Мутолаа: Кечиккан хат. Ҳикоя

Жек Ричи

Йигитлар адашди. Улар Харли Пендлтонни илиб кетдик, деб ўйлашди. Биз ҳақиқатан у билан бир-биримизга ўхшаймиз, фақат у “Пендлтон Аэросани”  компаниясининг эгаси, мен эса шунчаки унинг ишчисиман.

Бу гап душанба куни тушга яқин бўлиб ўтди, жаноб Пендлтон кабинетининг эшигини очиб, қабулхонани кўздан кечирди ва у ерда фақат бир одам, яъни каминага кўзи тушди.

У менга машина калитини ирғитди ва:

- Уилбер, машинамга ёқилғи қуйдиринг, ёғ даражаси ва шиналардаги босимни ҳам текширтиринг. Кечқурун Мэдисонга бораман, вақтим йўқроқ...

- Хўп бўлади, сэр, - дедим ва пальтомни елкамга ташлаб, пастга тушдим. 

Автотураргоҳда ёниб турган “Пендлтон” белгиси гўё дунёни ёритарди. Мен бошлиғимнинг “Линкольн”ига яқинлашдим.

Калитни қулфга киритишга улгурмасдан, орқамга оч яшил рангли “Седан” келиб турди ва ундан икки йигит сакраб тушди. Улар мени маҳкам тутиб, машинасининг орқа ўриндиғи полига тақаб тиқиштириб қўйишди.

- Нималар бўляпти?.. Бу ўғирликми? – тинчлана олмасдим.

- Худди шундай, мистер.

Мен кула бошладим.

- Унда сизлар янглишибсиз. Менинг исмим Уилбер. Уилбер Кроуфорд! Тушунишимча, сизга мистер Пендлтон керак.

- Оғзингни ёп, - деди лоқайдсизлик билан улардан бири.

Мен яна қўшиғимни бошладим, лекин қовурғаларимга урилган зарба тақдирга бўйсунишга мажбур қилди.

Автомобиль полида ётган одам учун ҳар қандай саёҳат чексиз бўлиб туюларкан. Тахминимга кўра, шиналари шағал устида урилган машина тўхташидан олдин камида икки соат юрди.

Йўл-йўлакай мени ўғирлаган кишиларнинг суҳбатидан ҳайдовчининг исми Макс ва мен томонда ўтирган йигит Кларенс эканлигини билиб олдим.

Ниҳоят у оёқларини ёнимдан тортиб олди.

- Чиқ, келдик.

- Биз бир ғарибгина қишлоқда жойлашган ферма олдида эдик. Мен пайт пойлаб астагина қочмоқчи бўлдим, аммо Кларенс тирсагимдан маҳкам ушлаб, уй ичига итариб юборди. У ерда ҳам мен аниқлик киритишга ҳаракат қилдим.

- Менинг исмим Уилбер Кроуфорд, ҳеч қанақа Пендлтон эмасман. Унинг фирмасида ишлайман.

- Хўш-хўш, - деди Кларенс ўзини жинниларча тутиб. – Ҳа, ҳақиқат!

У мени иккинчи қаватга етаклаб олиб чиқди ва торгина ётоқхонага итариб юборди. Қулфнинг шарақлаган овози эшитилди ва мен ёлғиз қолдим. Дераза мустаҳкам панжара билан ўралган эди. Афтидан улар ҳамма нарсани олдиндан режалаштирган.

Уй олдида турган машинага разм солдим. У ўғирланганмикин? Йўқ-йўқ, ўғирланган машинада икки соатдан кўпроқ вақт давомида гаровга олинган одам билан юриш жуда хавфли бўлса керак. Эҳтимол, машина ушбу безориларнинг бирига тегишлидир, рақамини эслаб қолишим керак, деган фикр келди хаёлимга.

Атрофга синчиклаб қарадим, полда вентиляция панжарасини кўрдим-да, тўрт оёқлаб пастга чўкдим. Макс ва Кларенс пастда меҳмонхонада телевизор томоша қилишарди.

“...Бугун тушга яқин Уилбер Кроуфорд “Аэросани Пендлтон“  заводининг автомобиль тўхташ жойидан ўғирлаб кетилди. Икки киши машина билан олиб кетаётганини кўрган гувоҳ узоқроқда бўлганлиги сабабли машина рақамини кўра олмаган. Унинг айтишича, машина сўнгги русумдаги яшил “Седан” бўлган. Полиция ўғрилар адашиб фирма президенти Харли Пендлтон ўрнига Кроуфорд олиб кетилган деб гумон қилмоқда... ”

Кларенс сўкиниб ўрнидан туриб кетди. Унинг зинапоядаги қадамларини эшитдим. Эшикни очиб, у менга тикилиб қолди.

- Сен ростданам Харли Пендлтонмасмисан?

- Сизларга айтдим-ку ахир?

У мени ёмон нигоҳ билан ўлчади.

- Демак, биз сен учун бир цент ҳам ололмас эканмизда.

- Кўрдингизми, - табассум қилдим мен. – Энди мени қўйиб юборсаларингиз ҳам бўлади.

Кларенс ўйланиб қолди.

- Нега энди сени қўйворишимиз керак экан?

Томоғим бўғилгандай бўлиб, йўтала бошладим. Вақт чўзишим керак эди.

- Умуман олганда, мен сизга бир оз фойда келтиришим мумкин. Мўмай даромад.  Пендлтонга хат юборинг. Тўлов хати.

- Нима? Сен учун икки юз минг доллар тўлармиди? Оддий ишчи учун-а?

- Албатта тўлайди! У газетачилардан қўрқади. Агар у мени тақдиримга бефарқ бўлиб қолса, улар нима ёзишини тасаввур қила оласизми? У одам эмас, ҳайвон, деб ёзишади. Ўйлаб кўринг,  унга бунақа реклама керакми? Агар у бу икки юз мингни берса, одамлар уни қаҳрамон деб билишадику.

- Гапингда жон бор, - ўйланиб қолди Кларенс. 

Мен ғайрат билан бош ирғидим.

- Бу аниқ. Ахир бутун Америка унинг қорюрар  автомобилларини сотиб олишни бошлайди. У ишлаб чиқаришни кенгайтиради. Пул унга дарё каби оқиб келади...

- Бўпти, хаёлга берилма! – ўкирди Кларенс.

 У мени пастга олиб тушди ва қўлимга ручка билан қоғоз тутқазди. – Айтганларимни ёз: “Улар мендан икки юз минг доллар талаб қилишяпти. Пулларни ёпиқ банк ҳисоб-рақамига ўтказиб беринг. Муддат бир ҳафта”.

Конверт устига манзилни ёзиб, марка ёпиштирдим, шундан сўнг Кларенс мени яна юқорига кузатиб қўйди. Энди мени ўлдиришмайди, деб умид қилсам бўлади. Яна бир хат ёзиш керак бўлиш эҳтимоли бўлиб қолса-чи?

Душанба, сешанба, чоршанба кунлари ўтиб, пайшанба эрталаб хат белгиланган жойга етиб бормаганлиги тўғрисида ташвишлана бошладим.

Ўша куни соат иккиларда деразадан, уйдан ярим чақирим узоқликда келиб тўхтаган машиналарни кўриб қолдим. Улардан галалашиб тушган одамлар дала бўйлаб тарқалиб кетишди ва фермага билинтирмасдан яқинлаша бошлади.

Мен вентиляцион туйнукка энгашдим, Макс ва Кларенс ҳамон телевизор кўриб ўтирарди. Хонага полициячилар югуриб кириб келди. Ғафлатда қолган ўғрилар дарҳол таслим бўлишди.

Пастга тушганимда Кларенс бўлаётган ҳодисаларга ҳайрон бўлганини яширмасдан катта полициячига қараб баралла овозда сўради:

- Қандай қилиб бизни топдиларинг?

У эса жилмайиб қўйди:

- Конверт орқали. Почта индекси нотўғри ёзилган эди ва хат ушланиб қолди. Индекс шу қадар ахмоқона ёзилган эдики, биз мистер Кроуфорд бизга бирор бир муҳим масалани, масалан, машина рақамини айтмоқчи бўлгани тўғрисида ўйладик. Шундай ҳам бўлиб чиқди. Биз рақамни текширдик ва ушбу оч яшил “Седан” кимга тегишли эканини билиб олдик.

Макс Кларенсга бадқовоқлик билан қаради:

- Қандай қилиб менинг машинам рақами ёзилган хатни юбординг?

Кларенс елка қисди:

- Бу лаънатли рақамни ёддан билишим шартмиди?

Ишхонада мени қаҳрамон сифатида кутиб олишди. Кейинги душанба куни жаноб Пендлтон кабинети эшигини очиб, атрофга қаради ва мендан бошқа ҳеч кимни кўрмай, машина калитини ташлади ва:

- Уилбер, машинамга ёқилғи қуйдиринг, ёғ даражаси ва шиналардаги босимни ҳам текширтиринг. Кечқурун Мэдисонга бораман, вақтим йўқроқ! 

Лекин бу сафар мени ҳеч ким ўғирлаб кетмади. 

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.