Нурободлик ёшларнинг муаммоларига ечим топиляпти(ми?)

Нуробод туманида “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш мақсадида ўтказилган хатлов натижасига кўра, 26 727 нафар ёшнинг 4 649 нафарини турли хил муаммолар қийнаб келаётгани аниқланган. Ҳозирда “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган йигит-қизлар муаммоларига ечим топиш мақсадида зарур чоралар кўриляпти. Асосан, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

- Рўйхатга киритилган ёшларнинг 1643 нафари ишсиз эди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Наврўзбек Жалолиддинов. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 776 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Қолганларини ҳам ишли қилиш учун тумандаги барча корхона ва ташкилот раҳбарлари масъул қилиб бириктирилган. Асосан, тадбиркорлик, ҳунармандлик, “Ҳар бир ёшга - 1 гектар” лойиҳаси доирасида ер ажратиш, доимий ва мавсумий ишларга жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга эришилмоқда.

Улусда ишсиз ёшлар нега кўп?

Туманда энг кўп муаммоли ёшлар Улус маҳалласида аниқланган. Ўтказилган хатловда 182 нафар йигит-қиз ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилган.

- Яширмадик, тортинмадик, қанча фарзандларимиз ишсиз бўлса барини дафтарга киритдик ва бу яхши натижа беряпти, - дейди маҳалла раиси Ўктам Улуғов. – Рўйхатдаги ёшлардан 27 нафарига фермер хўжаликлари даласидан ҳар бирига 50 сотихдан ер ажратилди. Бу ерга экиладиган уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш учун ҳомийлар топишга кўмаклашилди. 22 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. 30 нафарига ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида пайвандлаш, карчер ва бошқа турдаги ускуналар олиб берилди. 10 нафар хотин-қиз тикув машинаси олди.

- Коллежни битиргандан бери ишлаш учун хорижга бориб келиб юрардим, - дейди Тўйчи Эшмуродов. - Бу йил 50 сотих ер ажратилди. 25 сотихига картошка уруғини қададим. Насиб этса 5-6 тонна ҳосил олишни режалаштириб турибман. Ернинг қолган қисмига маккажўхори ва помидор экдим. Ҳозир уларнинг ҳам ривожланиши яхши.

- Ишсизлигим туфайли “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилганман, - дейди яна бир улуслик йигит Сайилхон Ўролов. - Темирни пайвандлаш қўлимдан келарди, аммо ускуналарим йўқ эди. Шу масалада сектор раҳбарига мурожаат қилгандим, субсидия асосида керакли ускуналар олиб берилди. Устахона очиб, ёнимга “Ёшлар дафтари”да турган йигитлардан 4 нафарини шогирдликка олдим ва ишни бошлаб юбордим. Асосан, дарвоза, панжара, сўри, войиш ва арғимчоқлар ясаяпмиз. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш истагидамиз.

Узоқ йиллардан бери бўш турган хона цехга айлантирилди

Туманнинг Халқобод маҳалласида бир пайтлар хўжалик идораси бўлган эски аммо, фойдаланишга яроқли бўлган бинода фуқаролар йиғини фаолият кўрсатади. Бинодаги 6 та хона бўш турган эди. Бугун улардан бирида кичик тикув цехи очилди.

- Ишсиз эдим, “Ёшлар дафтари”га киритилдим, - дейди шу маҳаллада яшовчи Манзура Орзуқулова. – Маҳалламиздаги ёш хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун Ёшлар жамғармаси ҳисобидан 5 та замонавий тикув машинаси берилди. Маҳалла биносидан жой ажратилди. Биз бирлашиб кооператив ташкил қилдик. Бугунги кунда аёллар, эркаклар ва болалар кийимларини тикяпмиз.

Бинодаги бошқа бўш турган хоналар ҳам ҳунармандчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга берилиши режалаштирилган.

Ёшлар тадбиркорликка ўқитиляпти, аммо...

Туманда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган, аммо етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган ёшлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

- Ишсиз ёшларимиздан 114 нафари Савдо-саноат палатаси туман бўлими қошида ташкил этилган курсларда тадбиркорликка ўқитилиб, сертификатлар берилди, - дейди туман тадбиркорликка кўмаклашиш маркази раҳбари Музаффар Қиличев. – Уларга дарс жараёнларида туман ҳокимлиги мутахассислари, ёшлар ишлари агентлиги, банк, солиқ ҳамда марказимиз ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур кўрсатмалар берилди. Ўқув курсини тамомлаган 20 нафар ёш банкдан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 20 нафарига кредит расмийлаштириш жараёни кетмоқда.

Бугунги кунда марказда яна 25 нафар йигит-қиз тадбиркорликка ўқитиляпти. Бу яхши, албатта. Аммо курсни тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлаётган ёшларга кредит ажратишда муаммо юзага келмасмикан?! Уларнинг аксарияти курсни битириб, банкдан кредит олиш ва тадбиркорликни бошлаш истагида бўлса...

- Ишсиз эдим, Ёшлар ишлари агентлиги вакилларининг таклифи билан тадбиркорликка кўмаклашиш марказида ўқидим, - дейди Шарқ юлдузи маҳалласида яшовчи Асадбек Азаматов. – Сертификат олсам, ишларим осон кечади, деб ўйлагандим. Бу орада “Асадбек павловния боғи” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдим. Энди кўчат олиш учун пул керак пайтида кредит сўраш учун “Агробанк” туман филиалига бордим. “Ресурс йўқ”, деган жавобни олдим. Халқ банки туман филиалида ҳам навбатда турганлар кўплигини эшитиб, қўшни Паст Дарғом туманидаги “Микрокредитбанк”  филиалига боришга мажбур бўлдим. Аммо у ердаям ишларим битиши осон кечмаяпти.

Банк ходимларининг ёшларга муносабати қандай?

Шу саволга жавоб ва ёшларга ажратилаётган кредитлар бўйича маълумот олиш учун тумандаги банкларда фаолият олиб бораётган масъуллар билан суҳбатлашмоқчи бўлдик. “Агробанк” туман филиалига борганимизда бошқарувчи ишда йўқ экан. Бошқа масъуллар эса бошлиқ бўлмаса ва вилоятдаги “катталари”дан рухсат сўрамаса бизга интервью беролмаслигини, улар билан боғлана олмаётганини айтишди.

Халқ банки туман филиалида ҳам бошқарувчи йўқ экан, аммо масъул шахслар маълумот ва интервью беришди.

- Биринчи ярим йилликда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг 94 нафарига кредит ажратилиши режалаштирилган, - дейди Халқ банки туман филиали юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Бобур Темиров. – Шу йилнинг 18 май ҳолатига кўра 65 нафар ёшга 1 миллиард 663 миллион 249 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Ўзини ўзи банд қилиш муаммога қай даражада ечим бўлади?

Туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларнинг асосий муаммоси ишсизлик. Бандлиги таъминланганлар рўйхатида турган нурободлик ёшлар билан учрашиб, айримлари билан телефон орқали боғланиб, масалага ечим топиш чоралари кўрилаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина, йўл қўйилган камчиликлар ҳам йўқ эмас экан. Масалан, Жом қишлоғида яшовчи Зулайҳо Тўрабоева қоғозда ишлилар рўйхатида турибди. Аслида эса...

- Маҳалла фаолларидан нолимайман, кўп ёрдам қилди, - дейди у. – Аввал “Темир дафтар”га киритилдим. Моддий ёрдамлар, озиқ-овқат маҳсулотлари бериб туришди. Кейин бу “дафтар”дан чиқаришиб, “Ёшлар дафтари”га киритишди. Бу рўйхатга киритилганимдан кейин бир марталик 490 минг сўм миқдорида моддий ёрдам беришди. Ишсизман, ишлашга имконим ҳам йўқ. Сабаби, кичик фарзандим касал. Харобагина бир хоналик уйда 3 фарзандимиз билан яшаймиз. Турмуш ўртоғимнинг тўрт мучаси соғ. У ёзда қўлидан келганча мардикорлик қилиб пул топиб келади. Қишда эса бекор. Болаларимга нафақа пули ўтган йилнинг декабрь ойида тўхтатилган эди. Яна чиқариш учун хўжайиним ишли бўлиши шарт эканлиги, ўзини ўзи банд қилиши ва бунинг учун 247 минг сўм тўловни амалга оширишимиз зарурлиги айтилди. Ёшлар жамғармасидан берилган бир марталик моддий ёрдамнинг ярмидан кўпи шунга сарфланди. Аммо, мана, икки ой вақт ўтдики нафақадан дарак йўқ.

Бу бир мисол. Туманнинг олис қишлоқларида ана шундай ишсиз, имконсиз, хуқуқий маслаҳатларга муҳтож ёшлар бошқа топилмаслигига ким кафолат беради?!

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.