ОИТС инфекцияси меҳнат муҳожирлари ўртасида кўпроқ аниқланмоқда
«Кейинги пайтда ОИТС инфекциясининг олдини олиш борасидаги ишлар гўё тўхтаб қолгандек. Соғлиқни сақлаш тизими, жамоат ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан бу борадаги тарғибот ишлари анча сусайди. Гўё бу хасталик батамом йўқолган, у бартараф этилгандай. Аслида-чи? Аслида вазият қандай?»
Самарқанд шаҳрида вилоятда ОИТС инфекцияси бўйича эпидемик ҳолат ва унинг тарқалишига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда бу саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов шу фикрлар билан бошлади.
Йиғилишда тегишли тиббиёт муассасалари ходимлари билан бирга барча шаҳар ва туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, ички ишлар тизими ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Қайд этилишича, меҳнат мигрантлари ўртасида касаллик аниқланиши ҳамон юқорилигича қолмоқда, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтаётган никоҳланувчи шахслар орасида ҳам ОИТС инфекцияси аниқланса-да, турмуш қуришни истовчилар бор, ОИТС билан касалланган кишиларни ёлғизлатиб қўйиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
- Меҳнат мигрантлари қайтиб келгач, ўз ҳудудида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши лозим, - дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Паҳлавон Садинов. – Афсуски, ушбу кўриклар баъзида номига ўтказилмоқда, гарчи жамоат ташкилотлари орасида бу масалага масъуллар бўлса-да, эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари учраётир. Ўз вақтида аниқланмаган ОИТС инфекцияси эса нафақат ўша инсон ҳаётига, балки жамиятга ҳам хавф туғдиради, яъни у касалликни тарқатишда давом этади. Ўз вақтида муолажа олмагач уни даволаш ҳам қийин кечади. Касаллик кўпроқ жинсий йўл билан юқмоқда. ОИТСга чалинганларнинг катта қисми меҳнатга лаёқатли, яъни 30-39 ёшдаги кишилар саналади. Шунингдек, улар орасида 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ҳам бор.
Йиғилишда ушбу хасталикнинг олдини олишда сусткашликка йўл қўйган мутасаддилар огоҳлантирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Гулруҳ Мўминова.