Мутолаа: Йўлда. Ҳикоя
Ҳулкар Тўйманова
Хиёбон биқинидаги меҳмонхонага яқинлашганида, Ҳалима ерда ётган пул ўрамини кўриб қолди: долларми? Ё тавба! Йўқотганнинг ҳоли не кечди? Целлофаннинг сиртидан резинка ўралибди, қисқаси, бир ўрам пул!..
Аёл ён-атрофига қараб, пулни энгашиб олишга улгурмади. Ердан чиқдими, кўкдан тушдими, қаршисида кўзлари олазарак, нафаси оғзига тиқилгудек бўлиб сўзлаётган лўлибашара йигит пайдо бўлди:
– Ие, кеннойи, Худо сиз билан бизга йўқ жойидан берди. Аллоҳнинг қудратини қаранг! Бирорта чет эллик йўқотиб қўйган бўлса керак. Бўлишиб оламиз. Қаранг, қалинлигини, ичида ким билсин, қанча доллар борийкин!
Ҳалима ҳайратомуз нигоҳини ҳалиги кишига қаратганича, каловланиб қолди. Бировнинг пули – бировнинг ҳақи, буюрармиди? Қўлини силтаб кетворай деса, шеригининг қўйворадиган тури йўқ:
– Юринг, нарироқ борайлик, биров кўриб қолмасин! Лаънати туристлар пули кўплигидан келади-да биззи юртларга, топиб олганимиз уларга урвоқ ҳам эмас. Ҳозир мундоқ қиламиз, сиз пулни олиб кетуврасиз. Ман орқангиздан етаман!
– Қандоқ бўларкин?– Ҳалима “хазина” ўзига оширилаётгани учун дам ишонқирамай, дам иккиланиб йўловчига қаради.
– Қанддай бўлади-да, қўрқманг. Юринг, четроққа ўтайлик. Пулни сумкангизга солинг, – у шундай деб, қаршилик қилишига қарамай, “ўлжа”ни аёлнинг сумкасига тиқди.
Ҳалима беихтиёр ҳамроҳига эргашди. Йигит ён-атрофга ўғринча нигоҳ ташлаб, аёлни хиёбоннинг овлоққина, кимсасиз жойига етаклади. У кимнингдир пули сумкасига тушганини ҳазм қила олмас, тасодифан ҳозиру нозир бўлган бу нусханинг нима учун ўзини бу ёққа бошлаб бораётганига ақли етмасди.
– Кеннойи, бўлмаса, мундоқ қиламиз. Сиз пулни олиб кетуврасиз, мен орқангиздан етаман. Метронинг олдида мени кутинг, ярим соатларда бораман. Аммо биласизми, бунинг учун сиз менга узукларингизни гаровга беришингиз керак. Учрашганимизда сизга буларни албатта, қайтараман. Ҳар қалай ишончлироқ бўларди-да. Қўлингиздаги пулга, эҳ-ҳе, қанча тилла узук келади.
Тавба, нималар деб валдираяпти бу аҳмоқ? Кимники бўлишидан қатъи назар, ахир, уни бир одам тушириб қолдирган, бировнинг ҳақи ўзгага юқармиди? Тўғри, қанчадир ана шу валютага истаган тақинчоғини харид қилиши мумкин, аммо у ноҳалол, ўғирланган буюм бўлмайдими? Эҳ, Ҳалима, Ҳалима, қаёқдан ҳам дуч келиб қолдинг бу машмашага? Соддалигига бордими, ишонувчанлик қилдими, шайтон васвасасига учдими, у икки қўлидаги икки узукни ечиб, қаршисида жилпанглаётган сўхтага узатди.
Бир пайт уларга қараб югуриб келаётган новча, қотма йигитни кўрдию, шериги саросимага тушди. Ҳалиманинг рангидан ранг қолмади. “Пулнинг эгаси!” деган фикр ўтди миясидан. Боши балога қолмаса, гўрга эди? Пулни мана бу фирибгарга қайтариб бермоқчи бўлиб, сумкасини титкилай бошлади:
– Ука, менга ҳеч нарса керак эмас. Олинг, мени тинч қўйинг!
– Тўхтанг, вой, унақаси кетмайди, уни ўзим тинчитаман. Сиз йўлдан қолманг! У пулнинг эгаси бўлиши мумкин, даъво қилган тақдирда ҳам менда унинг пули йўқ. Шу учун сиз чаққонроқ ҳаракат қилиб, кўздан узоқлашишингиз керак. Тағин гумонсираб юрманг, агар иккаламиз бирга кетсак, пул йўқотган одам кетимиздан тушади. Ишкални кўпайтиришнинг нима кераги бор?
Югурганидан ўпкаси оғзига тиқилгудек ҳансираётган йигит чет тилида нималардир деб ғудрана бошлади. Қийин-қистовга олинган Ҳалима бу пайтда улардан анча йироқлашиб бўлган эди. Қутулгани рост бўлсин-а, анави ажнабий билан шериги не кўйларга солмасди уни? Жувон шу даражада қалтирардики, ортига қайрилиб қарашга юраги бетламасди. Қораси ўчсин иккисининг ҳам. Пули ҳам бошидан ордона қолсин! “Афсус, тилла буюмларимни бекор ечиб бердим-да... Одамнинг бир елкасида раҳмон, бир елкасида шайтон ўтиради, дегани шу-да. Шайтон васвасасига учдим. Худо билади, олдимга қайтиб боришини!”, дея ўзини тинчлантиришга уринди аёл.
...Метро бекатида икки соатча у ёқдан-бу ёққа юриб, келишга ваъда қилган ҳалиги кишини кута-кута Ҳалиманинг тоқати тоқ бўлди. Кўнгли ғаш, бир-бирига зид турли саволлар қийнарди уни: “Нега зеб-зийнатларимни нотаниш одамга ечиб бердим? Шу даражада аҳмоқ бўлдимми? Йўлимдан қолмаслигим керакмиди? Виждонсизларга қўшилиб, нима иш қилиб қўйдим ўзи? Икки фирибгар тил бириктириб, мени чув туширган бўлса-чи? Йўғ-е, ахир пулни ўзи олмади-ку, менга ишониб берди-ку, унақа эмасдир?”
Аёл вазмин қиёфада ишхонаси томон одимлади. Келди-кетдини назорат қилувчи ходимга узрли сабаб бўлиб қолганини айтиб, иш столига хомушгина чўкди. Қўли ишга борармиди? Кўз олдидан хиёбонда содир бўлган нохушлик сира кетмасди. Бу обдон “пишитилиб”, аввалдан режалаштирилган ишга ўхшарди. Телефон жиринглаши билан қулоғи динг, мабодо уни сўраб қолармикан? Узукни гаровга олган одам Ҳалиманинг ишхонаси телефон рақамини ёзиб олган, пул эгаси билан орани очиқ қилсам, сизга зудлик билан қўнғироқ қиламан, дегани дамба-дам кўнглидан ўтарди.
Ҳалима бир амаллаб кунни кеч қилди. Хонадошлари охирига етказган ҳисоботни у эртага тайёрлайдиган бўлди. Сўнгги пушаймон, ўзингга душман. “Нима қилардинг, Ҳалима, шу пулни олиб? Башарасига отиб, қочмайсанми? Узукларингдан умид қилмай қўя қол, энди. Наҳотки, кап-катта зиёли бир аёл қаллобларга ишониб ўтирса? Ахир, “Мени тинч қўйинг, ана шу пул сизга сийлов” деб қочиб қолсам, биров мени судга судрармиди? Эҳ, шу даражада гўлмисан, Ҳалима?” У хаёлидан такрор-такрор ўтаётган саволларни тилига чиқара олмасди. Кимга, нима деб сўзлаб берсин? Ўзини ўзи шарманда қилмайдими? Ахир, қолипидан кўчган ғиштни қайтадан ўрнига қўйишнинг иложи йўқ-ку?
Ягона таскин ва илинж – сумкасидаги пул. Бутун вужудини чўғдай куйдираётган ана шу матоҳ қўлига тушмай қўя қолса, қани эди? Оч қорним, тинч қулоғим, деб кетаверса ҳозир уйида бехавотиргина ўтирган бўларди? Аммо ҳузур-ҳаловатидан айирган бу зорманда энди унга тегишли, хоҳласа қимматбаҳо зеб-зийнат сотиб олсин, хоҳласа кийим-кечак, ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Бу ҳақда биров билиб, биров билмасин, мавҳумлигича қолсин, бировга айтгулик гап эмас. На эри, на болаларига лом-мим демайди. Қўлдан кетган узукларининг ўрнига бошқасини харид қилиб олса бўлди, унга ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
Аёл кечки овқатдан сўнг телевизор томоша қилиб ўтирган оила аъзолари даврасини тарк этди. Ётоқхонага кириб, сумкасини титкилади. Юраги қинидан чиққудек урар, мўъжиза содир бўладигандек қўллари қалтирарди. Ҳа, мана, топилма сумкасининг тагига тушиб кетган экан. Ҳалима резинкани ечиб, целлофан пакет ичидаги пулни чиқарди-ю, даҳшатдан қотиб қолди: не кўз билан кўрсинки, бир долларнинг ичига бор-йўғи тўрт минг сўм пул усталик билан ўралган эди.
Ҳалиманинг кўз олди қоронғилашиб кетди...