“Ы операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари” фильми ҳақида қизиқарли фактлар

Леонид Гайдай – афсонавий режиссёр, собиқ иттифоқ кинематографиясининг олтин фондидан муносиб жой олган ёрқин ва машҳур фильмлар муаллифи. Унинг фильмлари қалбимиздан шунчалик чуқур жой олганки, биз уларни 20 марталаб қайтадан томоша қилишимиз мумкин. Гайдай тасвирга олган биринчи комедия, жиддий цензурага йўлиққан эди, омадсиз дебютни Гайдай жуда оғир қабул қилган, ҳатто комедия жанридан бутунлай воз кечмоқчи ҳам бўлган. Бизнинг бахтимизга, уни бу фикрдан қайтишга кўндиришган. 

1. Дастлаб “Ы операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари” фильми “Жиддий бўлмаган воқеалар” номи остида чиқарилиши режалаштирилган, унда бош қаҳрамон Владлен Арьковнинг саргузаштлари ҳақида сўз боради. Аммо цензорлар комик қаҳрамоннинг исми “дунё пролетариати” сардорини (Влад+Лен (Ленин)) исмини эслатмаслиги керак деб ҳисоблашди, шундай қилиб Владлен Шурикка айланди.

2. “Рўйхатни ҳаммасини ўқинг, илтимос!” сўзли саҳна, Гайдай билан ҳарбий хизмат чоғида Мўғилистонда содир бўлган реал воқеага асосланган. Ўшанда ҳарбий қисмга ҳарбий комиссар келиб: “Ким артиллерияга? Ким флотга” – деб сўраганда, бўлажак режиссёр барча саволга: “Мен!” – деб жавоб берган. Ғазабланган ҳарбий комиссар: “рўйхатни охиригача ўқигунимча, шошмай турсангиз-чи!” – деб бақирган. Дарвоқе, рўйхатни ҳаммасини ўқишни сўраган персонажни, миш-мишларда айтилганидек Гайдай ўйнамаган. Ушбу ролни актёр Олег Скворцов ижро этган.

3. Безори ролини дастлаб Михаил Пуговкин (кейинчалик иш бошқарувчи ролини ижро этган) ижро этиши керак эди, бироқ 2 ҳафталик фикр-мулоҳазадан кейин унга иш бошқарувчи (прораб) ролини беришларини сўраган, чунки найнов, келбатли безори роли учун унинг танаси етарли бақувват эмасди.

4. Шурик ва безори Федя иштирокидаги саҳналарнинг бирини тасвирга олиш чоғида, кимнингдир масъулиятсизлиги оқибатида битум (асфаль тайъёрлаш хомашёси) аланга ола бошлайди. Алангани киночилар ва қурувчилар биргалашиб ўчиришган.

5. Шурик билан Лида конспект ўқиш билан овора бўлишиб, уларга қараб ҳурган “боксёр” итни сезмай ёнидан ўтиб кетишади, ўша саҳнани тасвирга олиш жараёнида Гайдай антиқа хийла ўйлаб топади. Режиссёр итнинг тагига ётиб олади ва олдинги оёқларини бироз кўтаради, бу ҳолат ит елкаларини қисиб, чуқур хўрсингани таассуротини уйғотади.

6. “Ы операцияси”ни тасвирга олиш жараёнида кўп кулгули саҳналар тасвирга олиш жараёнининг ўзида актёрлар томонидан ўйлаб топилган. Шундай қилиб, кўкрагидан жароҳатланган Никулин қаҳрамонининг кўкрагидан қон эмас, қизил вино сизиб чиқишини Никулин ўйлаб топган. Скелет ва шаққиллаган тишлар саҳнаси ҳам Никулиннинг “ихтироси” эди.

7. Учинчи ҳикояни (новелла), одатда қор кўп ёғадиган декабрь ойида Ленинградда (ҳозирги номи Санкт-Петербург) тасвирга олиш режалаштирилган эди. Аммо об-ҳаво тасвирга олиш гуруҳига панд берди, қор йўқ эди. Тасвирга олиш майдончасини шаҳардан жуда узоққа кўчиришга тўғри келди. Белгиланган жойга етиб келишлари билан у ерда ҳам қор эриб кетди. Шундан сўнг Гайдай сунъий қордан фойдаланишга қарор қилди. Сунъий қор шунчалик ишонарли чиқдики, уни ҳатто бугунги кунда ҳам ҳақиқий қордан ажратиш қийин.

Бекзод Мусурмонов таржимаси.

(Adme.ru’дан олинди.)