Немис тилини ўқитиш методикаси бўйича ўчмас из қолдирган олим

Шундай инсонлар яшаб ўтадики, одамлар уни яхши сўзи, эзгу амали туфайли бот-бот эслаб юради. Масалан, Самарқанд давлат университетида баракали ишлаб, юзлаб шогирдлар орттирган пурҳикмат устозлардан бири Абдураҳмон Нурмуҳаммедов ана шундай олим, ана шундай ўқитувчилардан эди. 

А.Нурмуҳаммедов 1940 йилнинг 20 июлида Иштихон туманининг Тўқсоновул қишлоғида туғилди. 1958 йилда Самарқанд давлат университети чет тиллар факультетининг немис тили йўналишига ўқишга кирди. 1963 йилда ўқишни имтиёзли диплом билан тугатгандан сўнг, немис тили кафедрасининг ўқитувчиси лавозимига ишга олиб қолинди.

У меҳнат фаолияти жараёнида ҳам ўзининг фаоллигини кўрсата олди. 1972 йилда собиқ СССР Фанлар академиясининг тилшунослик институти  Ленинград бўлимига аспирантурага кириб, «Немис ва ўзбек тилларида бошланғич ҳаракатнинг ифодаланиши» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1977-1980 йилларда немис тили кафедрасининг катта ўқитувчиси, 1980-1985 йилларда кафедра мудири лавозимларида ишлади.  1985 йилдан 1997 йилгача немис тили кафедрасининг доценти вазифасида, 1997 йилдан 2011 йилгача кафедра мудири, 2011 йилдан умрининг охиригача роман-герман тиллари кафедраси доценти вазифасида ишлади.

Домла қисқа, лекин сермазмун ҳаёти йўлида илм-фан ва немис тилини ўқитиш методикаси соҳасида ўчмас из қолдирди. 

Илмий йўналиши соҳасида 100 дан зиёд илмий мақолаларини вилоят, республика миқёсидаги ва хорижий журналларда чоп эттирди. Домла ўзининг илмий фаолияти жараёнида немис тилидага  “als” боғловчиси билан боғланган пайт эргаш гапли қўшма гапни ўзбек тилидаги пайт эргаш гапли қўшма гапга қиёслаш, ўзбек гуруҳларида немис тилидаги имплицит ҳодисаларни ўрганиш, “ur” префиксининг лексик-семантик хусусиятлари ва уларнинг ўзбек тилида ифодаланиши каби ўнлаб илмий мақолалари билан ёш олмоншуносларга мустаҳкам кўприк қуриб берди.  Шунингдек, немис тили фанини ўқитиш методикасида ҳам талабалар учун зарур 10 дан зиёд ўқув ва услубий қўлланмалар яратди. Шу билан бирга Абдураҳмон Нурмуҳаммедов немис ва шарқ шоирлари шеъриятининг шайдоси эди. Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Фузулий, Бобур, Гёте каби мумтоз алломаларнинг шеърларини бутун вужуди билан ёддан ўқирди.  

Домла ажойиб устоз, заҳматкаш олим, яхши ҳамкасб бўлиши билан биргаликда ажойиб оила бошлиғи ҳам эди. Домланинг 3 ўғил, 2 қизи олий маълумотли бўлиб етишди.  

Абдураҳмон ака бугун орамизда йўқ, лекин фарзандлари, шогирдлари, Самарқанд давлат университети роман-герман тиллари кафедраси жамоаси у кишининг ёрқин хотирасини ҳеч қачон унутмайди.

Акром Ҳасанов, 

СамДУ роман-герман тиллари кафедраси мудири.