Очлик эълон қилганига 25 кун бўлган Саакашвилига реаниматолог ёрдам кўрсатди

Қамоқда бўлган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили икки марта реаниматологлар ёрдамига муҳтож бўлди, дея маълум қилди унинг адвокати Дмитрий Садзаглишвили.

“24 октябрь куни тунда Саакашвилининг ҳаётий фаолият кўрсаткичларидан бири хавфли даражага тушиб кетди ва реаниматологлар аралашувига эҳтиёж туғилди, шундан сўнг кўрсаткичлар барқарорлашди », деди адвокат журналистларга. Бу консилиум хулосаси ва тавсиясида қайд этилганидек, учинчи президент ҳозир шундай очлик босқичига ўтмоқдаки, ҳар лаҳзада унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши мумкин, шунинг учун зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш кун тартибида бўлади», дея маълум қилди адвокат журналистларга.

Саакашвилининг қамоқхонада очлик эълон қилганига 25 кун бўлди. Аввалроқ ҳам унга тиббий аралашув – қон қуйиш талаб этилган эди. Саакашвилининг шахсий шифокори Николоз Кипшидзе собиқ президентни шаҳар касалхонасига ўтказилишини талаб қилмоқда.

Собиқ президент 1 октябрь куни бир неча жиноий иш бўйича Грузияда, ўз уйида ҳибсга олинган эди. Саакашвили банкир Сандро Гиргвлиани ўлдирилиши ва депутат Валерий Гелашвилини калтаклашда айбланиб, сиртдан судланган. Биринчи ҳолатда Саакашвили уч йилга, иккинчисида - олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, у 2007 йил 7 ноябрдаги мухолифат митингини тарқатиш, “Имеди” телекомпаниясидаги погром ва давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ишларда иштирок этган – улар ҳали судда кўрилмоқда.