Нуробод туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси

Марказий Осиёдаги энг йирик молиялаштирилиши якунланган қайта тикланувчи энергия ва инфратузилма лойиҳаси сифатида тақдирланди

Лондон шаҳрида “London Stock Exchange Group” томонидан ташкил этилган “Project Finance International (PFI) Award” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Project Finance International (PFI) Award” - молиялаштириш, инфратузилма ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) соҳасидаги етакчи халқаро нашрлардан бири ҳисобланади.

“ACWA Power” (Саудия Арабистони) томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида амалга оширилаётган умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, умумий қуввати 668 МВт бўлган 2 та электр энергиясини сақлаш тизими (БEСС), лойиҳа иш фаолиятини таъминловчи йирик 500 кВ кучланишли подстанция ҳамда умумий узунлиги 441 километр бўлган 220–500 кВ электр узатиш тармоқларини қуриш йирик энергетика мега-лойиҳаси “Project Finance International (PFI) Award” доирасида “Central Asia Deal of the Year” номинациясида Марказий Осиёдаги энг йирик молиялаштирилиши якунланган қайта тикланувчи энергия ва инфратузилма лойиҳаси сифатида тақдирланди.

Мазкур лойиҳа нафақат қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш, балки энергия сақлаш ва магистрал тармоқ инфратузилмасини комплекс ривожлантиришни назарда тутгани билан аҳамиятли.

“Green Street” компанияси таркибига кирувчи, инфратузилма соҳасидаги комплекс интеллектуал платформа ҳисобланувчи “IJGlobal” томонидан тақдим этиладиган лойиҳаларни молиялаштириш ва инфратузилма соҳасидаги энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган қуйидаги лойиҳалар халқаро миқёсда эътироф этилган:

- Сурхондарё вилояти Ангор туманида Нидерландиянинг “Stone City Energy” компанияси томонидан амалга оширилаётган, қуввати 1560 МВт бўлган иссиқлик электр стансияси лойиҳаси;

- Бухоро вилояти Олот туманида БААнинг “Masdar” компанияси томонидан барпо этилган, қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 63 МВт қувватли электр энергиясини сақлаш тизими (БEСС) лойиҳаси.

Ушбу лойиҳалар халқаро молия институтлари иштирокида молиялаштирилган инфратузилма лойиҳалари сифатида алоҳида эътирофга сазовор бўлган. Мазкур халқаро мукофотлар Ўзбекистонда инвестиция муҳитининг очиқлиги, шаффофлиги ва динамик ривожланаётганидан далолат беради.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларининг халқаро молия бозори талабларига тўлиқ жавоб берувчи, яъни “bankable” эканини тасдиқлайди. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал инвестиция майдонидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.