Нега “свет” ўчяпти?

Кутилганидек, куз-қиш мавсумининг бошланиши ва дастлабки ёғингарчиликлар муносабати билан ушбу соҳага масъул шахслар томонидан тизим мавсумга тўлиқ тайёр эканлиги ҳақида бир неча бор баёнот берилганига қарамай, ҳудудларда аҳолини электр энергияси билан таъминлашда узилишлар кескин кўпайди.

Жомбой туманидаги Полвонариқ, Қўлбости, Наймантепа, Журият, Саричашма, Шерқўрғон маҳаллаларининг 10 мингдан ортиқ аҳолиси электр таъминоти тизимидаги узилишлардан энг кўп жабр кўрмоқда.

Масалан, 24-26 октябрь кунлари Наймантепа аҳоли пунктларида соат 19:00 дан 20:30 гача электр таъминоти тизимида узилишлар юзага келган бўлса, 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси номаълум сабабларга кўра, бу ерда “свет” бутунлай ўчирилган.

"Қўлчироқ ва шам ёруғида ишлаяпмиз ..."

– Шу кунларда фонус, қўлчироқ ва шам ёруғида ишлашга, беморларни даволашга мажбур бўлдим, – дейди “Наймантепа” қишлоқ врачлик пункти педиатри Тўллибой Ҳамроев. – Бу ҳолат сабабларини билиш учун “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти туман филиали диспетчерига бир неча бор мурожаат қилдик, аммо аниқ бир жавоб олмадик.

– Электр таъминотидаги узилишлар натижасида яқин атрофдаги дўконларида битта шамнинг нархи 3 минг сўмдан 5 минг сўмга кўтарилди, – дейди уй бекаси Наргиза Холмуродова.

“Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти Жомбой туман филиали раҳбари Ихтиёр Ҳимматов билан боғландик.

- Ҳа, биз бу узилишлардан хабардормиз, аммо бу ҳолатнинг аниқ сабабини ҳали билмайман, - деди у. – Тумандаги юқорида қайд этилган фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи барча истеъмолчилар 35-линия орқали электр энергияси билан таъминланган. Бу линия бизларга бўйсунмайди. У вилоят ёки Тошкентдан бошқарилади. Лекин улар одатда бу линияни беҳуда ўчирмайдилар, эҳтимол жиддий сабаблари бордир. Ҳозирда биз буни аниқлаяпмиз.

Электр узилишлари қанча давом этиши, нега бу ҳақда истеъмолчиларга олдиндан хабар берилмагани ҳақидаги саволларимизга эса жавоб топилмади.

Огоҳлантиришсиз ўчиришади…

Пайариқ туманидаги Эшимоқсоқ, Оққўрғон, Сорисув, Маниобод маҳаллалари аҳолиси ҳам худди шундай вазиятга дуч келди.

- Бир ой олдин қарздорлик туфайли уйимиздаги ҳисоблагич ўчиб қолганди, – дейди Эшимоқсоқ маҳалласида яшовчи Салоҳиддин Жўраев. - Тўловни амалга оширгач, икки кундан сўнг чироқни ёқишди. Кейин менга олдиндан огоҳлантирмасдан истеъмолчининг чироғини ўчиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтишди. Лекин шу кеча-кундузда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, ҳар куни ҳоҳлаган вақтида чироқни ўчиришяпти-ку.

Яроқсиз трансформаторлар...

Исм-фамилиясини айтишни истамаган мулозимнинг сўзларига қараганда, тизимдаги узилишнинг асосий сабабларидан бири - узоқ вақтдан бери реконструкцияга муҳтож бўлган электр тармоқлари ва трансформатор пунктларининг эскирганлигидир.

Қолаверса, кўплаб қишлоқларда электр узатиш тармоқлари дарахтлар орасида қолиб кетган, одамлар ўзлари эккан дарахтлар электр симларига тегиб турган бўлса-да кесиб ташламайди. Бу ҳам электр энергиясидаги узилишлар ва трансформаторларнинг муддатидан олдин ишдан чиқишига олиб келади.

Мутахассисларнинг айтишича, тизимнинг асосий муаммоси шундаки, биз эскирган линия ва трансформаторларни янгиларига алмаштирмасдан, ҳамма жойда янги электрон ҳисоблагич ўрнатдик. Эскирган электр тармоқлари эса ушбу замонавий технологияларга мос эмас. Ёмғир ёки шамол натижасида тармоқлар ишдан чиқади ва электр узилади. Совуқ кунларда эса эски трансформаторлар ҳаддан ташқари кучланиш ва зўриқишдан ёниб кетяпти. Жомбой тумани Наймантепа маҳалласи Туркман ва Қозон қишлоқларидаги трансформаторлар билан худди шундай ҳолат содир бўлди. Октябр ойида кучли ёғингарчилик натижасида ҳар иккала трансформатор бирин-кетин ёниб кетди.

"Трансформаторни ўзимиз ўрнатаяпмиз"
Айрим маҳаллалар аҳолиси бугун “ҳудудий дастурлар” амалга оширилишидан умидини узиб, ўз маблағлари ҳисобига устунлар ўрнатишга, ҳатто йирик трансформаторлар харид қилишга киришди.
– Қишлоқдошларимиз билан маслаҳатлашиб, ўтган йили трансформатор сотиб олиб, ўрнатдик, бунинг учун 50 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди, – дейди Жомбой туманидаги Туркман-2 қишлоғида яшовчи Ғайбулла Бойзоқов. – Хорижда ишлаб юрган юртдошларимиз катта ёрдам беришди. Мана энди, ниҳоят, бизнинг уйларимизда ҳам свет ўчмайдиган бўлди.

Ёрмамат РУСТАМОВ.