Олий суд Каттақўрғон ва Жомбой туманида сайёр қабул ўтказди
Фуқаролар муаммоларини уларнинг ҳузурига борган ҳолда тинглаш ва жойида ҳал қилиш мақсадида республика Олий суди судьялари жойларда оммавий сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан 13-14 июнь кунлари вилоят аҳолиси учун Каттақўрғон ва Жомбой туманларида кенгайтирилган сайёр қабуллар ўтказилди.
Аҳоли келиши учун йўл-транспорт жиҳатидан қулай ҳудудлар танланди. Мулоқотлар шаффоф бўлиши ҳамда навбат кутаётган фуқароларга мақъул шароит яратиш мақсадида сайёр қабуллар соя-салқин жойларда ташкил этилди.
Ҳар бир тадбир аввалида Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов фуқаролар билан учрашув ўтказиб, мулоқот қилди. Давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати, қонунчиликдаги янгиликлар, бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида батафсил тушунтирди.
Шундан сўнг сайёр қабуллар бошланди. Юзма-юз мулоқотлар чоғида самарқандликларнинг суд-ҳуқуқ йўналишига оид мурожаатлари тингланди. Тадбирда маъмурий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар бўйича мурожаатлар бўлди. Энг муҳими, Олий суд ишчи гуруҳидаги ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар мурожаатчиларни тегишлилиги бўйича қабул қилди. Фуқароларга рўйхатдан ўтишдаёқ мурожаати юзасидан аниқ йўналиш берилиб, тегишли масъул қабулига йўналтирилди.
64 нафар фуқаро Олий суд раҳбарияти ва ишчи гуруҳи қабулида бўлиб, ўз муаммоларини баён этди. 32 та жиноят ишлари бўйича, 21 та фуқаролик, 6 та иқтисодий ишлар бўйича ва 4 та маъмурий судларга мурожаатлар қабул қилинди.
Мурожаатларнинг қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Вақт ва жараён талаб қиладиган мурожаатлар бўйича ҳужжатлар, аризалар қабул қилиниб, алоҳида назоратга олинди.
Содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан пробация назорати остида жазо ўтаётган 23 нафар фуқаро Олий суд раиси ўринбосари қабулида қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Тадбир давомида жиноят ишлари бўйича судларнинг сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Озодликни чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 14 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 9 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғи билан алмаштирилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.