ОАВ ҳамда блогерлар саҳифаларида ўзгалар томонидан қолдирилаётган изоҳлар учун жавобгар бўлмайди

Кеча Комил Алламжоновнинг таклифига биноан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бир гуруҳ журналист ва блогерлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда агентликнинг баёноти муҳокама қилинди. Учрашув ҳақида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев қуйидагиларни баён қилди.

Учрашувда мен ҳам ўз фикримни билдирдим. Фикримнинг асосий хулосалари қуйидагича:

Биринчидан, туҳмат, ҳақорат ва қонунга хилоф бошқа мазмундаги материалларни эълон қилиш мумкин эмас, бунга ҳамма журналистлар ҳам, блогерлар ҳам бирдек қўшилади, ҳеч ким эътироз билдирмаса керак.

Иккинчидан, ОАВ ҳамда блогерлар саҳифаларида ўзгалар томонидан қолдирилаётган изоҳлар учун жавобгар бўлмайди. Бу қонунчиликда кўрсатилмаган. Ҳамма ўзининг айтган гапи учун жавоб беради.

Учинчидан, агар агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки оддий фуқаролар томонидан терроризм, диний экстремизм, миллий, этник сепаратизм, ҳақорат ёки туҳмат ва ҳ.к. изоҳлар қолдирилгани ҳақида ОАВ ҳамда блогерлар расман огоҳлантирилса, бундай тақдирда ушбу изоҳлар ўчирилиши керак.

Тўртинчидан, расмий огоҳлантириш берилгандан кейин ҳам ОАВ ёки блогерлар ўша изоҳларни кўра била туриб ўчирмаган бўлса, ана шундагина тегишли чора кўрилиши мумкин.

Бешинчидан, изоҳларнинг қолдирилган муддати муҳим эмас, огоҳлантиришнинг берилган муддати муҳим. Масалан, огоҳлантириш бугун келгану, аслида ўша терроризмга оид изоҳ 1 йил олдин қолдирилган бўлса, унда ОАВ ёки блогерларга “нима учун 1 йилдан буён ўчирмадинг” дея зуғум қилиш мумкин эмас. Огоҳлантириш бугун келганми, демак ана шу санадан бошлаб ҳисобланади;

Олтинчидан, ОАВ ҳамда блогерлар огоҳлантириш келганда барча изоҳларни ўчиришга мажбур эмас. Агар улар кўрсатилган изоҳда қонунга хилоф маълумот бор деб ҳисобламаса, унда рад қилиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда иш судда кўриб чиқилади. Фақат суднинг қарори мажбурий характерга эга. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, агар суд ўша изоҳни қонунга хилоф ва жиноят деб топса, унда ОАВ ёки блогерлар жиноятни ўз вақтида бартараф этмаганлиги сабабли, биргаликда жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Таваккал қилишдан олдин яхшилаб ўйлаш керак.

Еттинчидан, ОАВ ёки блогерларга киритилган огоҳлантиришлар сони салбий хулоса учун асос бўлмайди. Масалан, йил давомида қонунга хилоф изоҳларни ўчиришни сўраб, «KunUz»га 800 та, «DaryoUz»га 500 та, «GazetaUz»га 100 та огоҳлантириш киритилган бўлса, бу рақамлар нашрларнинг яхши ёки ёмонлигини англатмайди, шунчаки бу муштарийлар сони ва фаоллигига боғлиқ холос.

Саккизинчидан, қонунга хилоф изоҳларни ўчиришдан бош тортган ОАВ ёки блогерларнинг статистикасигина салбийлик сифатида баҳоланиши мумкин. Мисол учун, киритилган 100 та огоҳлантиришнинг 40 тасини бажаришдан бош тортди, шундан 38 тасида судда ютқазди. Демак, 38 та ҳолатда огоҳлантиришларни асоссиз рад қилиб, жиноятга замин яратган, дейилсагина ўша ОАВ ёки блогер фаолиятига салбий баҳо сифатида қараш мумкин.

Тўққизинчидан, илтимос, ҳурматли муштарийлар, изоҳлар қолдираётганда Сизлар ҳам масъулиятни ҳис қилиб, ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматини очиқ-ойдин бузадиган, туҳматга мойил фикрлар қолдирмасангиз. Аммо бу - асло сўз эркинлигини бўғиш эмас, қонун доирасидаги ҳар қандай танқидий ва таҳлилий фикрларингизни доимо қўллаб-қувватлайман, дейилади хабарда.