шу туфайли "Очиқ мулоқот" кўрсатувига иш топишимда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилдим. Улар корхоналарда мавжуд бўш иш ўринларини ўрганиб чиқиб, тумандаги "Комета галилео" хусусий корхонасига ходим сифатида ишга жойлашишимга кўмаклашди.

Оқтош маҳалласида кўп йилдирки аҳоли тоза ичимлик суви йўқлигидан азият чекади. Мансур Раҳимов шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган.

- Йиллар давомида кўп жойларга мурожаат қилдик, аммо ҳар сафар маҳаллага ичимлик сув тармоғи тортишни кейинги йил дастурга киритамиз, деган жавобни оламиз, кейинги йил эса яна ўша баҳона, - дейди М.Раҳмонов. - Ҳозир аҳоли истеъмол қилаётган сув ичишга яроқсиз. Лекин ҳокимлик мутасаддилари турли ваъдалар билан тушунтириш хати ёздириб олишди ва масала ҳал этилди қабилида ҳисобот беришган. Аслида туман раҳбарлари мурожаатни ёпишни эмас, аҳолининг саломатлигини асраш, тоза ичимлик суви келтириш, йўлларни таъмирлашни, фуқароларга қулайлик яратишни ўйлаши керак эмасми?

Ушбу мурожаатнинг мақсадидан ҳам кўриниб турибдики, маҳаллага тоза ичимлик суви келтиришда ёрдам сўралган, аммо туман ҳокимлиги йиллар давомида ҳал этилмаган масалани икки ойда қандай ижобий ҳал этиб, қаноатлантирилди, қабилида ҳисобот топширган?

Туман марказида яшовчи Фарҳод Абдураҳмонов Тортувли-Оқтош йўлининг ёмонлиги аҳолига қийинчилик туғдираётганини билдирган. Ф.Абдураҳмоновнинг айтишича, масъул ходимлар келиб бу йўл 2020 йилги дастурга киритилгани ва кейинги йил таъмирлашни ваъда қилиб, тушунтириш хатлари олиб кетишган. Бу ваъда ҳам қоғозда қолиб кетмаса бўлгани.

Нарпай туман ҳокимлигига йўлланган мурожаатларнинг қаноатлантирилганини ўрганар эканмиз, уларнинг аксарияти "Кейинги йил дастурига киритилди", "Жамоатчилик асосида ишга олинди", "Тушунтириш берилди" мазмунидаги жавоблардан иборатлигини кўрдик. Бу ҳаракат билан мутасаддилар аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларни қийнаётган масалаларни имкон қадар бартараф этишга эмас, аксинча фуқародан розилик хати олиш ва мурожаатни ёпишга эътибор қаратган. Аслида мурожаатларнинг ҳар бири туман ҳокимлиги учун туман олдида турган муаммоларни кўрсатиб берувчи кўзгу, келгуси режалари учун дастур бўлиши керак эмасми?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

"Зарафшон" мухбири.