Одри Азуле: Самарқандда биз таълим, маданият ва фан тилларида гаплашамиз

ЮНЕСКО Бош директори “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берди

Шу йилнинг 30 октябрь - 13 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади.

Қирқ йил ичида ушбу ташкилотнинг навбатдаги сессияси биринчи марта Париждан ташқарида бўлиб ўтмоқда. Ушбу қарор ташкилотнинг таълим, илм-фан ва маданият соҳасидаги мақсадларини илгари суришда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётганини эътироф этиш ва халқаро ҳамжамият ишончининг тасдиғидир.

Бундай нуфузли форумнинг Самарқандда ўтказилиши нафақат Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлигининг юксак даражаси, балки мамлакатнинг глобал гуманитар кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилишининг рамзи ҳамдир.

Ушбу тарихий воқеа олдидан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле “Дунё” ахборот агентлиги учун берган эксклюзив интервьюсида ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни юқори баҳолади.

У ЮНЕСКО ваколатининг асосий йўналиши бўлган маданий меросни асраб-авайлаш, таълимни ривожлантириш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш борасида эришилган улкан муваффақиятларни алоҳида таъкидлади.

- Бош директор хоним, бу йил ЮНЕСКО ўзининг 80 йиллигини нишонламоқда. Таш­килот тарихидан қандай муҳим сабоқларни олиш мумкин, деб ўйлайсиз ва нега унинг мандати бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда?

- Кўпқирралиликка тобора кўпроқ эъти­бор қаратилаётган бугунги дунёда бу пара­доксал равишда ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлиб бормоқда. Глобал муаммолар - иқлим ўзгаришлари ва можаролардан тортиб, янги технологиялардаги ўзгаришларгача ҳеч бир давлат якка ҳаракат қила олмаслигини эсла­тиб туради. Бундай пайтда одамлар, айниқса, заиф бўлиб қолади. Ва биз ҳамкорлик, ҳам­жиҳатлик орқали уларни ноаниқликдан ишончли тарзда ўтиш, янада барқарор ва тинч кела­жакни қуриш учун зарур бўлган билим ҳамда кўникмалар билан руҳлантиришимиз мумкин.

ЮНЕСКО 80 йил давомида сифатли таъ­лимни илгари суриш, маданий меросни муҳо­фаза қилиш, илмий ҳамкорликни ривожланти­риш ва ахборотдан фойдаланишни таъминлаш каби вазифалар ажралмас бўлиб қолаётгани­ни исботлаб келмоқда. 1945 йилдан буён дунё тубдан ўзгарди, аммо ЮНЕСКОни ташкил этишга илҳом берган қадриятлар — мулоқот, ўзаро ҳурмат ва халқаро ҳамжиҳатлик мурак­каб глобал воқеликни йўлга қўйишимизга ёр­дам берадиган компас бўлиб қолмоқда.

- Ўзгарувчан халқаро муҳитда ЮНЕСКОнинг мулоқот, ўзаро тушуниш ва маданий хилма-хилликни ривожланти­ришдаги ролини қандай баҳолайсиз?

- ЮНЕСКО ўз ваколатининг барча соҳа­ларида - таълим, маданият, илм-фан ва ах­боротда хилма-хилликни одамлар, жамоалар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро тушунишни кучайтирувчи манба сифатида кўради. Биз одамлардаги фарқларга қарамай, ҳурмат би­лан муносабатда бўлишга имкон берадиган қадриятлар, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга интиламиз.

ЮНЕСКО ўз дастурлари ва маданий кон­венциялари орқали умумий меросни тушуниш­га ёрдам беради ва чегаралар бўйлаб мулоқот­ни ривожлантиради. ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган кўп миллатли объектлар сони ортиб бораётгани бу жараённи яққол акс эттиради. Масалан, 2018 йилдан буён 67 та кўп миллатли элемент номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.

Ўзбекистон бу умумий ишимизга фа­ол ҳисса қўшмоқда. Масалан, Ипак йўлининг Зарафшон — Қорақум йўлаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши, шунингдек, саккизта маданий элементнинг бошқа давлатлар билан биргаликда эътироф этилиши мероснинг маданиятлар ўртасидаги кўприкка айланиши мумкинлигини кўрсатади.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда ўз иштирокини сезиларли даража­да мустаҳкамлади. Мамлакатда рўй бераёт­ган янгиланишлар ҳамда уларнинг минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун аҳамияти хусуси­даги фикрларингиз ҳам биз учун муҳим.

- Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги фа­оллиги ортиб бораётгани мамлакатнинг му­лоқот ва ҳамкорликка интилишидан далолат беради. Бу кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш зарур бўлган бир пайтда, айниқ­са, муҳимдир. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат минтақавий бирдамликка садоқатни, балки халқаро ҳамкорлик муҳимлигини англашни ҳам намойиш этади.

Туризм барқарор тараққиётни таъмин­лашнинг муҳим омилига айланди. 2024 йилда мамлакатингизга 8 милли­ондан ортиқ хорижлик сайёҳ келди ва бу Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва гў­зал табиатига бўлган юқори қизиқишдан да­лолатдир. ЮНЕСКОнинг “Креатив шаҳарлар тармоғи”га қўшилган Бухорода халқаро замо­навий санъат биенналеси ўтказиляпти. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг маданий ўзига хослиги­ни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бораси­даги саъй-ҳаракатларини яққол акс эттиради.

- ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ўртасида­ги ҳамкорлик янги суръат касб этди. Ушбу ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва ис­тиқболларини қандай тавсифлаган бўлар­дингиз?

- Бош директор сифатидаги фаолиятим бошида (2019 йилда) Ўзбекистонга ташриф буюриш ва Президент Шавкат Мирзиёев би­лан учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Биз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектла­ри - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг реставрация қилишдаги кўмагини муҳокама қилдик.

Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиш тўғрисида қабул қилинган тарихий қа­рор билан якунланган ҳамкорлигимиз қанчалик ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этиш­дан мамнунман. Маданият ҳамкорлигимизнинг асоси бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ЮНЕСКО­нинг Инсоният номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясида фаол иштирок этмоқда. 2024 йилда мамлакатингиз ташаббуси билан икки маданий элемент — рубоб ясаш ва ижро этиш санъати ҳамда минтақадаги 13 давлатни бирлаштирган Нав­рўз байрамини нишонлаш анъаналари Инсони­ятнинг номоддий маданий мероси репрезента­тив рўйхатига киритилди. Ўша йили Ўзбекистон Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон кон­ференциясига мезбонлик қилди ва бу билан мамлакат маданиятга барқарор ривожланиш омили сифатида алоҳида эътибор қаратаётга­нини яна бир карра тасдиқлади.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз касбий таълимни қўллаб-қувватлаш, сув ре­сурсларини бошқариш ва инклюзив бошқа­рувни, хусусан, ахборотдан фойдаланиш ва медиа саводхонликни ривожлантиришни ўз ичига олади. 2022 йил ноябрь ойида Тошкент­да ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур форум эрта таълим бўйича глобал кун тартибида­ги муҳим босқич бўлиб, келгусидаги ҳамкор­лик учун пойдевор яратди. 2018 йилдан буён ЮНЕСКО сунъий интеллект соҳасида ахлоқий меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бошқариб келмоқда, на­тижада 2021 йилда ушбу соҳадаги биринчи халқаро меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбе­кистон ва ЮНEСКО томонидан сунъий интел­лект соҳасида этикани тарғиб қилиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро муко­фотнинг таъсис этилиши ахлоқий илм-фан та­мойили учун муҳим аҳамиятга эга.

- Яна бир неча кундан сўнг Самарқанд биринчи марта ЮНЕСКО Бош конференция­сига мезбонлик қилади. Ушбу тарихий воқе­лик ташкилот учун қандай аҳамиятга эга?

- Бу ҳақда 2019 йилдаги ташрифим чоғи­да айтгандим: Самарқанд — турли мадани­ятлар туташган чорраҳа. Ўзбекистон ушбу жаҳон меросининг сақловчиси ҳисобланади. Шу боис, ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилишида ҳам чуқур рам­зий маъно бор, айниқса, у охирги марта деярли 40 йил аввал Париждан ташқарида ўтказилганини ҳисобга олсак. Бу ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларни мулоқот ва ҳамкор­лик рамзи бўлган маконда бирлаштириш учун ноёб имкониятдир. Конференция мамлакат­лар ташкилотнинг яқин йиллардаги устувор йўналишларини белгилаб берадиган ва нейро­технологиялар бўйича биринчи халқаро ҳуж­жатни қабул қиладиган муҳим паллада бўлиб ўтади. Яъни, ЮНЕСКОнинг Самарқанд форуми келажакка муҳим қадам бўлади.

Биз Ўзбекистон Президентига ва бар­ча ўзбекистонлик ҳамкорларимизга ушбу та­рихий воқеани амалга оширишга кўрсатган кўмаги, садоқати, меҳмондўстлиги ва қўл­лаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.

- Самарқанд йирик халқаро анжуман­лар марказига айланиб бормоқда. Сиз­нингча, нима уни глобал мулоқот учун жо­зибадор ва салоҳиятли манзил сифатида танитмоқда?

- Қадимий Ипак йўлининг Ғарбий Европа ва Шарқий Осиёни туташтирувчи чорраҳасида жойлашган Самарқанд минг йиллар давомида товарлар, ғоялар ва маданиятлар алмашину­ви учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилган. Бу уни халқаро форумлар учун табиий майдонга айлантиради.

Самарқанднинг маданий бойлиги ҳақиқа­тан улкан: Регистон майдонининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлари­дан тортиб, фан, санъат ва адабиёт маркази сифатидаги тарихий ролигача Самарқанд тур­ли маданий таъсирларнинг уйғунлигини ўзи­да мужассам этган. Самарқанд ўз тарихи да­вомида кўплаб ижодкорларга илҳом манбаи бўлиб келгани ва бадиий руҳи билан машҳур. Бу хилма-хиллик ва алмашинув учун очиқ бўл­ган маданиятларнинг табиий чорраҳасидир. Буларнинг барчаси уни мулоқотни давом эт­тириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаши мумкин бўлган йирик халқаро фо­румлар учун муҳим майдонга айлантирмоқда.

- Самарқандда ўтадиган Бош конферен­циядан жаҳон ҳамжамияти учун керак бўлган асосий янгиликлар нима деб ўйлайсиз?

- Бўлинишлар мулоқотга соя солиши мумкин бўлган даврда мазкур анжуман ке­лажагимиз ўзаро боғлиқ эканини эслатиб туриши керак. ЮНЕСКО Бош конференциясининг хабари аниқ бўлиши шарт: умумий мерос ва жамоавий билим бу - биз тинчлик ва барқарор ривожланишни барпо этишимиз мумкин бўлган пойдевордир. Самарқандда биз таълим, маданият ва фан тилларида га­плашамиз.

ЮНЕСКОнинг роли айнан моддий ва но­моддий меросни ҳимоя қилиш, таълим, фан, маданият ва ахборот соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

- Бош котиб хоним, мазмунли суҳбат учун раҳмат ва Самарқандда бўлиб ўтади­ган форум ишига муваффақият тилаймиз.

- Раҳмат.

“Дунё” АА.