Окдарёлик отахонлар Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кузатди
«Нуроний» жамғармаси Окдарё туман бўлими ташаббуси билан туманда яшовчи бир гуруҳ нуроний отахонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилди.
Отахонлар дастлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу қўним топган табаррук мажмуадан бўлишди ва Ҳазрати Хизр мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Сўнгра кўҳна шаҳардаги қатор тарихий қадамжоларни зиёрат қилди, айни кунларда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларини кузатди. Боғибаланд маҳалласидаги янгитдан ташкил этилган сайёҳлик манзили - анжирзорда бўлишди.
– Муқаддас қадамжоларга келган киши қалбан покланиб, руҳан тетиклашади, – дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тошпўлат Ашуров. – Бундай табаррук жойларни зиёрат қилган киши шундай заминда яшаётганига шукрона айтади. Шунингдек, саёҳатимиз давомида шаҳардаги Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида барпо этилаётган транспорт туннели қурилиши билан танишдик. Қурувчилар билан суҳбатлашдик, уларга куч-қувват тиладик.