Мурожаатдан пул қилмоқчи бўлаётган мутасаддилар ёки Бош вазир ўринбосари қабулига кимлар кириши мумкин?

10,5 гектар ерда 2006 йилдан буён фермер хўжалиги раҳбари эдим. 2020 йилда оптимизация туфайли хўжалигим ерлари кенгайтирилиб, қайта тендер ўтказилди.

Аммо тендерда ўғлимнинг олий маълумоти ҳақидаги дипломи ва трактор-машинисти гувоҳномаси эътиборга олинмади. Оқибатда ер Д.Санақуловга ўтиб кетди.

Улар бизни ер майдонига киритмай қўйгач, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилдим.

Адлия бошқармаси мурожаатимни туман прокуратурасига ўтказиб юборди. Улардан 3 апрель куни туман ҳокимининг қарори бекор қилинганлиги, ерлар захирага олиниб, қайта тендер ўтказилиши ҳақида хат олдим.

Аммо қачон тендер бўлади, ер захирага олинганига асос борми?

Саволларимга жавоб йўқ. Туман мутасаддиларидан кўнглим қолди, вилоятдан ҳам умидимни уздим. Шу боис ижтимоий тармоқларда Бош вазир ўринбосари Самарқандга келгани ва тадбиркорларни қабул қилишини эшитиб, "Ёшлар маркази"га бордик.

Афсуски, бу ерда яна бир бюрократга дуч келдик. Аввалига рўйхатга олишни хоҳламаган эшик оғалари, бир мутасаддига учраштирди. У "Вилоят савдо-саноат палатасига аъзо бўлсаларинг ва 245 минг сўм тўласаларинг қабулга киришларинг мумкин", деди.

Ҳайрон қолганим, мутасаддилар қачондан бери одамларни пул тўлатиб, қабул қиладиган бўлди? Арзимизни эшитадиган одам наҳот вилоятда топилмаса, ахир ёрдам сўрамаяпмиз, адолат истаяпмиз, холос.

Фароғат Қаюмова,

Тойлоқ тумани.