Оҳангаронда Наврўз оҳанглари янгради

Маданият вазирлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси, Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Оҳангарон туманида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида тадбир бўлиб ўтди.

Таниқли ёзувчи ва шоирлар, театр ва кино арбоблари, эстрада юлдузлари, фольклор санъати вакиллари ҳамда самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар дастлаб Зангиота ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишди.

Оҳангароннинг сўлим боғи бағрида ташкил этилган «Ҳар кунинг бўлсин Наврўз!» маданий-маънавий тадбири йиғилганларда чинакам байрамона кайфият уйғотди. Бу ерда кўчма ҳайвонот боғи, ҳунармандчилик кўргазмалари, кураш ва кўпкари мусобақалари, «Ибратли оила», «Ибрали маҳалла», «Моҳир бахши», «Моҳир лапарчи» кўрик-танловлари ташкил этилди.

- Наврўз яшариш байрами, деганларича бор, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова. - Ҳар йили Наврўзда ёшаргандай бўламан ва болалигимда Самарқанд шаҳрида ўтадиган кўклам сайиллари кўз олдимга келади. Бугун ҳам шундай бўлди. Қаранг, Наврўз шукуҳи инсонлар қалбига қандай фусункор туйғуларни олиб кирди. Оддий қишлоқ одамлари билан бир дастурхон атрофида ўтириб, дилдан суҳбатлашдик, қувончига шерик бўлдик.

Ойдин тайёрлади.