Одил судловга эришишда халқаро тажрибадан фойдаланилади
Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро қилиш ва қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат. Бу “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 15-мақсадида ҳам ўз аксини топган.
Шулардан келиб чиқиб, Президентнинг “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди. Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилиб, улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санксия бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Тергов судьяси институти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у Франция тарихида чуқур илдизга эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принсипининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт сифатида намоён бўлган.
Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Голландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари лавозими бор. У Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда ҳам жорий этилган.
Айтиш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар иш бўйича барча ҳолатларнинг суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмларининг кўпайиши ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
Ориф ПАРДАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси,
Зарифа АҲМЕДОВА,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг судьяси.