Мутолаа: Ҳомийни қандай топдим?
Воқеий ҳикоя, 3-қисм. Ечим Исматулла Йўлдошев
Эрталаб соат 7:00 ларда ювиниб, нонушта қилиб ўтирсам палатамга Бахтибей ва унинг курсдоши - кўп йиллар бир нечта штатларда ҳуқуқ соҳасининг бошлиғи бўлиб ишлаган Улфатбей кириб келди.
Улфатбей жуда яхши одам, уни яхши танийман, бирга бир қанча ишлар қилганмиз. У ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолат бўйича ишдан кетган эди.
Меҳмонларни ўтиришга таклиф қилдим, ҳол-аҳвол сўрашиб, Азимбей масаласида, низони тинч йўл билан ҳал қилиш ҳақида гаплашдик. Маълум бўлишича, Бахтибей ведиоёзувларни кўргач оғир аҳволга тушиб қолган. У жуда мағрур, ҳеч кимни тан олмай мансаб кўприкларидан кимларнингдир ёрдами билан ўтиб келган бўлса-да, бу сафар жуда тушкунликка тушган эди. Чунки "юқори"даги у ишонган одамларнинг ҳам тагига сув кетган эди. У дон маҳсулотлари компанияси бўйича ҳолатлар юз фоиз тўғрилиги, баъзи кўча одамларининг гапига учиб шу ҳолатлар содир бўлганлиги, буни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш лозимлиги, кейинги вақтда соғлиги ҳам яхши эмаслиги ҳақида гапириб, бироз кўз ёши қилди ва иқрорлик билдирди. Ишлаб юрган вақтлари ҳам кимларнидир гапларига кириб, қўл остидаги яхши ходимларга азоб берганлигигача тўлиқ иқрор бўлди.
Вазиятни юмшатиш учун дон маҳсулотлари компанияси бошлиқларидан бири - Азимбей кўп йиллар азоб чекиб, камомадни ёпиш учун қарз кўтариб, оғир аҳволда қолганлигини тушунтирдим. Шундан кейин Азимбейнинг синфдош дўсти, маҳалладоши, сирдоши "уста"га сим қоқиб, форс тилида Азимбейнинг қарзларини тўлайдиган одам чиққанлиги, шуни тўлагандан кейин даъволардан воз кечишга ҳужжат беришини сўрадим.
Биз қўнғироқни кутдик, орадан бир соатлар ўтиб "уста"дан қўнғироқ бўлди. Азимбей шартга рози бўлиб, олган қарзи миқдорини айтибди. Бахтибей бу маблағни тўлиқ тўлашга розилик бериб, "уста"нинг телефонини "шотир"ларига ёзиб бериб, тез бориб учрашишни тайинланди.
Шу куни кечки пайт соат 23:00 ларда палатамга Бахтибей Улфатбей билан кириб келди. Уларнинг кайфияти яхши эди. Менга ишлар ҳал бўлганлиги, тилхат ва ҳужжатлар олинганлигини айтиб, папкани олдимга қўйди. Тилхатга кўз югуртирдим, ҳолат мен айтгандай бўлганди. Келтирилган зарар суммасини олганлиги, даъвоси йўқлиги гувоҳлар иштирокида ёзилиб, маҳалланинг муҳри билан тасдиқланган эди.
Энди асосий масала мендаги ёзувларни ўчириш қолган эди. Мен ёзувларни ўчиришдан олдин бир-иккита савол билан Бахтибейга мурожаат қилдим:
- Мен тинимсиз оғир жиноят "иш"ларини кечаю кундуз дам олмасдан, таътилга чиқмасдан ишлаганим туфайли соғлигимни йўқотиб, ўнг кўзим хиралашиб қолганлиги, шу туфайли шифокорлар хулосасига кўра зудлик билан чет элда жарроҳлик амалиёти ўтказиш, акс ҳолда кўздан айрилиб қолишлигим ҳақида "билдирги" билан бир неча марта мурожаат қилганимда жамоатчи ёрдамчи Ўткирбий Эркинбий ўғлини ишга олишни юқори билан келишиб, мени кетишим ҳақида ариза ёзишни ташкил қилдингиз.
Оқибатда юқори турувчи органнинг штатимизнинг назорат қилувчи Ашурбей исмли ходим чет элда даволанишга рухсат йўқлигини, фақат ишдан бўшашга ариза ёзиб кетишим мумкинлиги ҳақида айтди. Кейинчалик бошқалар орқали Ашурбейнинг бу жавобини текшириб кўрсам, у сиз билан келишувга асосан шу гапни айтган экан.
Бундан ташқари, ишлаб юрганингизда ҳеч бир сабабсиз айбсиз ходимларни узоқ туманларга “сургун қилар” эдингиз. Бунинг сабабларини айта оласизми? - дедим.
Бахтибей ҳақиқатан шундай бўлганлигини, Ашурбей ўзига тегишли Ўткирбийни ишга олишни бир неча ойдан буён илтимос қилиб, ҳоли-жонига қўймасдан келаётгани учун мен билан шундай йўл тутганига иқрорлик билдирди.
Айбсиз ходимларга нисбатан жазо тайинлаб, чекка ҳудудларга жўнатганини ҳам тан олиб, кеч бўлса-да кўзи очилганлиги, улардан кечирим сўрашга тайёр эканлигини билдирди. Айни пайтда соғлиги яхши эмаслиги, Исроил давлатида юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказиши, пул, мансаб соғлиқ олдида ҳеч нарса эмаслигини айтиб, кўзига ёш олди...
Бахтибейга ёрдам бериш кераклигини идрок қилиб, телефонимдаги видео ва аудио ёзувни Улфатбейга кўрсатиб, ўчириб ташладим. Ҳаммасига яхшилик билан нуқта қўйилган эди...
Улар чиқиб кетгач, орадан йигирма дақиқалар ўтиб, Улфатбей қайтиб келди. Қўлида, елим халтачада нимадир бор эди. Шу халтачани арзимас совға эканлигини айтиб, менга тутқазмоқчи бўлди. Дарҳол рад қилдим, “бу нима?”, деган саволимга уч тахлам "жингалак сочли бобой сурати туширилган пул" эканлигини айтди.
Мамлакатимизнинг шарқий штатларидан бир аёл киши интернетда эри Урусияда мардикорликда дарахт тагида қолиб, ҳалок бўлганлиги, ўн икки ёшли қизи автомашина уриб кетиши оқибатида юролмай қолганлиги учун Германияга олиб бориб даволашда моддий ёрдамга муҳтожлиги ҳақида айтиб бердим. Менга совға қилаётган пулни шу аёлнинг ҳисоб рақамига, савоб учун ўтказишни илтимос қилдим. Ва муштипар аёлнинг интернетдаги эълонини унинг телефонига юбордим. Улфатбей рози бўлиб, чиқиб кетди.
Шу куни яхши ухладим, яхши тушлар кўрдим. Эртаси куни соғлигим ҳам анча тетиклашганини ҳис қилдим. Тонгда менга “аталган” пуллар айтган ҳисоб рақамига жўнатилганлиги ҳақида СМС хабар олдим. Бироздан сўнг Улфатбей телефон қилиб, Бахтибей икки кундан кейин Исроил давлатига жарроҳлик амалиёти учун учиб кетишини айтди. Илоҳим, шифо топиб, оиласи бағрига эсон-омон қайтсин, деб дуо қилдим...
Бахтибей Исроилдан омон қайтди, бироқ саккиз ойлардан кейин тасодифий юрак хуружидан оламдан ўтди. Жуда кўп пул, бойликлар, серҳашам, шоҳона иморатлар ёрдам бермади...