Мутолаа. Ёлғон. Ҳикоя
Бранислав Нушич (Серб ёзувчиси)
Дарёларнинг жўшқин оқими, магнитланиш кучлари, буғ, электр токи, радиотўлқинлар каби табиатнинг кучлари инсон қурбидан бир неча баробар қудратлидир. Бу кучлар барча нарсани ҳаракатга келтиради, ўзига тортади, кўкларга кўтариши ёки ер билан яксон қилиши мумкин.
Яна шундай бир бир куч борки, у инсон онгининг яна бир ифодасини намоён қилади, у барча табиий кучлардан бақувват. У - буюк ёлғон.
Юқорида айтиб ўтилган табиат кучларининг ҳеч бири ёлғон дастидан келадиган даражада йўқ қилишга, синдиришга, куйдиришга ёки бутунлай кул қилиб юборишга қодир эмас. Уларнинг ҳеч бири ёлғондек кўринмас ва шу даража ўжар бўла олмайди.
У оловсиз ёндиради, шовқинсиз йўқ қилади, жангсиз забт этади.
Баёнотим асоссиз эмас. Буни айтишдан олдин мен кўплаб тажрибалар ўтказдим ва уларнинг натижалари ҳақида сизга хабар бермоқчиман.
Мени икки савол қизиқтирарди: мен ўйлаб топган ёлғон Белград бўйлаб қанча вақт давомида айланиб юради ва уни ўйлаб топганга қай шаклда қайтиб келади. Бу масалаларга ойдинлик киритиш учун қуйидагича ҳаракатни амалга оширдим.
Куни кеча эрталаб мен сайрга чиқдим, соат роппа-роса ўндан ўн етти дақиқа ўтганда Теразия фаввораси ёнида Вида хонимни учратиб қолдим. Одат бўйича унинг соғлиғини суриштирдим, сўнг бехосдан қўшиб қўйдим:
- Жаноб Миркович ҳақида эшитган бўлсангиз керак.
- Йўқ, унга нима бўлган экан? – деди Вида хоним.
- Айтишларича, у хотини билан ажрашяпти экан.
- Бўлиши мумкин эмас! – ҳайрон бўлиб ҳайқирди Вида хоним. – Ақл бовар қилмайди. Ахир улар яхши яшашарди... Сабаби нимада экан?
- Сабаби номаълум. Эҳтимол, ҳеч қандай сабаб ҳам йўқдир. Улар шунчаки бир-биридан чарчаган, бирга яшаш зерикарли бўлиб қолган.
Вида хоним шоша-пиша мен билан хайрлашиб, ўн қадамларча юриб, Персида хонимни учратади.
- Азизим, сизни учратганим жуда яхши бўлди. Худойим, янгиликни эшитдингизми?
- Қанақа янгилик? – қизиқиб сўради Персида хоним.
- Айтишларича, Миркович хотини билан келишмай қолибди.
- Бўлиши мумкин эмас?!
- Қанақасига “мумкин эмас”, у ҳатто унинг уйида яшамаяпти. Кеча Миркович уни онасининг уйига юборган экан.
- Вой, Худойим, нега ахир?
- Негалигини ҳеч ким билмайди. Биласизми... Эҳтимол ўша лейтенант туфайлидир. Ҳа, аниқ ўша учун. Одамлар бирга яшашдан зериккани учунгина тарқалиб кетишмайди-ку, ахир.
- Шундай... Кимдан-кимдан, лекин ундан буни кутмагандим... Хўш, кўришгунча Вида хоним, кўришгунча!
Персида хоним Князь Михаил кўчаси бўйлаб йўлида давом этди ва у ердаги қаҳваҳона ёнида Люба билан учрашиб қолди.
- Сиздан жуда хафаман, - деди у йўл-йўлакай.
- Нега? – ҳайрон бўлди Люба.
- Қандай қилиб, хафа бўлмаслигим мумкин ахир, кечагина меҳмонда бирга эдик, бутун оқшом дунёдаги барча нарса ҳақида гапириб, шундай муҳим ҳодиса ҳақида бир оғиз сўз айтмадингиз.
- Қайси ҳодиса ҳақида?
- Мирковичнинг хотини билан келишмовчилиги ҳақида эшитмаганмидингиз?
- Худо асрасин, бу ҳақда биринча марта эшитяпман.
- Бутун Белград бу ҳақда гапирган бир пайтда қанақасига сиз биринчи марта эшитасиз? Бу оддий можаро эмас. Бу турган-битган жанжал. У қаердаги бир лейтенант учун хотинини ҳайдаб юборибди. Гувоҳлар билан бирга ўз уйида уларнинг устига келиб қолган экан, айтишларича, улар ҳатто ёқалашибди. Албатта, мен уларнинг ишқий муносабатда бўлганлигидан хабардор эмасман. Ҳамма тафсилотларни яхшилаб билиб олинг ва ҳаммаси ҳақида айтиб бериш учун бугун кечқурун ёки эртага эрталаб бизларникига келинг.
- Худойим, албатта, шундай қиламан. Ҳозир идорага бориб, ҳамма нарсани билиб оламан. У ердаги амалдорларнинг учтаси оилали. Улар бу ҳақда хотинларидан эшитган бўлган бўлиши керак. Хайр, кўришгунча.
- Ҳаммасини билиб олиб, бизларга айтиб беришни унутиб қўйманг.
- Йўқ, йўқ, унутмайман.
Люба идорага борди, у ерда қаҳва ичиб хотинлари тушликка нима тайёрлаётгани ҳақида суҳбатлашиб ўтирган уч амалдорни топди.
- Жаноблар, қайси бирингиз Миркович иши тафсилотларидан хабардорсиз?
- Қайси иши ҳақида? – ҳайрон бўлиб сўради амалдорлардан бири.
- Оилавий можароси ҳақида-да! Наҳотки, ҳеч нарса эшитмаган бўлсангиз?
- Эшитганимиз йўқ, - бир овозда жавоб берди уч амалдор.
- Афсус. Лекин воқеалар жуда қизиқ тус олган: гап шундаки, қайсидир бир лейтенант Мирковичнинг хотинини севиб қолган экан. Тафсилотлар, албатта сизни қизиқтирмайди, асосий гап шундаки, куни кеча бадбахт лейтенант унинг уйига деразадан кирган экан. Шу пайт Миркович иккита гувоҳ билан эшикдан кириб келибди... Уларнинг ўртасида дуэль бўлибди. Кеча... эрталаб... Яъни.... албатта дуэль бўлмаган, лекин умуман олганда шундай бўлиши керак эди. Тафсилотлардан хабардор эмасман, лекин эшитишимча, Миркович хотинини қўлидан ушлаб онасига олиб келиб, “Марҳамат қилиб қабул қилиб олсангиз!”, дебди.
- Қаранг-а? – ҳайратини яширмади уч оилали амалдор ва тушлик танаффусига етар-етмасдан уйлари томон шошилишди ва шубҳасиз ҳар бири хотинига ўзи эшитган янгиликни ўзича “талқин” қилди. Бу тахминан шундай кўринарди:
- Мица, азизим нималар бўлаётганини тасаввур ҳам қила олмайсан! Мирковичнинг хотини....
- Қайси Мирковичнинг?
- Наҳотки, уни танимасанг?
- Танийман, хўш, нима бўпти унга?
- Унинг шунчалик аҳлоқсизлигини ҳеч ким билмаган экан.
- Нималар деяпсиз, азизим?
- Айтишларича, эри бундан олдин ҳам уларни ўн марта тутган, лекин гап-сўз чиқиб кетмасин, деб чидаб юрган экан, бечора. Энди унинг сабри тугади, шекилли. У уни ҳайдаб юборди, кеча жандармлар билан онасининг уйига олиб бориб, тўғридан-тўғри унга: “Мана қабул қилиб олинг, олма олманинг тагига тушади!” депти.
- Бўлиши мумкин эмас! – ҳайратланди Мица хоним.
- Ахир улар ҳақиқий ошиқ-маъшуқ, азизим, ҳақиқий романтика! Кеча улар дуэль чақиришибди, лейтенант ярадор экан.
- У қаеридан жароҳат олган?
- Аниғини билмайман, айтишларича, қўлидан яраланган, бир бармоғидан ажралибди.
Мица хоним тошдек қотди. Нафақат Мица хоним, балки тушлик пайтида бу хабарни турмуш ўртоғидан эшитган икки бошқа амалдор хотини - Лепосава ва Ела хонимларнинг ҳам ҳуши бошидан учди.
Тушликдан сўнг эрларини идорага кузатиб қўйишгач, Мица хоним, Лепосава ва Ела хонимлар бутун Белградни бўлакларга бўлиб олгандек, турли йўналишлар томон отланишди. Улар бир уйдан чиқиб, бошқасига кирди, аёлларни кузатиб қўйгандан кейин, бу уй бекалари ҳам дарҳол кийиниб олиб, ўзлари “меҳмон”га кетишди.
Шу тарзда Мирковичнинг “иши” ҳақидаги хабар телеграф тезлигида бутун шаҳар бўйлаб тарқалди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра (ҳатто статистик материаллар ҳар доим тахминий ҳисоб-китоблар асосида тузилади), мен тушдан кейинги соат учдан бешгача бўлган вақт давомида икки юз етмиш икки аёлнинг уйма-уй юриб, Мирковичнинг “иши” ҳақида гаплашиш билан банд эканлигини аниқладим.
Кечга яқин, аниқроғи, соат олти-ю йигирма тўртда, эрталаб соат ўн-у ўн еттида мен биринчи бўлиб хабар етказган Вида хонимни яна учратдим. Вида хоним дугоналарининг бири олдидан қайтаётган эди ва мени кўриб қўлларини бир-бирига уриб, деди:
- Худойим, мен билан шундай янгиликни баҳам кўрмоқчи экансиз, нега бирдан ҳаммасини айтиб бера қолмадингиз? Тафсилотларни бошқалардан билиб олдим.
- Лекин, мен ҳеч қандай тафсилотларни билмасдим. Менга ҳам айтиб берсангиз. Жуда қизиқ, илтимос!
- Албатта. Мен ҳозиргина Юлка хоним ҳузурида бўлиб турган эдим ва бу иш ҳақида ҳамма нарсани биладиган бир аёлдан эшитдим. Лейтенантнинг исми Иосиф. Улар Миркович хоним турмушга чиқмаган пайтларида бир-бирини севиб қолишган экан. Тўйдан кейин ҳам лейтенант уни йўқлаб турган. У кийимини алмаштириб юргани сабабли ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган. Гўё ишга олинадигандек бир аёл кийимида, бир мўри тозаловчи бўлиб кийиниб, гўё қувурларни тозалагани келарди.
Айтишларича, жаноб Миркович уйида куюк изларини кўриб қолган экан, дарҳол пойлашга тушиб, шу ернинг ўзида уни ушлаб олибди. Анчагина одам тўпланган, йигирмага яқин жандарм уйни ўраб олган, Миркович хотинини чала ўлик бўлгунча уриб, соч турмакларини бузиб ташлабди, кейин файтонга ўтқазиб, жандармлар билан онаси уйига олиб бориб, онасининг юзига тупурибди! Эртаси куни эрталаб у лейтенант билан дуэлга чиқиб жанг қилибди ва бечоранинг қўл бармоқларини тагидан кесиб ташлабди. Лейтенант демобилизация қилинган эмиш. Ана шундай, буларнинг барчасини мен ишончли манбалардан эшитдим.
Биз хайрлашдик. Тажриба муваффақиятли ўтди. Ёлғон саккиз соат, етти дақиқада бутун Белградни айланиб чиқди. Ўзингиз мен уни қандай шаклда дунёга чиқарганим ва Вида хоним уни менга қай шаклда қайтарганининг гувоҳи бўлдингиз.
Ўша оқшом йўл-йўлакай кўчада ҳеч гапдан хабари йўқ, оилавий бахтидан баҳраманд, қувноқ ва мамнун қўлтиқлашиб кетаётган жаноб Миркович ва Миркович хонимни ҳам учратдим.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.