Навоийлик шифокорлар коронавирус юқтиргани ростми?

Навоий вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази ходими С.Аҳмадов ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат қилиб, ўзи фаолият олиб бораётган шифохонадаги айрим ходимларда коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса-да, масъуллар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаганини баён қилган эди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, тегишли мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганиш ва суриштирув ишларига кўра, ҳақиқатан ҳам мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг бир нечтасида коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки ҳолатлари қайд этилганлиги ўз тасдиғини топган.

"Юқоридагиларни инобатга олиб, соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 23 июндаги 132-сонли буйруғига асосан Навоий вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан қўриққа олинган.

Шунингдек, муассасада фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган барча фуқаролар умумий назоратга олиниб, карантин тартиблари қатъийлаштирилган", дейилади расмий баёнотда.