Нарпайдаги Рабинжон ёдгорлигидан қорахонийлар даврига тегишли тўртта хона топилди
Ўрта асрлар ёзма манбаларида келтирилишича, Арбинжон ёки Рабинжоннинг ўрни Нарпай туманидаги Тошкўпирик маҳалласида жойлашган йирик шаҳар харобаларидан бири Рабинжон археологик ёдгорлигидир.
Рабинжон Хуросонга борадиган катта йўл (Самарқанд ва Бухорони боғловчи “Буюк ипак йўли” тармоғи) устида жойлашган Марказий Суғднинг йирик шаҳарларидан бири. Шаҳарнинг умумий майдони 100 гектар бўлиб, арк, шаҳристон ва работ қисмларидан ташкил топган.
2023 йилда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти олимлари томонидан Рабинжон ёдгорлигининг шаҳристон қисмида олиб борилган қазишма ишлари давомида қорахонийлар даврига оид, яъни XI-XII асрларга тегишли тураржой ўрни ва хумдон топилган эди. Айни пайтда ёдгорликнинг ушбу қисмида қазишма ишлари якунланди ва қорахонийлар даврига тегишли тўртта хона аниқланди.
Дастлаб 1970-1973 йилларда ёдгорликнинг арк ва шаҳристон қисмларида планoграфик ва стратиграфик қазишма ишлари амалга оширилган, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Кейинчалик ёдгорлик аркида олиб борилган археологик қазишмаларнинг илмий таҳлилига кўра, Рабинжон милодий IV асрдан шакллангани, IX асрнинг охири XII аср ўрталарида шаҳар янада кенгайгани аниқланди. Ўтган йил ёдгорликнинг шаҳристон қисмида олиб борилган қазишма ишлари давомида XI-XII асрларга оид тураржой ўрни ва ўша даврдаги кулолчилик намуналарининг дастлабки қолдиқларини аниқлаган эдик. Бу йил қазишма ишларини якунлаб, тўртта тураржой хонасини очдик, уларнинг тарихи ўрганилди, тангалар, заргарлик, кулолчилик ҳамда турли сопол буюмлар топилиб, қорахонийлар даврига, яни XI-XII асрларга оид деб даврлаштирилди.
Рабинжон ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида хоналарнинг қурилишида асосан хом ғишт ва пахсадан фойдаланилгани ҳамда шаҳарда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳунармандчилик масканига айлангани аниқланган.
- Хоналар тўғри тўртбурчак шаклда пахса девор ва хом ғиштдан Ўрта Осиё хоналарига хос тарзда қурилган, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Алишер Сандибоев. – Умуман, хоналарнинг хом ғишт ва пахсадан қурилишига сабаб, ўша давр архитектурасида улардан кенг фойдаланилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда яшовчилар учун арзон хомашё саналган ва хоналар қиш кунларида иссиқ, ёзда салқин бўлган. Ёзма манбалар ва археологик тадқиқотларнинг илмий таҳлилига кўра, Рабинжонда кулолчилик, ҳунарманчилик, савдо-сотиқ ва илк ўрта асрларда шаҳарсозлик ривожланган ва XI-XII асрларда шаҳар янада кенгайган. Аммо 1158 йилда хоразмшоҳ Эл Арслон томонидан бу шаҳар бутунлай вайрон қилинган.
Жорий йил Рабинжон ёдгорлигининг шаҳристон қисмида 15х16 кенликдаги қазишма ишларини олиб бордик, - дейди институт илмий ходими Наврўз Алимов. – Қорахонийлар даврига тегишли ушбу ёдгорлик бошқа объектлардан фарқли равишда жуда яхши сақланиб қолган. Ўша даврда битта оила яшаган бу жойда тўртта хона учун ягона кириш эшиги ва хоналарга олиб борувчи йўлак мавжуд. Хоналар эни 1 метр бўлган йўлак орқали бир-бирига боғланган. Асосий кириш эшиги шимол томонда жойлашган бўлиб, эни 90 сантиметрдан иборат. Ушбу эшикда ёғочдан қилинган эшик кесакасининг ўрни сақланиб қолган. Хона деворлари пахса ва хом ғиштлар ёрдамида кўтарилган бўлиб, баландлиги 1-2 метрни ташкил қилади. Хом ғиштлар ўлчами 35х18х7-8 сантиметрга тенг бўлса, деворлар қалинлиги 90 сантиметрни 3,5 метргача етади.
Хонадон эшигидан кирганда ўчоқ ва унинг ёнида тандир жойлашганидан билиш мумкинки, бу ердан ошхона сифатида фойдаланилган (тарҳи 4,26х4,9 метр). Иккинчи хона тўрида меҳмонхона (тарҳи 5,5х3,5 метр) бўлиб, кириш қисмининг ғарб томонида токча жойлашган. Ундан маълум бир нарсаларни қўйишда фойдаланилган ва ғарб томонда жойлашгани учун Каъбани эслатиб туриши тахмин қилинди. Шунингдек, ушбу хонадаги ўчоқ қолдиқлари меҳмонхонани иситишда фойдаланилганидан дарак беради. Учинчи хонадан ётоқхона (тарҳи 4,1х3,6 метр) сифатида фойдаланилган.
Деворлари хом ғиштдан кўтарилиб, қалин лойсувоқ қилинган. Ётоқхонадан кейин йўлак орқали жануб томондаги тўртинчи - хўжалик ва ёрдамчи хонага ўтилади. Бошқа хоналарга қараганда кичикроқ бу хона (тарҳи 2,5х3,5) ичкарисида озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа нарсаларни сақлаш учун иккита ўра мавжуд.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.