Наврўз – шодлик, ёмғир – барака

Қадимдан ота-боболаримиз Наврўзни деҳқончилик мавсумининг бошланиши деб билган. Шунинг учун Наврўзни янги кун, янги мавсумнинг бошланиши сифатида нишонлаган.

Баҳорги ёғингарчилик барака ва тўкинликдан далолат беради. Кўп йиллардан буён қишда қорнинг, баҳорда ёмғирнинг меъёрдан камлиги туфайли донли экинлар, айниқса, лалми майдонларда кутилган ҳосилдорликка эришиш мушкул бўлаётганди. Бу йил баҳори эса анча серёғин бошланди.

Маълумотларга кўра, бир неча кундан буён ёғаётган ёмғир ҳисобига 20-40 миллиметр, тоғли ва тоғолди ҳудудларда 50-60 миллиметргача ёғингарчилик кузатилган. Бундай ёмғир қишлоқ хўжалиги тармоқларига ҳам таъсир кўрсатади.

Масалан, бошоқли дон етиштиришда ёғингарчилик миқдорининг кўп бўлиши ўсимликка берилган азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши ҳамда тупроқда намлик захираси тўпланишига шароит яратади. Бошоқли дон экинлари ҳамда лалмикор ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсиши ривожланади. Тупроқда намлик етарли ва ҳарорат паст бўлганда, бошоқли дон экинлари қўшимча поя ҳосил қилади. Шунингдек, тупроқнинг ҳайдов қатлами намга тўйинади, ғалла майдонларининг ҳар гектарига бир марта суғориш учун сарфланадиган 750-900 метр куб сув иқтисод қилинади. Бунинг ҳисобига сув омборларида йиллик истеъмол учун кўпроқ сув захираси йиғилади.

Агар юқорида айтганимдек, ғалла майдонлари эрта баҳорги азотли ўғитлар билан озиқлантирилган бўлса, ўсимликнинг ривожи тезлашади, аммо озуқа етарли бўлмаган майдонларда ғалла ниҳолларининг ривожи сусаяди ҳамда ўсишга қувват етмаганидан сарғайиб кетиши ҳам кузатилади. Бунда ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг касаллиги тарқалиши мумкин. Серёғин келган йилларда ғаллазорларда замбуруғли касалликлар (сариқ ва қўнғир занг, ун шудринг, септариоз, илдиз чириш) кенг тарқалиши тажрибаларда кузатилган. Яна эрта баҳордаги етарли намлик ва нисбатан иссиқ об-ҳаво ғаллазорларда бегона ўтларнинг ривожланишига олиб келади.

Бунинг учун ғалла майдонларида суғоришни тартибга солиш лозим. Агар суғоришга эътиборсизлик қилинадиган бўлса, дала шароитида намлик юқори бўлиб, ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар ва турли хил бегона ўтларнинг ривожланишига имкон яратилади.

Тупроқда намлик юқори бўлиши чигит экиладиган майдонлар учун жуда фойдали. Кузда шудгор қилиб қўйилган майдонларда ерда намлик захираси ошиб, чигитни тупроқнинг табиий намлигида ундириб олиш имкони туғилади. Лекин узлуксиз ёмғир ёғиши баҳорги агротехник ишларни бироз кечиктиради.

Тинимсиз ёғаётган ёмғир гуллаш арафасидаги ўрик, шафтоли, бодом боғлари ҳосилдорлигига зарар етказмайди. Фақат чангланиш муддатини секинлаштириши мумкин. Қолган мевали боғларимиз ҳали гулламайди ва уларда зарар кузатилмайди.

Фойдали томони, янги ташкил этилган мевали боғ ва узумзорларнинг намлик ҳисобига илдиз тизими яхши ривожланади. Айниқса, лалми ерларда парваришланаётган боғларнинг ер ости сувлари захираси таъминланади.

Тоҳир Дувланов,

вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи.