Мутолаа: Умр савдоси. Ҳикоя
Ҳулкар Тўйманова
- Сен бола, мени шармандайи-шармисор қилдинг. Бутун қишлоқ устимдан куляпти, бунга сен сабабчисан! Нима қип қўйганингни биласанми ўзи?
- ....
- Ҳей, сенга шу қиз ёқмаган бўлса, нон синдирмасдан аввал айтмайсанми? Биз онанг билан шунча сарф-харажат қилиб, фотиҳа тўйини ўтказмасийдик, аҳмоқ!
- Бошида ёққандай бўлувди, дада.
- Кейин-чи, кейин?
- Битта учрашув ҳеч нарсани ҳал қилмайди-ку, ўзларингиз шоширдингизлар.
- Шошириб нима, кўр, гаплаш, дедик, нима, хато қипмизми? Юрагинг “жиз” этганмиди ўзи? Нимаси ёқмаяпти, ҳайронман-ей. Бўй-басти бор, ҳусни жойида, ўқиётган бўлса.
- Гап унда эмас, дада.
- Нимада бўлмаса, айт, дардингни!
- Шунчаки, у қиз оиламизга тўғри кемийди!
- Эй, бола, мен у қизнинг отаси билан қирқ йиллик қадрдонман! Бир дастурхонда нон-туз едим, синашталигимиз бор, нима деган одам бўлдим? Фалончининг боласи фотиҳасини бузибди, деган гапни кўтариб юриш осонми, ахир?
- Қўйинг, сиқилманг, дадаси.
Ота-боланинг баҳс-мунозарасига она қўшилди. Бир ой аввал унаштирилган ўғилни нима жин урди, билиш қийин. Кўпни кўриб, эл ичида юрган Султонали муаллим бу ишкаллик сабабини тушуна олмай гаранг. Тўнғичи Исломбекка неча йиллик дўсту биродари Қудратилланинг попукдеккина қизини аввалдан мўлжаллаб юрарди. Борди-келди, ошна-оғайнигарчилик туфайли Қудратилланинг оилавий муҳити Султоналига кундек равшан бўлиб, ёшлар тақдири бир-бирига қўшилса, дуппа-дуруст оила қурилишига ишонарди. Аввалдан бунга имо-ишора қилиб юргани учунми, кенжа қизини келинликка сўраб боришса, Қудратилланинг аёли рад этмабди. Эри хотинига қаршилик қилмас. Иккинчи марта совчиликка боришганида, дарровгина розилик аломати билдирилди. Йигит-қизнинг учрашуви, таомилга мувофиқ, фотиҳа тўйидан бир ҳафта аввал белгиланиб, томонлар қарори ота-оналарга билдирилгач, йигит тарафнинг тугуни, сарпо-суруғи қизникига, қиз тарафнинг патнис-матниси Султоналиникига жўнатилиб, яхши ниятда қуда-андачилик бошланишига дуо ўқилди. Қудалар бир-бирига тўн кийдиришди. Мана энди, “Қудачилик - минг йилчилик” дея ўқилган дуою ниятлар осмонга учдими?
- Исломжон, нима бўлди ўзи сенга, мундоқ ичингдагини чиқарсанг-чи, ахир ота-онангмиз-ку! Гапирсанг-чи, болам, нима бўлди ўзи? Ёки Рухсора ҳақида ёмон гап эшитдингми? Одамларнинг ҳамма гапи ҳам тўғримас, ахир!
Хотинининг гапига Султоналининг баттар жазаваси қўзиди:
- Э, индама, бу нонкўрга, фойдаси йўқ. Бизни позор қилди. Қанча нарсага “чув” тушдик? Ҳисобласак, камида беш миллион сўмлик чиқим!
- Қайтариб берар, дадаси!
- Ҳей, эшакмия, одамлар еб-ичган нарсани қандай қилиб қайтаради? Қудратилла фотиҳа тўйига оборган нарсамизни битта ўзи егани йўқ-ку. Бутун қишлоққа ош берди, дастурхон ёзди! Тўй харажатларини қайтар дейишга сен уялмасанг, мен бунга ор қиламан.
Хотини масалани бир томонлама ўйлаб, “қовун туширгани”ни сезди. Аттанг, боласи қуриб кетгурнинг тасодифан тўнини тескари кийиб олганидан ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди-я. Барчиной ўзини ҳам, эрини ҳам довдиратиб қўйган Исломбекка “Бу нима қилганинг ўзи?” дегандек дарғазаб боқди.
Султонали нонуштага қайрилиб ҳам қарамади, нони бўкиб турган ширчой хотинига насиб қилди. Эри эгнига эски костюмини ташлаб чиқиб кетар экан, Барчиной “юмшатиш”га уринди:
- Бургага аччиқ қилиб кўрпани ёқманг, дадаси. Фотиҳаси бузилган битта бизнинг боламиз эмас-ку?! Демак, тақдирига бу қиз битилмаган, пешонасида борини кўради энди, намунча?
- Эй, сенам, болангам бир гўрсан! - Султонали қўлини силтаб дарвозани “тарақ” этиб ёпди.
Барчиной чўчиш маъносида қўлини оғзига олиб борди-да, ортига қайтди. Нималар бўляпти ўзи, турган-битгани жумбоқ. Сўрида чой ичиб ўтирган Исломбек укаси Афзалга “Ҳали бу машмашалар сенинг бошингга ҳам тушади”, дегандек маъноли қараб қўйди. Нима бўлса бўлди энди, умр савдоси деб қўйишибди буни. Балки куёв бўлмиш тўғри қилаётгандир? Етти ўлчаб бир кесилмаса, пойдевори пухта қўйилмаса, оила оила бўлармиди? Ҳозирдан бир-бирига юлдузи мос тушмаган ёшларни қовуштириб, умрбод афсус-надомат чеккандан кўра, иссиғи борида бўлғуси куёвга қарши бормай, фотиҳани бекор қилиш ҳам яхшидир балки.
Султоналининг ичини ит тирнар, бошига тушган мушкулотнинг ечимини топа олмасди. Муаллим ёлғизоёқ йўлдан жадаллаб кетар экан, рўпарасидан Қудратилла чиқиб қоладигандек, ўнгу сўлига қараб қўярди. Ўз фикрида собит тура олмаган ўғли туфайли юзи шувут бўлди, бундан ортиқ шармандагарчилик борми? Бу ташаббус қиз томондан чиқса, бошқа гап. Аммо ўғил тарафнинг қиздан “айниши” ҳар қалай хунук иш. Султонали уч кундан бери ўзига келолмайди, боласини “аҳмоқ”, “номард” дегани билан у ҳам ўзича ҳақ, кўзи очиқ, ўқиган, шаҳар кўрган йигит, нуфузли идоранинг масъул ходими. Бўлғуси оила бошлиғининг ўз қаричи бор, аммо шу сир-синоат нимада, Султонали ўйлаб ўйининг тагига етолмасди.
Ориф ҳожи отанинг йил ошига эл қатори кириб, дуойи фотиҳа қилиб чиққан Султонали дарвоза олдида қуда бўлмиш Қудратиллага дуч келиб қолди. Аксига олганини қаранг, кўрмагани маъқулмиди? Ҳар қалай ўғли билан очиқроқ гаплашиб, аҳди ўзгаришига нима сабаб бўлганини аниқлаб олса ҳам, бошқа гап. Шу ҳолатда унга нима дейди? Султонали қадрдони билан ноилож қўл бериб кўришди-ю, гуноҳ иш қилгандек кўзини олиб қочди. Унинг ўнғайсизланаётганини сезган дўсти секингина:
- Қўявер Султон, ёшлар бир-бирини хоҳламаса, мажбурлашга не ҳожат? Ахир, “умр савдоси” деб қўйишибди. Эр-хотин бўлиб, жиқиллашиб юргандан кўра ҳозирнинг ўзида этагимизни йиғиштириб олганимиз дурустдир балки, дейишгандир! - деди биров эшитиб, биров эшитмайдиган оҳангда.
Султонали бошини норози қимирлатди, бундан “Айб менинг ношуд боламда” деган маъно англашиларди. Ҳар ким ўз кўнглидан ўтганини ўзи билади. Уларнинг устидан мағзава ағдаргиси келмаётган Қудратиллага ҳам балли лекин! Унинг ўрнида бошқа одам бўлса, нима гап, нима сўз, биздан нима айб ўтди, фотиҳаси бузилган қизимнинг шаъни нима бўлади, йиллаб йиққан обрўйимни пучга чиқардинг, деб унинг ёқасидан олмасмиди?
- Билмадим, жўра. Бу болани нима жин урди, сира ўйимнинг тагига етолмаяпман. Жинни бўлиб қолмасам гўрга эди! Балки ҳали қарори ўзгариб қолар, шошмайлик, дўстим! - Султонали кўп йиллик қадрдони билан муносабати кескин тус олмаслигини чин дилдан истаб, вазиятни енгиллатишга уринди.
Маъракага келиб-кетувчилар бири кириб, бири чиқар, нафсиламбрини айтганда, орасидан қил ўтмайдиган икки қалин дўстнинг муносабатларига дарз кетадими, кетмайдими, бу ҳеч кимни қизиқтирмасди. Қолаверса, элнинг ичида бир-бири билан ит-мушук бўлиб юрган қуда-андалар йўқ дейсизми? Бири иккинчисига ғишт қолипидек мос тушган қудаларнинг ўзи йўқ.
Султонали Қудратилла билан илиққина хайрлашиб, шерикларига эргашиб, дарвозадан чиқди. Ишга бормаса бормас, куннинг биринчи ярмида дарси йўқ, яхшиси ўғли Исломжон билан бафуржа гаплашиб олади. Ҳали ўғлининг фикрини ўзгартириш мумкиндир эҳтимол. Нега шу қарорга келди боласи тушмагур? Қайси ҳолатда босган қадами ножоиз бўлди, Султонали калаванинг учини топа олмаяпти. Келин бўлмишга аввалдан оғиз солмай туриб, ўғлини у билан кўп марта учраштириб кўриши керакмиди? Сих ҳам, кабоб ҳам куймасди шунда. Ўқитувчилик шаъни бир чеккада қолиб, бутун қишлоқда гап тарқаб кетди-ку, кошкийди буни бости-бости қилиб бўлса? Элнинг оғзи - элак, ким нима деса дейди. Кимсан, Пичот қишлоғининг ҳар бир боласига сабоқ берган Султонали муаллимнинг ўғли унаштирилган қизидан айнибди, деган миш-миш. Айтишга осон, одамнинг ор-номуси, шаъни, обрўсига кескин қарор туфайли путур етса, Султоналининг ўрнидаги ҳар қандай кишининг боши эгилмасмиди? Муаллим бир-бирига зид фикрлар қуршовида уйига қандай етиб келганини сезмай қолибди.
- Ислом қани? - отанинг ҳовлини бошига кўтариб, дарғазаб қиёфада кириб келиши хотинини ҳушёр торттирди:
- Жўраси Жаҳонгир билан чиқиб кетувди.
- Аҳмоқ, ҳеч ҳазм қилиб бўлмайди-я бу ношуднинг қилиғини! Сенга сабабини ҳали ҳам айтмадими?
- Йўқ, дадаси, биласиз-ку, бу бола “ичимдагини топ”, дейдиганлардан.
- Сенга буйруқ, кечгача унинг ичидагини топасан!
- Қандай қилиб?
- Йўлини ўзинг топ, туғиб катта қилган боланг!
- Мен туққан бўлсам, сиз отаси, бунинг устига муаллим деган отингиз бор. Кўнглига бир қўл солиб кўринг-да сизам! Ўзи менам портлаб кетай деб турибман. Ё, тавба, менинг айбим нима?
- Бамаслаҳат иш қимадик, Барчиной. Болангнинг фикрини ўзгартирасан, гап тамом, вассалом!
- Бу иш қўлимдан келмайди, дадаси. Уни мажбурлашдан нима фойда, йигит киши бўлса, унингам ўзига яраша кўнгли бор. Уйланадиган у, яшайдиган у.
Эр-хотиннинг можаросига Исломбекнинг “лоп” этиб кириб келиши нуқта қўйди. Ота ўзини ҳарчанд босишга уринмасин, пасайган олов қайтадан ловиллаб кетди:
- Қудратиллани Ориф ҳожи отанинг йил ошида кўрдим. Нима деб ўзимни оқлашимни билмайман-ей! Шу кўргулик бошимга тушади, деб ўйимгаям кемабди-я? Айтгин, бир нарса деб вазиятдан чиқиб кетайлик, ҳўв бола. Мундай ичингдагини сиртингга чиқар, бизни нега мунча қийнайсан? Асабимни таранг қилдинг лекин!
Исломбек, майли истаганича заҳрини сочиб олсин, дегандек отасини индамай тинглади. Нима қилсин, кўнгли буюрган ишни қилганини падари бузрукворига ёрилсинми? Барибир сабабини ошкор этиши керак-ку. Қачонгача айбсиз айбдор бўлиб юради? Отаси душман эмас-ку унга, эркак эркакни тушуниши керак. Бир умр куйиб ўтгандан кўра ҳозирнинг ўзида босган изидан ортига қайтгани афзал, ҳа, шу ҳақиқатни раҳнамосига айтар вақти келди, майли, отаси унинг бўғзидан олса ҳам.
- Дада, нима десангиз денг, у қиз менинг тенгим эмас. Биласиз, уларнинг бир эмас, иккита дўкони бор, энди шаҳардагидай катта супермаркет очмоқчи бўлиб юрганмиш. Ошнангизнинг ошиғи олчи, пул дегани мил-мил, ҳар йили машина янгилайди. Сизда эса... оддийгина велосипед ҳам йўқ. Рухсора мен билан иккинчи марта учрашганида, “Машиналарингиз йўқ экан-а? Ойликка яшайсизлар-да, онангиз ишламас экан, битта одамнинг маошига қандай кун кўрасизлар?” деди. Нима деб жавоб беришимни билмай қолдим. “Менам ишлайман!” десам, “Сизники нима бўларди, номи улуғ, супраси қуруқ жойдир-да” деб, устимдан очиқчасига кулди. Бой бўлса ўзига, дада. Мен машина олишга ортиқча пулимиз йўқлигини айтдим, тўғри қилибманми? Укамни контрактга ўқитаётган бўлсангиз. Иккита синглимнинг қўшимча дарсидан орттириб, уларникидай ярақлаган “Ласетти” ололасизми?
Султонали кесиб-кесиб сўзлаётган ўғлига анграйиб қараб қолди: э, гап бу ёқда экан-да. Кўз ўнгида улғайган нуридийдаси у даражада оқилона фикр юрита олганига нима десин? Ўзига тўқ хонадоннинг қизи қўйган талаб ўғлига оғир ботганини, оилавий ҳаётда бу бора-бора чуқурлашиб, муносабатлар чигаллашувига олиб келишини, қўйди-чиқди можаролар кўпайиб, қурилган оила пароканда бўлиб кетишини нега аввалдан кўра билмади? Ўғлимнинг бошини икки қилсам бўлди, Қудратилла неча йиллик қадрдоним, оталик вазифамни бажарганим шу, деб нега калта ўйлади?
- Дада, сиз ўқитувчи одамсиз, бутун умр заҳмат чекиб, халқнинг боласини ўқитасиз. Топганингиз ҳалол. Дўстингизнинг даромади оқиб келади, сизга ўхшаб қачон ойлик қўлига тушишини кутмайди, пулнинг кетидан қувган киши. Мен у одамни ёмонламоқчи эмасман, мол-дунёси етарли, пулни пулга чақади, егани олдида, емагани кетида. Тўғри, сиз ҳам бизни едириб-ичирасиз, ўқитяпсиз, нолисам ношукрлик бўлади. Энди ўйланг, бой-бадавлат оиланинг қизи етишмовчилик бўлиб турган хонадонга мослаша оладими? Бу - масаланинг бир жиҳати. Унинг эгнига илиб олган кийимию, тақиб олган зеб-зийнатларини кўрсангиз эди, ҳурра-пуррангиз учиб кетарди. Бечора онам бу тақинчоқларнинг ярим нархига тенг келадиганини ҳам кўрган эмас. Хуллас, дада, мени сўкманг, онам қарғамасин. Агар тўғри қарор қабул қилмабсан, десангиз ҳам ўзингиз биласиз! Аммо фикрим қатъий!
Султонали анг-танг бўлиб қолди. Ақл ёшда эмас, бошда, деганлари шудир балки. Ота ўзи билан ўғли орасидаги ёш тафовутини чамалаб, бошини чангаллади. Ким ҳақ, уми ёки ўғли? Онаси раҳматли, бировни айблашдан аввал ўша одамнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўрсанг, фикринг ўзгаради, деганини эслади. Ўйлаб қараса, тўғри гап. Султонали мум тишлаганича, болишга ёнбошлар экан, хотини узатган чойни хонтахтага қўйди. Бирпасдан сўнг отанинг дилидаги тилига кўчди:
- Ҳа, ичингда шунча гапинг бор экан, нега аввалроқдан айтмадинг шуни? Қиз билан учрашдинг, гаплашдинг!
- Ахир учрашмасам, гаплашмасам, унинг ички дунёсини қаёқдан биламан, дада, қизиқсиз-а!
Ҳа, бу ўринда ҳам ўғлини айблаб бўлмайди. Учрашмаса, унинг юриш-туришига зимдан разм солмаса, суҳбатлашиб кўрмаса, ички ва ташқи олами қандай, қайдан биларди, қатъий хулосага келармиди? “Эҳ, Султонали, шу даражада калта ўйлайсанми, оила қуриш остонасида турган ўғлингчалик фикрлай олмадингми?” дея яна ўзини ўзи ғажий бошлади ота.
- Бир умрлик тафовут билан келишолмай яшагандан кўра, вақтида ўйлаб қадам босганимиз яхши эмасми, дада?
- Бас қил! - Султонали хонтахтага қўлини жаҳд билан урди, дастурхондаги майда нон бўлаклари ён-атрофга сочилиб кетди, пиёладаги чой дастурхонга тўкилди.
Ислом енгил нафас олди, отасининг феъл-атвори маълум, ҳамма ўқитувчилар қатори асаби чатоқ, яхшиси уни ёлғиз қолдириш керак, ҳали-замон тинчланиб, ўзига келиб қолади. Балки отасининг ўрнида бўлса, у ҳам шу ҳолатни бошдан кечирмасмиди?
Султонали ўрнидан қўзғалди, айвонни тарк этиб, дарсхонасига кириб кетди. Хонтахта теграсига жойлашиб олган ўғил-қизлари нима дейди, нима қўяди, унга энди заррача қизиғи йўқ эди...