Нега одамлар дардини ҳокимга айтишни истайди?
Касбим тақозоси билан икки марта вилоят ҳокимининг сайёр қабулида қатнашиб, мана шу саволга тўлиқ жавоб олдим десам ҳам бўлади. Шу билан бирга қаршимда қатор янги саволлар пайдо бўлди. Аввало, мурожаатлар мазмуни ҳақида.
13 май куни Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар боғида ўтказилган бу сафарги қабулга келган ҳам оз эмас эди – 1400 дан зиёд мурожаат тингланди. Қабулда 150 га яқин мутасаддилар ҳам иштирок этди. Энг кўп мурожаатлар имтиёзли кредитлар ажратиш, ер участкаси олиш, моддий ёрдам, уй-жой, йўл қурилиши, коммунал соҳа (кўпроқ электр энергияси таъминоти), кредит, даволаниш билан боғлиқ бўлди.
Коммунал, йўл қурилиши каби масалаларнинг ҳокимгача етиб келиши табиий. Чунки, бу катта маблағ эвазига битадиган муаммолар, қолаверса, узоқ йиллар давомида тизимда муаммолар тўпланиб қолган.
Қуйидаги рақамга эътибор беринг: жорий йилда ташаббусли бюджет порталидаги “Менинг йўлим” лойиҳасида республика бўйича келиб тушган мурожаатлар сони 9200 дан ошган ва салкам икки миллион киши йўллар таъмири бўйича овоз берган. Аввал ўтказилган ташаббусли бюджет лойиҳасида ғолиб бўлган 1419 лойиҳадан 381 таси айнан ички йўллар бўйича эди. Хулоса қилиш мумкинки, ҳозирда энг муаммоли масала – йўл. Сайёр қабулда йўл билан боғлиқ барча мурожаатлар ижобий ҳал этиш мақсадида рўйхатга олинди.
Афтидан, Самарқанд шаҳрида ҳали ҳам ноқонуний қурилишлар барҳам топмаган. Ушбу масалада вилоят ҳокимига шикоят қилганларнинг деярли барчаси Самарқанд шаҳридан.
Масалан, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида яшовчи Саломат Муртазоева кўчадаги ноқонуний қурилишдан шикоят қилди.
Вилоят раҳбари ҳолатга баҳо бериш учун мутасаддилар билан ўша жойнинг ўзига боришини маълум қилди.
Яна бир гуруҳ аёллар Ватанпарвар маҳалласида ноқонуний қурилишлар бор деб мурожаат қилишди. Айтилишича, уларнинг уйлари яқини ва йўл бўйида 6 та қурилиш кетмоқда.
Сектор раҳбарлари ушбу маҳаллада аёллар айтган масалаларни ўрганадиган бўлди. Чунки гап фақат ноқонуний қурилишларда эмас экан. “Обод маҳалла” дастури бўйича амалга оширилган ободошлаштириш ишларидан ҳам улар норози.
Бундан бир неча йил олдин тадбиркорлар бузилган дўконлари учун компенсация олиши энг катта муаммолардан бири эди. Йиллар давомида товон ололмай судлашиб юрганларнинг муаммоларини ўрганиб, матбуотга берганмиз. Ва кейинчалик бу бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тадбиркор розилиги олинмай ва компенсация берилмасдан бинолар бузилмайдиган бўлди. Аммо айрим ҳудудларда бундай ҳолат давом этаётган экан: Каттақўрғон туманидан келган тадбиркор аёл бир нечта дўкони бузилгани аммо 6 ойдан бери компенсация пули ололмаганидан шикоят қилди. Ҳолатни ижобий ҳал қилиш учун туман ҳокимлигига муддат белгиланди.
Иштихон туманидан келган аёлнинг мурожаати ҳам эътиборни тортади: “20 йил муддатга кредитга олган уйим аллақачон “тўкилиб” бўлган. Собиқ “Қишлоққурилишинвест” ва ҳозирги туман ҳокимлигидан жудаям норозиман”.
Мазкур мурожаат бўйича ишчи гуруҳ тузилиб жойида батафсил ўрганиб, хулоса ва шунга қараб баҳо бериладиган бўлди.
“Кўзимни операция қилиш керак”, “Операцияга пул зарур”, “Фарзандимни операция қилдиришга имкониятимиз йўқ” – бу каби мурожаатларнинг барчасига мутасаддилар бириктирилиб, ҳал этиш қатъий назоратга олинди.
Сайёр қабулни кузатар эканман бир ҳолат эътиборимни тортди: Узоқроқдан, тўпланиб турган одамлар орасидан бир аёл отилиб чиқиб, тезлик билан ҳоким томонга интиларди. Аммо тартиб сақлаш учунми, рўйхатдан ўтмагани учунми ёхуд мурожаати асоссиз бўлганиданми, хуллас, тартиб посбонлари аёлни тўхтатишга ҳаракат қилди. Ҳоким эса ҳолатни кўриб, микрофонни қўлига олди ва “Қўйинглар, индаманглар, келсин!” деди.
Рад этилган мурожаатлар ҳам йўқ эмас. “Сартарошхона қуришим учун субсидия керак” (бу турдаги субсидия йўқ). “Деворим қулаб тушган, тиклаб беринг” (мурожаатчининг турмуш ўртоғи ишлайди, фарзандлари вояга етган, ўзингиз бажаринг), “ногиронлик гуруҳи олиб беринг” (бунинг аниқ тартиби бор)...
Очиғи, вилоят ҳокимига “менга биринчи гуруҳ ногиронлиги олиб беринг”, дея мурожаат қиладиганлар оз эмас экан. Икки соат ичида уч марта шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Бунақасини кутмагандим.
Биринчидан, вилоят ҳокими ногиронлик белгиламайди. Умуман, бу жараён раҳбарларнинг буйруғи билан бўладиган иш эмас.
Иккинчидан, “1-гуруҳ ногиронлиги керак” деётган бу кишилар оёғи билан юриб келди қабулга.
Табиийки бу каби мурожаатлар рад этилди. Тегишли комиссия кўриб чиқиши кераклиги айтилди.
Масаланинг яна бир томони бор. Нега фуқаролар бу масалада вилоятнинг биринчи раҳбарига чиқяпти? Нега улар айнан ногиронлик белгилайдиган тегишли ташкилотларга ишонмаяпти? Бу ташкилотларда ўтказиладиган кўрикда бирор сунъий тўсиқ борми ёки одамлар орасида ногиронлик олишга, аниқроғи, унинг имтиёзларига қизиқиш шунчалик юқорими? Ҳолат ўрганилиши керак, шекилли.
Ургут тумани Ватак маҳалласидан келган аёл шундай сўзлар билан мурожаат қилди: “Иккита чақалоғим бор, укам ногирон, ажрашганман, ота-онам йўқ. Уй сўрамайман, пул сўрамайман, ҳовлимнинг тўрида девор йўқ, аёл кишиман, девор қилиш жуда зарур бўляпти, аммо ўзимнинг имконим йўқ, маҳалладан бирор марта ёрдам олмадим, бир илож қилиб келдим олдингизга...”.
Бизнингча, мазкур мурожаат бўйича ортиқча сўзга ҳожат йўқ, тез орада ҳокимлик вакиллари ушбу манзилга борадиган ва ёрдам берадиган бўлишди.
Бир мурожаат шахсан мени хавотирга солди: “Медтехникум битирувчисиман, турли кўрик-танловларда қатнашганман, масалан “Завокат” интеллектуал ўйини вилоят босқичига чиққанман, менга тавсиянома берилса, тест имтиҳонисиз тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирмоқчи эдим”.
Очиғи, медицина йўналишида имтиҳонсиз ўқишга кириш тарафдори эмасман. Мазкур мурожаатчининг олдига бориб сўрадим: “Ёш экансиз, анча фаол кўринасиз, тестларга тайёргарлик кўрсангиз бўлмайдими?” У эса оилали экани ва имтиҳонларга тайёрланиш учун имкони йўқлигини айтди. Айтишича, маҳалласида ўзи танлаган тиббиёт йўналиши бўйича кадр керак. Хуллас, ният эзгу, аммо...
Кейинги мурожаат: “Интернетдан уста топиб уйимга мебел ясатгандим, пулни олиб чала қилиб кетти. Ҳамма жойга мурожаат қилдим. Охири сизга келишга мажбур бўлдим”.
Тўғри, катта муаммо эмас, аммо масала шуки аёлнинг ҳамма жойга қилган мурожаатлари натижа бермаган. Ҳолбуки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар бор. Лекин устанинг “чала иши” ҳам ҳокимгача етиб келди. Афтидан, қаерга мурожаат қилган бўлса ҳам унинг шикоятига етарли эътибор берилмаган. Ана шундай мурожаатлар оз эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Аслида қабулдан олган хулоcаларимиздан бири ҳам шу бўлди. Ҳозирги вақтда аҳоли муаммолари минг бир усулда – хонадонбай дейсизми, маҳаллабай дейсизми, ишқилиб ўрганиляпти. Аммо айрим жойларда энг оддий муаммолар ҳам ҳал қилинмаганки одамлар узоқ йўл босиб ҳоким қабулига келишмоқда. Фикримизча, эндиги қабулларда бу каби, жойида ҳал этса бўладиган мурожаатларнинг ҳудудийлигига эътибор қаратиш, айниқса, уларнинг олдин айни масала бўйича қаерларга мурожаат этгани ва қай тариқа ўрганилганига баҳо бериш керак. Шунда маҳаллий органларда ҳам мурожаатлар билан ишлашга эътибор кўпроқ бўлади.
Анвар Мустафоқулов.