Оқдарё тумани 2-сектор: Камбағалликни қисқартириш қай даражада уддаланмоқда?
Оқдарё туманидаги ҳудудлар кесимидаги тўрт сектордан бирига туман прокуратураси масъул. Ушбу тизим ходимлари, умуман, секторга бириктирилган вакиллар зиммасига юклатилган вазифаларни қандай бажармоқда?
Албатта, дастлабки берилган маълумотларда қанча фуқарога молиявий ёрдам кўрсатилгани, қанча озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилгани акс этган. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг дори-дармон билан таъминланиши ҳам маълум
– Фаолиятимизнинг асосий мазмуни – эҳтиёжмандларга моддий ёрдам кўрсатиш ёки маслаҳатлар беришгина эмас, балки, ҳудуддаги 9 маҳалладаги “темир дафтар”га киритилган 350 та кам таъминланган оилага кафолатланган даромад манбаини яратишдан иборат, – дейди 2-сектор котиби Фаррух Мирзаев. – Шу кунга қадар, камбағал оилаларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун уларнинг аъзоларидан 400 нафари доимий иш билан таъминланди. Бундан ташари, 15 та даромади паст ёки ночор оилага субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. Мазкур фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган яна 50 га яқин оилага имтиёзли кредит маблағлари ажратилишида ёрдам кўрсатилди.
“Энди камбағал эмасман”
Рустам Холиқов Оқдарё тумани Пахтаобод маҳалласи мустақиллик қишлоғида яшайди. У сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари кўрсатган ёрдамдан беҳад мамнун. Негаки, бугун унинг хонадонида бекорчи одамнинг ўзи йўқ. Ҳатто, вақт ҳам топилмайди.
- Оилада тўрт жонмиз, - дейди Рустам Холиқов. – Рости, у иш, бу иш билан шуғулланиб, бирим икки бўлмаган. Пандемия даврида камбағаллар рўйхатига олишди. Аввалбошда бироз ноқулай бўлди. Бугун кўрсатилган ёрдам, берилган эътибордан хурсандман. Бизга нима ёрдам қилишди: аввало коллежни тугатган ўғлим Самарқанд шаҳридаги “8 март” фабрикасига ишга жойлаштирилди. 4-5 ойдан буён ишлаб келаяпти, ойлик маоши ёмон эмас.
Ўзим фермер хўжалигида тракторчилик қиляпман. Бугун-эрта яна мавсум бошланади - тракторга ўрнатилган ускуна билан 1 тонна ловияни тозалаб берсам иш ҳақига 50 килограмм оламан. Бир кунда 3 тоннагача ловияни янчиб беришим мумкин.
Сектор раҳбарлари бош бўлиб, 1 сотихли иссиқхона қуриб беришди. Бу ерда бодринг парваришлаяпмиз. Кун ора 40 килограмм бодринг териб 2,5-3 минг сўмдан сотяпмиз. Бодринг энди “қариди”, деб юлиб ташламоқчи эдим. Лекин мутахассислар “ҳали ҳосил беради, яна бир ойларда оласиз, ўрнига помидор экинг”, деди. Уларнинг айтишича, иссиқлик таъминотисиз ҳам янги йил байрамига помидор ҳосилини бозорга чиқарсам бўларкан.
Рустам аканинг ҳовлисида бўлганимизда бир гала товуқларни ҳам кўрдик. Айтишича, оппоқ тусли, юришга қийналиб турган бу 60 бош парранда сектор раҳбари ташаббуси билан тадбиркорлар томонидан берилибди. Битта “ошга босамиз, уйга киринглар”, дейди, Рустам ака.
Ловия мусулмон давлатларида харидоргир
- Камбағал оилаларнинг 123 таси босқичма-босқич рўйхатдан чиқарилди, - дея сўзида давом этди иккинчи сектор котиби Ф.Мирзаев. – Бунда албатта, ўша оила аъзоларининг фаоллиги, ҳаракати муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, “темир дафтар” да қайд этилган оилаларга фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган майдонларида такрорий экин учун ер таклиф қилинди. Бунга хоҳиш билдирганларга 2 гектаргача ер майдони, экин экиш учун тайёр қилиб берилди. Энг муҳими, ловия экмоқчи бўлганларга зарур миқдордаги уруғлик таъминотчи корхона томонидан бепул ажратилди.
- Оқдарё туманида такрорий экин учун асосан ловия етиштирилади, - дейди “Пичоқчи дрю фруктс” корхонаси иш юритувчиси Афраим Сулейманов. – Чунки бу ерда ловиянинг ҳосилдорлиги бошқа жойларга нисбатан юқори бўлади. Айнан шунинг учун корхонамизни шу ерда ташкил қилганмиз. Ҳозирда бир кунда 8-10 тоннагача ловияни саралаб, қадоқлаймиз. Маҳсулотларимиз асосан Эрон, Грузия ҳамда Россия Федерациясининг Чеченистон Республикаларига экспорт қилинади. Жорий йилда 5 минг тонна маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз. Табиийки, ҳосил кўп бўлишидан аввало ўзимиз манфаатдормиз. Шу боис, туман прокурори бизга аҳолига бепул уруғлик беришни таклиф қилганида бажонидил рози бўлдик. Эрта-индин тайёр бўлган ҳосилни ҳам бозор нархида ўзимиз харид қиламиз.
Дарвоқе, корхонамизда бугунги кунда 30 нафар хотин-қиз ва 10 нафар йигит ишлаяпти. Махсус транспорт воситасида келиб кетаётган ишчиларимизга уч маҳал иссиқ овқат ташкил қилинган. Туман ҳокимлиги, прокуратура ёрдами билан фаолиятимизни яна кенгайтириб, келгусида ишчилар сонини 100 нафарга етказишни режалаштираяпмиз.
“Камида 10 миллион даромад қиламан”
Бу Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Чарос Эралиеваниг орзу-ниятлари. Унинг айтишича, ғалладан бўшаган ярим гектар ерда такрорий экин сифатида ловия эккан.
- Ловия тўлиқ пишиб етилса, икки тоннагача ҳосил олиш мумкин экан, - дейди Ч.Эралиева. – Агар бир тонна ҳосил олганимизда ҳам бу айни пайтда 10 миллион сўм соф фойда дегани. Чунки, ерни тайёрлаш ёки уруғлик учун харажат қилмаганмиз. Рости, пандемия сабаб давлатнинг жуда катта ёрдамини ҳис қилдик.
Маҳаллаку ўз йўлига, ҳатто сектор раҳбарлари ҳам доим келиб хабар олиб туришади. Мана яқинда ҳовлимизнинг бўш турган ерига иссиқхона қуриб беришди. Бу ерда етиштирган экинимизни бозорга чиқарсак, рўзғорга анча ёрдам бўлиши аниқ.
Сектор ҳудудини айланарканмиз, маҳалла раислари ва сектор мутасаддиларининг ҳамкорликда олиб бораётган ишлари ўз самарасини бераётганига гувоҳ бўлдик. Муҳими, амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, аниқ мақсад ва режа асосида фаолият олиб борилмоқда.
Мисол учун, сектор ҳудудидаги Бозоржой маҳалласида жорий йилнинг ўтган даврида 3 та корхона фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудудда юзлаб фуқароларни иш билан таъминлаган корхона маҳсулотларини экспортга йўналтириш чоралари кўрилмоқда.
35 минг аҳолининг барчаси эътиборда
- Бугунги кунда “темир дафтар”да 130 яқин оилалар бор, - дейди Ф. Мирзаев – Бу дегани, биз фақат мазкур оилалар билан ишлашимизни билдирмайди. Шу маънода ўтган давр мобайнида ҳудудда 20 га яқин корхона фаолияти йўлга қўйилди. Шароити, имконияти ва энг муҳими хоҳиши бўлган 15 та хонадонга ҳомийлар томонидан чорва моллари олиб борилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳудуддаги фуқаро борки, унинг яшаш шароити, оилавий аҳоли, ҳатто саломатлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам доимий эътиборимизда бўлади.
Ёқубжон МАРҚАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.