Оила – маънавият ва инсонпарварлик маскани

Каттақўрғон шаҳрида шу мавзуда республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
“Фаровон оила сари” ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъуллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, республикамизнинг оила масалалари бўйича етакчи педагог, психолог олимлари, вилоят ҳамда шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида яратилган ва мунтазам такомиллашиб бораётган тизим оилаларни самарали механизмлар асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мустаҳкам оилаларни бунёд қилишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Конституциямизга кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у давлат ва жамият муҳофазасида. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратади, – деди З.Маҳкамова. – Ўзбекистон-2030” стратегиясида оилавий, миллий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича концептуал вазифалар қўйилган. Хусусан, оилага “инсонга инсонпарварлик, яхши хулқ, таълим-тарбия ва, умуман, ижобий хислатларни ўргатувчи мактаб”, дея ижтимоий мақом берилди.
Бугун мамлакатимизда 10 миллион 300 мингдан ортиқ оила мавжуд бўлиб, 3 миллиондан кўпроғи ёш оилалардир. Ҳар бир оилага давлат эътиборида эканини ҳис эттириш, Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳеч бир аёлни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик, келажагимиз эгалари бўлган болаларга алоҳида меҳр ва эътибор кўрсатиш аввало давлат, шунингдек, нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг устувор вазифасига айланди. Бугун замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилмоқда, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда, оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизими яратилмоқда. Шу каби саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда бугунги глобаллашув жараёнларининг ҳар қандай кўринишларига, салбий таҳдидларига бардош бера оладиган замонавий оиланинг мустаҳкам тизими яратилди.
Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳарда оилалар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқбол вазифалар ҳақида сўз юритди. Каттақўрғон тажрибаси сифатида яратилган “Оиланинг намунавий низоми” лойиҳаси бўйича тақдимот қилди.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маъруфова, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва психологларининг оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий қадриятларни асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларидаги маърузалари тингланди.
Маърузаларда оила, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, оилага дахлдор муаммолар, масъул ташкилотлар, кенг жамоатчилик олдидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Фикр-мулоҳазалар алмашилди, тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу асосида илмий-амалий конференция резолюцияси қабул қилинди.
Конференциянинг иккинчи қисмида “Фаровон оила сари” ойлиги доирасида “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибалари, аҳил оилалар, ёш келин-куёвлар иштирокида “Оилалар сайли” (Oilafest), “Оила – болалар нигоҳида” расмлар кўргазмаси ўтказилди.