Мутолаа: Нима қаёққа кетадир? Фельетон

Абдулла Қодирий

Ишчининг топқани хўжайиннинг халтасиға кетади.

Совдагарнинг топқани ўғул тўйисиға кетади.

Тошканд кўнчиларининг топқани қишлиқ тўкма билан ёзлиқ гапка кетади.

Қиморбознинг топқани гарткам* билан тўртта ошиққа кетади.

Беданабознинг топқани тариққа кетади.

Муриднинг топқани эшонга кетади.

Эшоннинг топқани саккизта хотунға кетади.

Хотунларнинг топқанлари иссиқ-совуқчи домлаға кетади.

Бойбаччанинг топқани «Турквино»*- билан баришнахонларға кетади.

Ёшларнинг топқанлари упа-элик билан ўсма-сурмаларга кетади.

Эски шаҳар исполқўмининг топқани ҳар хил юқори шефстволарга кетади.

Вақф шўъбасининг* топқани идорасини бежаш учун қип-қизил гиламларга кетади.

Бўрининг топқани тулкига кетади.

«Муштум»нинг топқани туркистонликларнинг тумшуғига кетади.

Ушбуларнинг ўқуган кишининг дами - дамбалиға* кетади!

Бизнинг топқанимиз аччиқ-тизиққа кетади! - деб мулла Жулқунбой ёздилар.

«Муштум»: ёзғанларингизнинг ҳаммаси ҳам ҳавога кетадур! - деб биз ҳам муҳримизни босдиқ.

(«Муштум» - 1923 йил, 3-сон)

 

*Гардкам - ўртага тикилган нарсанинг ҳаммасига ўйналганда айтиладиган сўз.

*«Турквино» - Ўша пайтда «Турквино» номли Туркистон Давлат трести бошқармаси турли хил вино ичимликлари чиқарган.

*Вақф шўъбаси - вақф ерлар инқилобидан сўнг маъориф ихтиёрига берилиб, даромади  мактаб ва маъориф эҳтиёжларига сарфланган.

*Дамбал - иштон

***

Бугун, 10 апрель – ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Қодирий (Жулқунбой) таваллуд топган кун. 1894 йилда Тошкент шаҳрида туғилди.

Бўлғуси адибнинг илк ижоди 1913—1914 йилларда бошланган. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй» (1914-1915) каби шеърлари «Оина» журналида босилиб чиққан эди. У ўз миллатини маърифатга чақиради, маърифатпарвар шоир ва адиб сифатида майдонга чиқади. «Бахтсиз куёв» (1915) номли фожиаси, «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ҳам ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

Абдулла Қодирий 1923 йилда “Муштум” журналига асос солади, 1924 йилда Москва журналистлар институтида таҳсил олади. 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришади. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этилади. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб» бўлиб нашр этилади.

1928 йил ёзувчининг иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқади.

Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрида қамоққа олинади. 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отилади.