Кўп қаватли уйлардаги таъмирлаш ишлари нега чала қолди? Ажратилган пуллар қаерга кетди?
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан "Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси"га 50 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилганди. Бу маблағ эвазига шаҳарнинг Суғдиёна, Сартепа, Микрорайон массивларида улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Биргина Суғдиёна масканидаги 68 та кўп қаватли уйнинг том, ертўла, ички муҳандислик тармоқлари мукаммал таъмирланади. Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар ободонлаштирилиб 11 та болалар боғчаси, 15 та спорт майдончаси, 17 та аҳоли йиғинлари учун айвон, 3 та ўйин майдончаси ва битта автотураргоҳ қурилиши режалаштирилганди ва бу ишлар жорий йилги Наврўз байрамигача бажарилиши белгиланганди. Хўш, орадан шунча муддат ўтди, белгиланган вазифаларнинг қанчаси амалга оширилди? Ушбу саволларга жавоб излаб, Самарқанд шаҳридаги Суғдиёна маскани Зулфия маҳалласида бўлдик.
Ертўладаги ҳовуз
- 8-уйни таъмирлаш учун 248 миллион сўм маблағ ажратилган экан, - дейди уй бошқарувчиси Сайёра Комилова. - Ширкат бошлиғи ва бошқа масъуллар уй бошқарувчиларни чақирмасдан смета тузишган. 2018 йил октябрда иш бошланишидан олдин бажариладиган ишлар сметасини кўрганимизда ертўла тўлиқ таъмирланиши, уйнинг олд ва орқа қисми рангланиши, балконларнинг пастки қисмига тунука қопланиши, ирригация ариғини тўғрилаш, аҳоли учун дам олиш маскани, болалар майдончаси қилиниши белгиланганди. Аммо режадаги ишлар номигагина бажарилиб, чала қолиб кетди. Ертўлада канализацияни алмаштиришдан бошқа ҳеч иш бўлгани йўқ. Уйнинг ярмидагина иссиқ ва совуқ сув тизими алмаштирилди. Подъезларнинг айримларига кафел, айримларига плита ётқизилган. Бу ҳам аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Қурилиш корхонаси вакиллари бошда янги йил байрамигача ишларни якунлашини айтишганди, кейин март ойининг охиригача тўлиқ тугатамиз, дейишди, аммо июнь ойи ҳам бошландики, ҳали уй таъмири тугагани йўқ. Қурилиш корхонаси раҳбарига шу масалада телефон қилсак, икки кун ичида ҳаммасини тўғрилаймиз, дейди лекин қайси "икки кун"лигини билмаймиз.
Ертўладаги ёриқ қувурдан чиқаётган сув уй остида ҳовуз ҳосил қилибди. Бу ердаги симлар ва канализация тармоғи қувурларининг пала-партишлиги кўпчиликда ваҳима уйғотади, ертўладан эса бадбўй ҳид анқийди.
Шаҳло Собирова 8-уйнинг 25-хонадонида уч фарзандини вояга етказяпти, аммо улар ёз келишидан ҳам, қиш келишидан ҳам бирдек азият чекишади.
- Уйимиз биринчи қаватда жойлашган, - дейди Ш.Собирова. - Шунинг учун ертўладаги сувнинг намлиги ва бадбуй ҳидидан иссиқ кунда уйда ўтириб бўлмайди. Бетонларнинг очиқ қисмидан ҳар хил ҳашаротлар чиқади. Кўп йилдан буён иситиш тизими йўқ. Қишда уйни иситиш учун электр печ қўйсак деворлар моғорлайди. Бунинг устига дераза олдидаги сув қувурини ҳам ковлаб, очиқ қолдиришган.
Ширкатлар "доирадан ташқарида(ми?)"
Аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига ширкат раҳбари нима дейди.
- Ширкатимиз 10 та уйга хизмат кўрсатади, - дейди "Зулфия строй-сервис" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Абдуҳамид Мусурмонов. - Подъездларга ётқизилган кафел ва плиталар ҳам лойиҳачилар томонидан сметага киритилган. Уйларни таъмирлаш учун сметани Самарқанд шаҳар архитектура бўлими ва "Меъмор қурилиш лойиҳа" масъулияти чекланган жамияти тузган ва ҳар бир уйга 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Лекин қурувчилар белгиланган ишларни юзаки бажариб, алмаштириладиган жиҳозларни энг сифати пастини ўрнатишяпти. 10 та уйга 5 та болалар майдончаси режалаштирилган бўлса-да, биттаси ҳам қурилмади, ирригация тизимлари эса чала қолиб кетди. Аввал ертўлалар қуруқ сақланган бўлса, ҳозир сув тўпланяпти. Кириш эшиклари ҳам бирида янгиланяпти, бошқа уйда эскиси қолдириляпти, чунки айрим уйларнинг эшикларини алмаштириш сметага киритилмаган эмиш. Қурувчига сифатсиз таъмирни айтсак "Сен пул бераётганинг йўқку", дейди. Лекин бу уйларда биз яшаймиз, ширкатимизга аъзо оилалар яшайди. Бу маблағни давлат биз учун беряпти.
"Уйимиздан ҳашаротлар чиқяпти"
Суғдиёна массиви Тожмаҳал маҳалласи 16-уйни кўздан кечирдик. Қурувчилар уйнинг кўпчиликка кўринадиган 7 та подъезди ва ташқи қисмларини ранглабди, холос.
- Пастдаги учта қаватнинг канализация, иссиқ, совуқ сув қувурлари алмаштирилди, лекин асосий қўшимча қувурларни уй эгаларининг ўзлари сотиб олишди, - дейди 1-хонадонда яшовчи Алеся Кручкова. - Аммо 4-5-қаватлар таъмирланмади, канализация ҳам ишламайди. Иккита подъездга битта ўриндиқ қўйилган, болалар майдончаси ҳам йўқ. Қурилиш ишларини ширкат раҳбари бошчилигида қурувчилар бажаришмоқда, аммо сметада қанча маблағ ажратилган, нима ишлар қилинади, қайси корхона таъмирлайди, буларни билмаймиз.
- 20 йилдирки шу уйда яшайман, - дейди Илмира Раҳмонова. - Уйимиз 1978 йилда қурилган ва шу пайтгача таъмирланмаган. Хонадонимиздаги барча қувурларни ўзимиз янгилаганмиз. Ҳозир сифатсиз иш туфайли ертўлада намлик ортган ва уйимиздан чаён ва бошқа ҳашаротлар чиқяпти, бу биринчи марта эмас. Уйда ўтиришга ҳам хавотирланиб қолдик.
Шундан сўнг 16 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи "Меҳрож файз" ширкатига йўл олдик.
Яшовчиларнинг айтишича, ширкат раҳбари биздан бироз олдин ичкарига кирган, аммо биз борганимизда соат 14:40 да ҳаммаёқ очиқ, ширкат раҳбаридан эса дарак йўқ эди.
Али Қушчи кўчасидаги 3-уй 1968 йилда қурилган. Уй бошқарувчиси Нодира Номозованинг айтишича, ертўла тўлиқ таъмирланган, кабеллар, канализация тармоқлари, сув қувурлари, эшиклар янгиланган, сифатли ўриндиқлар ўрнатилган, барчаси қониқарли бажарилган, аммо болалар майдончаси йўқ.
Буюк Ипак йўли кўчаси 26-уйда яшовчи Фарангиз Исмоилова ҳам болалар майдончаси йўқлиги, сифатсиз ўриндиқлар ўрнатилганлиги ва ертўладаги намлик туфайли уйга турли хил ҳашаротлар ўрмалаб чиқаётганини билдирди.
Қурувчидан миннатдормиз
Микрорайон Б массивидаги 20-уй таъмирини "Яҳё Файз барака" хусусий корхонаси қурувчилари тендерда ютиб олганди. Таъмир учун ажратилган 393 миллион сўм маблағ ҳисобидан белгиланган ишлар якунига етди.
- Беш ойда уйимиз тамомила янги кўринишга келди, - дейди 32-хонадонда яшовчи Нодир Тангиров. - Уйнинг эшиклари тўлиқ алмаштирилди, подъездлар ҳавас қилгулик даражага келтирилди, ертўла таъмирланди, сантехника жиҳозлари янгиланди, электр монтаж ишлари бажарилди, фасад қисми рангланди, ҳар бир подъезд олдида алоҳида ўриндиқлар, ирригация ариқлари ўрнатилди. Яна қурувчилар ширкат томонидан бажарилган ишлар туфайли сметадан ортган маблағга режада бўлмаса ҳам 9х6 ўлчамда айвон қуриб беришди.
Буюк Ипак йўли кўчасидаги 12-уй қурилганига бу йил 50 йил бўлди. Уй нисбатан пастроқда жойлашганлиги туфайли атрофдаги ёмғир сувлари шу уй ертўласига келади. Ҳозиргача "Отабек Д.Р." хусусий корхонаси қурувчилари томонидан ертўла, том тўлиқ таъмирланди, сантехника жиҳозлари янгиланди.
- Ширкат бир неча йил аввал олган кредити ҳисобидан ташқи эшикларни янгилаган, - дейди корхона раҳбари Даврон Халилов. - Ҳозирги таъмирлаш ишлари режалаштирилаётганда ширкат томонидан тақдим қилинган ишлар режасига қараб смета тузилади. Аммо сметага киритилмаган бўлса-да 2100 квадрат метр фасад қисмига 26 миллион сўм, айвон учун кўрсатилган 12 миллион сўм ўрнига 18 миллион сўм маблағ сарфладик. Вақтида маблағ ажратилмаганлиги туфайли ишларимиз бироз муддатга кечикди. Ҳозир яна автотураргоҳ қуриш ишларини бошладик, лекин болалар майдончаси йўқ.
Шу ўринда бир гап. Шаҳардаги аҳоли тураржойларини таъмирлаш учун давлат томонидан анча катта маблағ ажратилганди. Лекин лойиҳалашдаги эътиборсизлик ва аҳоли фикридан ҳам англашиладики, таъмирлаш ишлари кимлар учундир бизнесга айланган. Энг асосийси, кўп қаватли уйда яшовчилар учун болалар майдончаси ва автотураргоҳ қурилмаган, ишларни бажаришда муддатга риоя қилинмаслигини айтмаса ҳам бўлади. Тегишли идоралар бу ҳолатни қандай изоҳлашаркин?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист.
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).