Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга ҳам мулк ҳуқуқи берилади

Жорий йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамаси Президент фармонига кўра қарор қабул қилди ва шу асосда мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Низом тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди. 2019 йил 1 майгача давом этадиган акцияда мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатлари 2 та шарт асосида берилади. Яъни, ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ тураржой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ерда жойлашмаган ва ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик талабларини, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.

Қарор кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотураржойларга нисбатан татбиқ этилмайди. Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурган иморатга мулк ҳуқуқини олиш учун ўша ҳудуддаги давлат хизматлари марказлари орқали туман (шаҳар) ҳокими номига ариза билан мурожаат қилади. Аризага мурожаат қилувчининг паспорт нусхаси, оила аъзолари, ерга эгалик қилган муддат ва иморат қурилган вақт тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома тақдим қилади. Бундан бошқа ҳужжат талаб қилиш мумкин эмас.

Аризани кўриб чиқиш учун давлат хизматлари маркази томонидан йиғим ундирилмайди, фақатгина бир марталик акция доирасида энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида йиғим тўланади. Агарда мурожаат этувчи ёлғон маълумот тақдим этса, ариза рад этилади.

Ариза асосида кадастр хизмати томонидан ўрганиб, хулоса берилгач, туман комиссияси иморатга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Ушбу масала юзасидан вилоятдаги давлат хизматлари марказларига жорий йилнинг 1 августигача 686 та мурожаат келиб тушган бўлса, ҳозиргача 31 нафар фуқарога туман (шаҳар) ҳокимларининг мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарори чиқарилди.

 

Ф.АНАРОВ,

давлат хизматлари агентлиги

вилоят бошқармаси бўлим бош

маслаҳатчиси.