Нега ҳамон ис газидан жабр кўраётганлар, вафот этаётганлар бўляпти?
Самарқанд вилояти Матбуот уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида аҳоли ўртасида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, жумладан ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши (портлаш) билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш хусусида сўз юритилди.
- 2020 йилда 27 ҳолатда ис гази ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар қайд этилган, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Умид Аҳроров. - Оқибатда 15 нафар фуқаро вафот этган, 33 нафар фуқаро жабрланган. Жорий йилда бу каби кўнгилсизликлар 3 ҳолатда қайд этилиб, уларда 9 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган, 3 нафари жабрланган. Жумладан, 28 март куни Самарқанд шаҳар Мақсуд Шайхзода номли маҳалланинг Лоҳутий кўчаси 31-уйида 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарланган. Шундан 1 нафари республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали токсикология бўлимига ётқизилган, 4 нафари эса воқеа жойида ҳалок бўлган.
Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган бундай фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шундан кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари жалб этилиб, 1100 та маҳаллада ва 1952 та кўп қаватли уйлардаги 60 171 та хонадонларда ўрганиш олиб борилди, дудбўронлар тозаланди ва ис гази билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.
- Ҳозиргача қўлбола иситиш печларидан ноқонуний фойдаланиб келинмоқда, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали масъул ходими Ҳасан Дониёров. - Тадбирлар давомида маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, 444 минг 216 та хонадонда истиқомат қилувчи фуқаролар билан тушунтириш ишлари ўтказилди, шулардан 28 минг 910 та уйлардаги хонадонларда ва 322 минг 410 та шахсий аҳоли турар жойларида фуқароларга ёнғинга қарши йўл-йўриқлар берилди. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчилик ва муаммолар бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига 45 марта, юқори ташкилотларга 54 марта, ҳудудий газ таъминоти корхоналарига 78 марта, электр таъминоти идораларига 51 марта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига 39 марта ҳамда бошқа тааллуқли идораларга ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилди.
Фазлиддин Рўзибоев.