Одамларнинг олдида уялиб қолдим ёхуд Пайариқнинг Уймовут маҳалласидаги сув чиқариш насосининг ҳасрати
Мен ушбу ҳасратли дардимни, мана, 50 йилдирки ичимга сиғдириб, ҳеч кимга айтмай келаётган эдим. Сабр косам тўлди, энди жим туролмайман.
Мен 1970 йилларда туманимиздаги собиқ Карл Маркс номли хўжаликнинг қоқ марказида катта тантана билан (130 метр чуқурликда) қурилган эдим. Эҳ, ундаги қувончли дамларни эсласам, кўнглим яйраб кетади. Шу денг, хўжаликнинг Равот, Уймовут, Жўрабой қишлоқлари аҳолиси хонадонларига етиб борган зилол сувимдан (ерга темир қувурлар кўмилиб, ҳар бир хонадонга етказилган) ўзларининг бурамали кранлари орқали ичиб, қувонишган эди. Шундай қилиб, чамаси 6-7 йил шу қишлоқлар аҳолисига беминнат хизмат қилдим.
Минг афсус, йиллар ўтиб ишлатилавериб, сув тортавериб, куйиб қолдимми, ишқилиб бузилиб қолдим. Шу-шу бўлдики, менга ҳеч ким қарамай қўйди. Атрофимдаги қишлоқларга газ келиши сабабли айрим одамлар ерга кўмилган қувурларимни кесиб, газ ўтказишга ишлатиб юборишди.
Ўтган давр мобайнида хўжалигимизга тайинланган ўнга яқин раис ҳам мендан фойдаланишни билмади. Ўша вақтда мени таъмирлашга ажратилган маблағлар кимларнингдир киссасига кириб кетди.
Афсус, минг афсус, 25 йил бўляпти, мен ҳалиям бузуқлигимча турибман. Баъзилар туман “Сувоқова” ташкилотига бориб, аҳволни айтишган. Улар тез кунда ўрганиб, таъмирлашга ваъда беришган, ҳозир ҳам беришмоқда. Аммо биров олдимга калит кўтариб келгани йўқ.
Хўш, мен яна неча йил шу аҳволда тураман. Керак бўлмасам, ағдариб ташлашсин.
Аммо, тўғрисини айтсам, бағримда ҳали сув кўп. Қанийди, бир танти тадбиркор чиқиб, мендай зериккан насосни тузатса. Сув чиқариб берсам, маҳалла аҳли уйларига тортиб, янги полиэтиленми, темир трубалардами, киритиб олишар, пулини ойма-ой тўлаб боришар.
Мен қачонгача қоққан қозиқдек шумшайиб тураман? Одамларнинг олдида ҳам уялиб қолдим.
Сув чиқариш насоси дардларини оққа кўчирувчи Искандар ТЕМИРОВ,
Суннат МУҲАММЕДОВ.