Мутолаа: Янгича яшаш. Ҳикоя

Фридеш Каринти.

Дўстим билан тушликдан сўнг учрашдим. Бу қаҳвахонада у анчадан бери кўринмаган эди, энди эса ҳар доим ўзи ўтирадиган столни эгаллаб олиб, бир нуқтага тикилганча ўтирарди, шундай бўлса-да, назаримда у зериккан ёки чарчаган кишига ўхшаб кўринмади.

Ёнига бориб ўтирганимда, у одатий саломлашишнинг қадрини биладиган ва унга аҳамият беришни истамайдиган одам овозида қисқа ва қатъий саломлашиб қўйди. Унинг қатъиятли, тиниқ ва хотиржам нигоҳи юзимга қадалди; у гўё қандайдир ғайриоддий некбинлик, руҳий осойишталик таратаётгандек кўзларимга тик қаради. Тан оламан, мен ҳатто бир лаҳзага саросимага тушиб қолдим.

- Ҳм... – минғилладим мен.  - Ишларинг қалай?

- Раҳмат, яхши, - жавоб берди дўстим баланд ва тиниқ овозда.

Ҳайратландим.

- Жуда ўзгарибсанми? Худди алмаштириб қўйилгандек.

- Бўлиши мумкин, - деди у баланд овозда, қатъий ва маълум бир истеҳзо ёки аччиқлиқ билан.

У кўзларимга шундай самимий очиқлик билан қарадики, мен хижолатдан орқага ўгирилиб, атрофга шубҳа билан қарай бошладим:

- ...Ҳар ҳолда аҳволинг қалай?..

Энди унинг нигоҳи янаям ўткирлашди.

- Аҳволим? Яхши. Сеникидан анча фарқланади.

- Жиддийми? Жуда ажойиб-ку. Хўш, нимаси билан фарқланар экан?

У бир дақиқа гўё мени жиддий қабул қилишга арзиш-арзимаслигимни чамалаётгандек иккиланиб турди. Ниҳоят олдинроққа силжиб, муштини столга урди. Сўнг гапира кетди, кўзлари ғолибона порларди:

- Бўлмаса эшит! Агар уйқусиз тунлардан шишиб кетган миянг менинг... сенга қандай қилиб тушунтирсам экан... менинг хулоса ҳисоботларимни тушуниб етишга ҳали ҳам қодир бўлса эшит! Қулоқ сол ва фаҳмлаб ол! Сенга ҳаёт тарзим ҳақида қисқача гапириб бераман... йўқ, йўқ, ундай эмас... Мен сенга, масалан, шунчаки бир кунлик кун тартибимни айтиб бераман. Демак, бошидан бошлаймиз.

Эрталаб саккизда уйғонаман. Ётоқдан сакраб тураман. Салқин, тетиклантирувчи душдан сўнг кийинаман. Мен учун қора қаҳва энди йўқ. Яшайдиган кўчамнинг бошида сут маҳсулотлари дўкони бор, у ерда камтарона нонушта қиламан. Оддий, аммо тўйимли, калорияли ва шу билан бирга тетиклантирувчи нонушта. Тўққиз ярим... Эшитяпсанми?

- Ҳа-ҳа. Жуда қизиқ!

- Хўш, тўққиз ярим. Иш бошланади. Ёза бошлайман. Ҳа-ҳа, эрталабдан ёзаман. Калла жойидалигида, тунда дам олган тасаввур билан. Бу ўн биргача давом этади. Кейин иш столини ташлаб чиқиб, қўшни хонага бораман, у ерда мени спорт анжомлари кутади. Каммас, кўпмас нақд бир соат гимнастика билан шуғулланаман, биласанми, у тетиклантиради ва танани мустаҳкамлайди. Соғлом танда – соғлом ақл! Тушуняпсанми? Бу жуда муҳим.

- Жуда зўр!

- Албатта, зўр-да. Фақат шундагина яхши ишласа бўлади. Бу сенга тунги ҳушёрлик эмас. Энди, буёғини эшит. Тушлик вақти келди. Бир яхши енгилгина, тетиклантирувчи, шу билан бирга илиққина овқат ейман, у жисмоний ҳолатга фойда келтиради ва қандай тушунтирсам экан... руҳни юкламайди. Умуман олганда, мени тушунаётгандирсан. Кейин соат тўртгача китоб ўқиш зарур. Мен ўз кутубхонамдаги китобларни ўқишга чин дилдан шўнғиб кетаман: биласанми, ижод қилиш учун фикрларни, масалан, асалари гулчангларни йиғиб олгани каби йиғиб оламан.

- Гулчангларни... Кечирасан, бир дақиқа. Мен ёзиб олмоқчиман...

- Бемалол. Шундай қилиб тўртдан олтигача, ўз устингда чуқур ишлаш, олтида яна гимнастика, кейин иккинчи тушлик. Соат еттида сайр қилиш. Саккизда соғлом ва тетиклантирувчи енгил овқат. Гўштсиз. Шундан сўнг қисқагина ҳаво ваннаси, яна мутолаа ва соат ўнда мен ётоққа кираман. Ўн дақиқадан сўнг мен сокин виждони ёноғи остидаги ёстиқнинг юмшоқлигини тўлиқ баҳолашга имкон берадиган инсоннинг чуқур, соғлом ва оромбахш уйқусида ухлаган бўламан!

Шу ерда дўстимнинг овози дабдабали нутқ сўзлаётгандай чиқди. Мен унга гипноз қилиб қўйилгандек қарардим.

- Яхши, қанча бўлди шундай яшай бошлаганингга? – сўрадим ҳаяжондан бўғилиб қолган овозда.

Дўстим бошини қуйи туширди. Унинг кўзлари бирдан хиралашиб, юзи ажинларда тўпланди. Лабларининг четлари осилиб қолди. Муштлар ёзилди. У мендан кўзларини узди.

- Ҳм.. нима деб айтсам экан... Мен шундай яшашни бошлашим мумкиндир... эртадан бошлаб.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.