Нега оилавий ажримлар кундан-кун ошиб бормоқда? Ажрим ҳукми 500 долларга чиққани ростми?

Алимент – болалар ҳуқуқи учун қонунчилик ҳимояси эмас, даъвогар учун манфаат, жавобгар учун азоб бўлмоқда. Оилавий ажримларнинг кўпайиши  - жамият интиҳоси, миллат фожиасидир. Нега оилавий ажримлар кундан-кун ошиб бормоқда, оталикни белгилаш муаммолари, ёлғиз оналар сони кўпаймоқда. Келажагимиз пойдевори гўдакларимиз, ўспиринларимиз айни тарбия олар чоғида тарбиячисиз, энагалар кўлида қолмоқда?

Сабаб: Глобаллашув даври, ахборот асри, интернет, ижтимоий тармоқлар ривожи, оммавий маданиятнинг шафқатсиз хуружи, бунга қўшимча равишда маҳаллий матбуотларимизда, айниқса, телеканалларимизда кундалик ҳаётимиз форовонлигини бир томонлама ўта бўрттириб реклама қилинаётганлиги, масалан: гўзал ҳаёт, фаровон турмуш, “обод қишлоқ”, “обод маҳалла”, “оламшумул “сити”лар” қурилиши рекламалари аҳолининг яшашга эҳтиросини, орзу ҳавасини шу қадар оширмоқдаки, бундай ҳаётга эришиш, айниқса, намунали уйлар, арзонлаштирилган уйлар, коттежлар, ёшлар уйи, ҳарбийларга уйлар, қолаверса, уларнинг бепул, текин берилаётганлиги тўғрисидаги меҳр-саховатга тўла эшиттиришлар матбуот монополияси даражасига чиқди.

Аммо, афсуски, бундай шоҳона ҳаётга эришиш учун орзунинг ўзи етмайди. Бунинг учун оилавий маблағ керак, оила аъзоларининг маблағ топиш манбаи – ишчи ўринлари керак. Ишлай деса иш йўқ, уй олай деса пул йўқ. Оилавий тадбиркор бўлиш, ўзига ўзи иш жойи яратиш жамиятимиз фуқароларининг деярли аксарият қисмининг қўлидан келавермайди, бу уларнинг айби ёки камчилиги ҳам эмас.

Томорқадан топганига тирикчилиги ўтиши мумкин, орзу-ҳавасга ҳеч нима қолмайди. Ижобий маънодаги ана шундай орзу-ҳаваслар сабабли, оилаларимиздаги етишмовчиликлардан келишмовчиликлар келиб чиқмоқда. Натижада оиланинг энг уддабурро аъзолари, ким бўлишидан қатъий назар, эрми, хотинми, ўғилми, қизми пул топиш учун хорижга чиқиб кетмоқдалар. Аксарият оилаларнинг бузилиб кетишига асосан ана шу факт сабаб бўлмоқда. Хўш, биз ушбу муаммоларни бартараф қилиш учун қандай чоралар кўряпмиз? Минглаб саволларга жавоб излаймиз ва яна ўша битта жавобни  топамиз – ишсизликни тугатиш!

ОҚИБАТ: Алқисса, оилавий ажримларни бартараф этиш борасида “Оила институти”га тегишли барча ташкилотлар, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла институти мутасаддилари, мутахассисларининг кечаю-кундуз елиб-югуришлари самара бермаяпти, жамоатчилик вакилларининг насиҳатлари бир пул. Мен бу фикрларимни барча оилаларга нисбатан айтганим йўқ, агар улар умумий оилалар сонининг ўн фоизини ташкил этган тақдирда ҳам бу биз учун фожиа, бир фоизи ҳам, бир донаси ҳам кўплик қилади. Фуқаролик судлари ажримларни камайтириш, эр-хотинни яраштириш мақсадида никоҳни бекор қилиш даъво аризаларини ҳал қилишни йиллаб чўзмокдалар. Натижада йигитларимиз ноқонуний уйланишга, маҳалла-куйдан яшириниб никоҳ ўкитишга мажбур бўлмоқда. Биз уларни кўр-кўрона таъқибга оляпмиз, муқаддас Қуръон оятларини, имомларимизни таҳқирлаяпмиз, жаримага тортаяпмиз, барибир натижа бўлмаяпти. Нима учун? Яна минглаб саволларга жавоб излаймиз, жавоб – оилани иш билан таъминлаш, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастурини тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш!

”Оила” марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, докторлик ишларини айтмайсизми, барчаси оиланинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ажримларни олдини олишга бағишланмоқда. Тадбирлар, семинарлар, қурилтойлар, намунали оила танловлари ва ҳоказо... Назаримда, оила ва хотин-қизлар масаласидаги бутун бир тизим ўз қобиғига ўзи ўралашиб қолгандек, вақтимиз тадбирлардан, тақдирлашдан ортмайди. Ҳужжат ишларини айтмайсизми, аслида, иш режа ва чораклик, йиллик ҳисоботлар тақдим этилиши етарли эмасдек, унга қўшимча ҳар бир муаммони, учрашув ва суҳбатни баёнлаштириш, суратини илова қилиш, айниқса, ёғилиб келаётган “портал” хатлари, хизмат текширувлари, камига ижтимоий тармоқлар хабарларига жавоб бериш, хуллас, фаолиятни амалда кўрсатишдан кўра, қоғозда кўрсатиш машаққат бўлмоқда. Қоғозбозликнинг авж олиши – бу ишончсизлик, кўзбўямачиликнинг белгисидир ва ходимларнинг асосий иш вақти юқорига чиройли хабар тайёрлаш, қоғозбозлик билан ўтмоқда. Иш фаолиятимдан келиб чиқиб мулоҳаза қиламанки, ҳанузгача аҳоли ичига чуқур кириб боролганимиз йўқ,  оилаларга, айниқса, нотинч, ноимкон оилаларга муаммо юз бергач етиб бормоқдамиз. 5-10 минглаб аҳоли яшаётган маҳаллада тўртта ходим ва битта мутахассис ишлайди, жорий йилда сектор ходимлари маҳалланинг тезкор ёрдамчисига айланди, уйма-уй юриш, хонадонма-хонадон муаммоларни аниқлаш расмийлаштирилган сўровномалар асосида бирма-бир кўриб чиқилди. Муаммони қандай усулда, ким томонидан ўрганилишидан қатъий назар, оилавий муаммолар барибир моддий маблағга бориб тақалмоқда. Сўровномалардаги муаммоларнинг асосий қисми ишсизлик муаммоси! Халқимиз меҳнаткаш халқ, иш бўлса 24 соат  ишлайди, пул топади, уйни қарзга эмас, давлатдан ўз пулига сотиб олади, уйини ўзи таъмирлайди, боласини ўзи боқади. Хорижда муте бўлиб ишлагандан кўра, оиласининг бағрида ғоз бўлиб ишлаганига нима етсин, солиғи ватанга, фойдаси ўзига беминнат яшаш қандай яхши. Бу гапларни бугунги кунда қишлоқлардаги аҳолимиз яхши тушунади, аммо, на илож, кун кўришдан ташқари орзу-ҳавас бор. Муаммо – муаммони туғаверади... Яна  иш... иш...?!

Шунинг учун фаровон ҳаётни тарғиб қилувчи, хўжакўрсинга ҳар кун ўтказиладиган мажлислар, тадбирлар, айниқса маблағ талаб қиладиган танловлар, унвонлар кескин қисқартирилмоғи лозим деб ҳисоблайман. Оилалар билан расмиятчиликсиз, ҳисобот учун эмас, сунъий, театр  кўринишдаги суратларга туширмасдан, жонли, табиий суҳбатлар, учрашувлар утказиш, хамкорликда жойнинг ўзида муаммоларнинг ечимларини топмоқ лозим.

НАТИЖА: Баъзан, барча фикрларимнинг аксини ўйлайман: Агар оилавий муаммоларга оид бутун бир тизим, бош вазир ўринбосаридан бошлаб, маҳалла мутахассисигача бўлган гендер ҳалқаси, хотин-қизлар ташкилоти бўлмаса-чи, ушбу оилавий муносабатларидан норози кимсалар кимга суянадилар, қайси эшикка борадилар эрини, хотинини, ёки, келини, куёвини кимга ёмонлайдилар? Ахир, ота-боболаримиз оиласининг муқаддаслигини, мустаҳкамлигини сақлаб қолиш учун танловлар, мусобақалар ўтказмаганлар-ку, “намунали оила” деган расмий ёрлиқлари бўлмаган. Оила сирларини, айбларини ичкарида тузатиб, ютуқларини фарзандларига, шогирдларига ўргатганлар. Фақатгина жиноятчиларни подшоларга, қозиларга олиб борганлар, оилавий муаммоларнинг ечимини адолат тарозисида, муқаддас Қуръон оятлари асосида оила бошлиқлари, оқсоқоллар ҳал этишган. Чунки, ҳар қандай ҳолда ҳам оиланинг аҳволига оила аъзоларининг раҳми келади, қариндошларнинг ичи куяди ва улар адолатли ечим топа оладилар, маҳалла, “участкавой”, ёки суд эмас. Бугунчи, истибдод йилларидан бошлаб юз йиллар давомида  гендер тенглиги учун кураш деб, аёлларимизга  кўпроқ “дарс” бериб, ўқитиб кўйдик шекилли, ажрим учун ариза бераётганларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этмоқда. Биргина фуқаролик судларида эмас, жиноятчилик судларида ҳам оилавий муаммолар кўриб чиқилмоқда. Аёлларимиз эрига, оила аъзоларига, қариндош-уруғларига эмас, давлат органларига ишониб, суяниб қолдилар. Оилада адолатни фақат эр ва хотин, сўнг қариндошлар доимий ўрната оладилар, бошқа кучларнинг таъсири вақтинчалик, бу асрлаб қонимизга сингиб кетган миллий менталитетимизнинг темир қонуни.

Икки оилани бир-бирига намуна қилиш, кўпчилик оилаларни камситилишига олиб келмоқда. Ибрат, тарбия  олиш, ҳавас қилиш учун телеканалларимиздаги ижтимоий-маиший кўрсатувларнинг ўзи етарли.

Оиладаги зўравонликларга қарши кураш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини белгилаганимиз сари яна муаммолар келиб чиқмоқда. Келинларимиз аразлаб эр уйидан чиқса, ота уйига борардилар, ҳозир уларга “қулайлик” яратиш учун ҳар бир туманда ижтимоий мослашув уйлари ташкил этилди. Республикамизда 165 та ижтимоий мослашув марказлари ташкил этилиб, уларга йил давомида 5.468 нафар хотин-қизлар мурожаат этган. Демак, уйсиз қолган, қувилган, ёрдамга муҳтож аёллар болалари билан ушбу уйларда яшаб турадилар, алиментларини оладилар, уларнинг болаларини боғчага, ўзларини ишга жойлаш лозим, токи уй билан таъминланмаса ёки эри билан ярашмаса уларни бу уйдан ҳеч ким чиқара олмайди, уй учун навбатда турганларни сўрамасангиз ҳам бўлади.

Келинг, шу муаммоларни ҳал этиш учун ўз фикрларимизни берайлик. Камчиликларни рўкач қилиб, раҳбарларни, ташкилотларни, тизимни,  ҳукуматни айблашдан олдин, биз ҳам шу ватаннинг фуқароси эканимизни унутмаслигимиз лозим.  

Сўнгги хулосамиз: Жамиятимизнинг бошланғич бўғини бўлган оилаларимизда бир-бирига боғлиқ бўлган иккита муаммо пайдо бўлди: ишсизлик ва ажримлар. Барчамизга маълумки, жамиятимизнинг қуйи бўғинидаги ушбу муаммолар бартараф этилмас экан, юқори ва бош бўғиннинг мустаҳкамлиги барқарор бўлолмайди. Ишсизликни тугатиш, фуқароларимизни доимий иш ўринлари билан таъминлаш борасида ҳукуматимиз тегишли барча тадбирларни амалга оширмоқда. Оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича, алимент белгилашнинг қонуний томонлари бир бор ўрганилиб чиқиб, тегишли чора ва тадбирлар кўрилса мақсадга мувофиқдир. 

ТАКЛИФ: Агар, эр-хотин орасида келишмовчилик келиб чиқиб, бир томон ажримга ариза берса, дастлаб, уч ойлик синов муддати ва муваққат алимент белгиланади. Иккала томоннинг келишуви, ярашуви ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан тушунтириш ишлари олиб бориш учун уч ой етарли вақт деб ҳисоблаймиз. Агар бу даврда ҳам маълум келишмовчиликлар юз берса, сўнгги марта уч ойлик муддат белгиланиб, муваққат алимент тўлови сақланиб қолади. Эр-хотиннинг бирга яшамаганлиги учун олти ойлик синов муддати диний ва дунёвий нуқтаи назардан ҳам энг маъқул оралиқ. Олти ойлик синовдан сўнг, агар эр-хотин бир-бирлари билан ёки бир томон  бирга яшашни истамаса, бошқа оила қуришлари учун изн беришлари, никоҳларининг расман бекор қилинишига рози бўлишлари шарт ва жоиз. Қонуний равишда ажрим аризаларининг синов муддатини қатъий белгилаш эр-хотиннинг, айниқса, ота-оналар, қуда-андаларнинг ҳушёрлигини оширади, масъулият ҳиссини юклайди, йиллаб чўзилаётган ажримлар оралиқларида юз бераётган нохуш жанжалларнинг, ноахлоқий воқеаларнинг олди олинади.  Шаръий никоҳ ўқитиш, оталикни белгилаш, қолаверса, ёлғиз оналар кўпайишининг олдини олиш, бартараф этилишига  имкон туғилади. Ушбу таклифнинг яна бир ечими борки, фуқаролик судларида эр-хотин келишолмасдан, турли хил сабаблар натижасида ажримнинг йиллаб чўзилиши ва бундан  безор бўлгач, бир томоннинг судьяга “илтимос” қилиши, ажримларнинг нолегал таъқиқланиши оқибатида кейинги йилларда фуқаролик судларида ажримларнинг “нархи” кескин ошиб кетди. Битта ажрим ҳукмини чиқариш учун даъвогардан энг ками 500 доллар пора сўралганлигининг гувоҳиман. Демак, ажрим муддатининг қатъий белгиланиши коррупциянинг ушбу йўналишдаги  имкониятларини бартараф этишга замин яратилади.

Ҳурматли аёллар, ажрим ва алимент билан эрингизни қўрқитиб, оилангизни ҳеч қачон мустаҳкамлай олмайсиз. Алимент пули билан болангизни боқолмайсиз, тарбия қилолмайсиз. Сиз учун энг савобли иш – ҳар қандай шароитда оилангизни сақлаб қолиш, тинч-тотув яшаш. Ҳеч қачон болангизни ўзганинг қўлига ташлаб, пул топиш учун оилангиздан чиқиб кетманг. Эртага болангиз ҳам пул топиш учун сизни ташлаб, оилангиздан чиқиб кетади. Ажрашган эрингизнинг 500 минг сўм алимент пулидан кўра, унинг ҳар кун уйингизга олиб келган бешта нонида барака бор. Яшасин оиламиз! Йўқолсин алимент!

Ойгул Маматова,  Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Оқдарё туман кенгаши раисининг диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.