“Навоий анжумани” ҳужжатли фильми Самарқандда яратилмоқда

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Мерос снема” кинокомпанияси томонидан шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзловчи “Навоий анжумани” номли ҳужжатли фильм суратга олинмоқда.

Фильмни суратга олиш ишлари Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони Шердор мадрасасида давом этмоқда ва у икки қисмдан иборат бадиий ва сериали тарзида бўлиши режалаштирилган.

– Айни вақтда буюк мутафаккирнинг Самарқандда яшаб ижод қилган даври суратга олинмоқда, – дейди фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Ғиёсиддин Шермуҳаммад. – Бунда Темурийлар салтанати даври илм-фани ва санъатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, тўлалигича халқ ва миллатнинг равнақи, давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлаган фаолиятини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Фильм ўзбек тилида суратга олиниб, рус ва инглиз тилларига ўгирилиши мақсад қилинган.

Мазкур тарихий фильмни суратга олишда рассом Баҳром Сафоев, оператор Дмитрий Шехов, бадиий маслаҳатчи филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий, директор Азамат Эргашев ҳамда бир гуруҳ актёрларнинг меҳнати катта. Шунингдек, фильмнинг кейинги қисмларини Тошкент, Андижон вилоятларидан ҳам суратга олиш мўлжалланган.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.