Огоҳ бўлинг! Дафтарлардан хавфли вирус тарқалмоқда
Ҳурматли ота-оналар, олдиндан айтиб қўяй, мабодо фарзандингизга янги ўқув мавсуми учун дафтар харид қилмоқчи бўлсангиз, огоҳ бўлинг. Муқовада кўрган ҳар тасвир ёки маълумотга ишониб кетаверманг.
Масалан, суратда Амир Темур эмас, балки унинг ўгай ўғли акс этган, “Фарғона” тўғрисидаги маълумотда эса умуман жунгли ўрмонлари ҳақида “алжиранган” бўлиши мумкин...
Ваҳима қилаётганим йўқ. Кеча уйимиз олдидаги дўкондан беш-олтита 12 варақли дафтар, яна бир қанча ўқув қуроллари сотиб олдим. Сентябрь яқин, кейиш шошиб қолмайлик дедим-да. Дафтарлар муқовасида тарихий шахслар, шаҳарлар номи, орқа қисмида эса улар ҳақида қисқача маълумотлар (шундай дейиш мумкин бўлса) берилган. Ҳарна, болалар серқуёш юртимизнинг бебаҳо гўшалари, аждодлари билан танишар, дунёқараши ошар, деган умидда эдим. Кейин билсам, чучварани хом санабман.
Носир ал-Фарғонийми ёки Касир ал-Фарғоний?
Биринчи дафтар. Устига катта ҳарфлар билан “Фарғона” деб ёзиб қўйилган. Демак, мантиқан дафтар орқасида Фарғона тўғрисида маълумотлар берилиши керак. Аммо бунинг ўрнига негадир ал-Фарғоний ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилган. Яна бир хил маълумот икки марта, битта бетнинг ўзида. Матндаги ғиж-ғиж хатолардан-ку кўнгил айнийди.
Мисол келтираман. Биринчи хатбошида берилган маълумотга ишонадиган бўлсак, Фарғонийнинг тўлиқ исм-шарифи Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Носир ал-Фарғоний. Иккинчи хатбошида эса буюк аждодимизнинг исми сал бошқачароқ – Абул Аббос Аҳмад иби (“иби” шеваси кўпроқ Бухоро томонларга хос бўлиб, ажабланганда ёки энса қотирганда қўлланилади – Д.Н.) Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний”.
Қойилмисиз? Шу пайтгача ўқитилган адабиётларда фақат битта – Аҳмад ал-Фарғоний бўларди. Балки “дафтардўзлар” билган бошқа фарғонийлар ҳам бордир, буни энди ўзлари тилга кирсалар, айтиб беришар.
Бундан ташқари, матндаги “А.ал-Ф Халифа Хорун ар-Рашид (786-809) ворисла-85 7ри ал-Маъмун (813-833)...даврда яшади”, “Ҳорун ар-Рашид вафоти (809 й.)дан сўнг халифалик тахтига Муҳаммад ал-Амин (809-813) чиқади. й. га қадар Марв-да яшайди. У ўз атрофига олимлари фо-зилларни тўплайди...” ва ҳоказо жумлаларни ўқисангиз, беихтиёр: ҳарфлар “трезвий” каллада терилмаган, деган шубҳага боришингиз аниқ.
Янги Қўқон хонлиги ҳақида эшитганмисиз?
Иккинчи дафтар. Устига катта ҳарфлар билан “Қўқон” деб ёзиб қўйилган. Маълумот қисмида қайд этилишича, “Қўқон – Фаргона вилоятида, шарқий Ўзбекистондаги шаҳар. Аҳолиси 221, 700 (2010-йил). Эски Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган...”
Биринчидан, Ўзбекистонда “Фаргона” номли вилоят йўқ. Иккинчидан, тарихда фақат битта “Қўқон хонлиги” бўлган. Уни “эски” ёки “янги”га ажратиш фан учун “янгилик”. Кейин, ҳурматли ишлаб чиқарувчилар, уйғонинг, ҳозир 2019 йил. Маълумотга якун ясаган жумлани ўқиб, умуман ёқа ушлайсиз: “К. дан Фарғона рик шаҳарларига ва вилоятнинг автобус ва маршрутли таксилар қатнайди”. Шўрлик ўқувчилар!
Мирзо Улуғбек – фолбинми?
Учинчи дафтар. “Мирзо Улуғбек” сурати туширилган ушбу дафтарда ёзилишича, Улуғбек энг аввало ... фолбин бўлган экан. Йўқса, “Буюк мунажжим” жумласини яна қандай изоҳлаш мумкин? “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам “мунажжим” сўзига “юлдузларга қараб фол кўрган киши” деб таъриф берилган.
Яхшиям бу дафтарлар XXI асрда чиқаяпти, худо кўрсатмасин XVII асрда босилганида борми, поляк астрономи Ян Гевелий Улуғбекни дунёнинг барча даврларидаги энг буюк беш нафар математиги сирасига киритмаган, унинг номини Нострадамус қўлёзмаларидан қидириб юрган бўлардик.
Айтганча, билмасангиз, билиб қўйинг: Улуғбекни яна “Рисолайи Луғбек” деган асари ҳам бор экан. Балки, ёшлигида Мирзони эркалаб “Луғбек” деб чақиришгандир, бу ёғи энди “дафтардўзлар”га аён... Кейин матндаги жумлаларни тушуниб, англаш учун, камида “филология фанлари номзоди” бўлиш керак (бонусига – имловий хатолар): “...У Буюк Юлдуз билимдони ва риёзийдон бўлган... У ёшлигини кўпинча Ўрта Шарқ ва Ҳиндистонда ўтказган бўлиб Амир Темур ўлимидан кейин Самарқанд яъни Кошғарли Маҳмудга кўра Самизкентда ерлашган. Кейинчалик Отаси Шоҳрух Мирзо Ҳиротни ўз давлатининг бошкенти этиб тайинлангач, ...1409 – йилда Самарқанд бошчиси бўлиб, 1411 – йилда эса Моварауннаҳр хонликларининг эркин ҳукумдори бўлган”.
Барака топгурлар, 12 варақли дафтардан тилшунослар эмас, 7-10 ёшли бошланғич синф ўқувчилари фойдаланади.
Тўртинчи дафтар, бешинчи, олтинчи... Умумий манзара ачинарли: даҳшатли даражада имловий хатолар, нотўғри маълумотлар, турли манбалардан кўр-кўрона кўчирилган сийқа жумлалар... Бир сўз билан айтганда, дафтарлар – саводсизлик вирусининг ўчоғига айланаяпти. Унга тезда чора кўрилмаса, мутасаддилар кўзларини каттароқ очмаса, виждони уйғонмаса биз ҳар доим фахрланадиган аждодларимиз яна юз йил гўрида тик туради.
Дилшод Нуруллоҳ, ЎзА.