Оқ героин “қора йўл”га бошлади

Акмал (исмлар ўзгартирилган) эндигина 23 ёшга тўлган. Бинойидек касби бор. Ургут шаҳрининг қоқ марказидаги ошхоналарнинг бирида уч йилдан буён сомса пишириб сотади. Таомни мазали тайёрлагани боис доимий мижозлари анчагина.

Акмалдан беш ёш катта бўлган Асад ҳам у билан бирга ишлайди. Бу иккала ҳамкасб топганига қаноат қилмади. Пулимга-пул, бойлигимга-бойлик қўшилсин, деб жиноят кўчасига киришдан тоймади. Мабодо ишлари “юришмай қолса” оқибати нима билан тугашини ҳам тахмин қилишарди.

Шундай бўлса-да, бу жиноий шериклар ўзаро келишган ҳолда мижоз топиб, қонунан таъқиқланган “героин” гиёҳвандлик воситасини сотиш билан шуғуллана бошлашди. Дастлаб “ов”лари бароридан келиб турган шериклар бундан руҳланиб, “маҳсулот”ни янги мижозларга янада қимматроқ ва кўпроқ пуллашга киришиб кетди. Уларнинг навбатдаги мижози “Жасур” исмли шахс бўлиб, у бир куни ошхонага тамадди қилиш учун келди. Овқатланиб бўлгач, Акмал билан танишиб, тезда чиқиб кетишди. Гап орасида Жасур истеъмол учун бирозгина “героин” гиёҳвандлик воситасини топиб беришини илтимос қилди. Бу гап Акмал учун айни муддао эди. Шундай бўлса-да, у ишни янада пишиқроқ қилиш учун ҳозир бу “маҳсулот” анқонинг уруғи бўлиб кетганлиги, танишларидан суриштириб кўришини, бир-икки кундан сўнг хабар олса аниғини айтишини таъкидлади.

Орадан бир кун ўтгач, Жасур яна шу ошхонага келди. Кетиш чоғи Акмалдан илтимосининг натижасини сўради. Акмал “Бир танишимда бирозгина бор экан, ҳар бир грамми 1 миллион 200 минг сўмдан. Кечқурун келсангиз бирга бориб, олиб бериб юбораман” деди. 

Кечқурун Жасур ошхонага келди. Иккаласи унинг машинасида Акмалнинг маҳалласи томон жўнашди. Маҳалланинг ички кўчаларидан бирига боргач Акмал Жасурдан 5 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси учун 300 АҚШ доллари ва 3 миллион сўм пулни олиб, машинадан тушиб, бошқа кўчага қараб кетди. Бир муддатдан сўнг Акмал жиноий шериги Асадга келишилган пулларни бериб 4,27 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини олиб келиб, Жасурга тутқазди. Сўнг иккаласи Жасурнинг машинасида ортига қайтиб кетаётганида, йўлда ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилиб, жиноятлари фош этилди.

Суд Акмал ва Асадни 13 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқиди.

Қилмиш-қидирмиш, дейишади. Аслида ҳар нарсада меъёр бор: ейиш-ичишда, ишда, ўзаро муомалада ва ҳаттоки моддиятда ҳам. Аммо “Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладур” деганларидек, бу йигитларнинг нафсини тия олмаслиги ҳаётларини “қора йўл”га бошлаб юборди.