Оқдарё туман ҳокимлиги қачон ваъдани бажаради?
2019 йил 14 апрелда вилоят телерадиокомпаниясининг "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Оқдарё тумани ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аҳолини қийнаётган муаммолар юзасидан 50 дан ортиқ мурожаат тушганди. Ўтган вақт давомида мутасаддилар мурожаатларга қай йўсинда ечим топди?
Мурожаатлар таҳлилидан кўринадики, саволларнинг энг кўпи йўлларни таъмирлаш (12 та), экология ва атроф муҳитга зарар етказувчи чиқиндилар ташланиши (6 та), таълим, тиббиёт, кадастр, электр таъминоти (4 тадан) ва бошқа масалаларда эди. Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, мурожаатлар мутахассислар томонидан жойига бориб ўрганилган.
- Маҳалламиз туман марказида бўлса-да, чиқинди ташувчи махсус машинанинг аниқ графиги йўқ эди, - дейди Мустақиллик маҳалласида яшовчи Адҳам Ҳусанов. - Бир неча марта мурожаат қилсак ҳам туман "Ермулккадаст" корхонаси ходимлари тураржойимизга кадастр йиғма жилди тайёрлашда бепарволик қилаётганди. Мурожаатдан сўнг ҳар сешанба куни чиқинди машинаси келадиган бўлди, уй-жойимизнинг кадастр ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Мурожаатимиз ўз ечимини топди.
Наврўз маҳалласида яшовчи Шарофат Болтаева эса набираларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда амалий ёрдам сўраганди.
- 2 нафар набирамни 4-мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун 2018 йил апрель ойида рўйхатга ёзилгандик, - дейди Ш.Болтаева. - Шунча пайтдан буён навбат келмаётганлиги ташвишлантираётганди. Шу боис мурожаат қилдим ва бир ҳафтада набираларим мактабгача таълим муассасасига жойлашди.
Туман фуқароларининг мулоқотга йўллаган энг кўп мурожаатлари йўлларни таъмирлаш борасида эди. Бундан кўриниб турибдики, туманда йўлларнинг аҳволи яхши эмас.
Масалан, "Янги Равот-2" маҳалласидан Ҳилола Омонова Суткент-Қоратери йўлини таъмирлашда ёрдам сўраганди.
- Мулоқотдан кейин бир нечта идоралардан келиб йўлни расмга тушириб кетишди, лекин ҳозиргача ўзгариш бўлгани йўқ, - дейди шу маҳаллада яшовчи Раъно Худойбердиева. - Бу йўлдан болалар мактабга боради, одамлар фойдаланади. 1995 йилда асфальт қилинган йўл икки томондаги ариқ ковланиши билан кичрайиб, яроқсиз ҳолга келиб қолди. Энди қишда лой, ёзда чанг бўлади.
Истиқлол маҳалласида яшовчи Асрор Хидиров эса тадбиркорлик қилиш мақсадида кредит олишда ёрдам сўраган.
- "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида 26 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, асаларичилик билан шуғулланмоқчи эдим, - дейди А.Хидиров. - Лекин "Агробанк"нинг Оқдарё туман филиали ходимлари ҳанузгача ишни пайсалга солиб келмоқда. Ваҳоланки, мен уларнинг ваъдасига ишониб, таъминотчи корхона билан шартнома ҳам имзолаганман.
- Қишлоғимизга 1967 йилда симёғочлар ўрнатилган, ҳозир улар хавфли бўлиб қолган, - дейди Сўғончи маҳалласида яшовчи Келдиёр Абдураззоқов. - Маҳалламиздаги Тепа Сўғончи ва Паст Сўғончи қишлоқларидаги симёғочлар 1984 йилда алмаштирилган, аммо Қорахитой ва Ўрадин қишлоқларидаги симёғочлар жуда ҳам эскириб кетган. Шу эски симёғочларни алмаштиришда ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Аммо мурожаатим юзасидан бирор киши ёки ташкилот вакили келиб масалани ўргангани йўқ.
Туман ҳокимлигидан берилган маълумотга кўра, ушбу масалани ўрганиш учун масъуллар бириктирилган ва улар 25 апрелга қадар масалага ижобий ечим топиш чораларини кўришлари белгиланган. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, бирорта масъулдан дарак йўқ. Наҳотки, туман ҳокимлиги мутасаддиларининг ваъдаси кўрсатув тугагунча бўлса.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.