Ўқитувчи сертификати учун эмас, иш натижасига кўра рағбатлантирилиши керак

Яқинда «Маҳалла» телеканалининг «Минбар» кўрсатувида "Мактаб таълими замон талабига мосми?" деган мавзуда суҳбат уюштирилди. Унда депутатдан тортиб адабиётшуносгача - турли касб эгалари мактаб таълими масалаларини куюнчаклик билан муҳокама қилди. Аммо улар орасида мактаб муаммоларини тузукроқ биладиган бирор-бир мутахассис кўринмади. Шу боис кўрсатув деярли ҳеч бир амалий хулосага келмасдан ўз поёнига етди.

Ўйлаб қарасангиз, кўрсатувда қўйилган саволларга мавзунинг ўзи жавоб. "Мактаб таълими замон талабига мосми?" деган риторик сўроққа катта қилиб «Йўқ!» деган дангал жавобни бериш мумкин. Чунки бугун биз бозор иқтисодиёти тутумларига асосланган эркин жамиятда яшаяпмиз. Аммо таълим тизими отам замонидан, собиқ шўро қолипларида қолиб кетаётганлиги кўпчилигимизга сир эмас.

Айтайлик, бозор муносабатлари ҳалол рақобат асосида шаклланади. Буни турли соҳаларнинг ривожида яққол кўриб турибмиз. Масалан, бозор тартиби билан ишлаётган соҳалардаги муаммолар деярли тўлалигича бартараф этиб бўлинди. Бунга савдо, транспорт, умумий овқатланиш сингари соҳаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳозир энг чекка қишлоқнинг энг чеккасидаги кичик дўкончага борсангиз ҳам, излаган нарсангизни топасиз. Ёки ярим кечаси бўлсада, телефон қилиб такси чақиришингиз мумкин. Хизмат кўрсатиш сифати бир биридан аъло. Таълим соҳаси эса чинакам рақобат бўлмаганлиги боис кундан кунга чўкиб боряпти. Ундаги муаммолар юзасидан қанчалик чиройли, илмий пардали фикрлар билдирилаётганига қарамасдан, ишлар тобора мушкуллашиб бормоқда. Илгариги кўтаринкилик ва мақтанчоқликдан асар ҳам қолмаган. Айниқса, ПИСА халқаро тадқиқотлардан сўнг ҳақиқий аҳвол бор бўй-басти билан намоён бўлди.

Адолат юзасидан айтиш лозимки, ҳатто эски совет замонида ҳам рақобатнинг қандайдир кўринишлари мавжуд эди. Масалан, устозлар орасидан энг муносиб, маҳоратли педагоглар туман халқ таълими бўлимларига методистлик вазифасига таклиф этилар, улар ўқитувчиларга дарс ўтиш маҳоратини ўргатиб, маслаҳат берарди. Бироқ кейинги пайтда бу таомил бузилиб, методистликка тасодифий одамлар тайинланадиган бўлди. Ўтган асрнинг 80 йилларидаги бир воқеа эсимга келди. Мактабимизда яхши бир чет тили ўқитувчиси бор эди. Уни районога методистликка тавсия қилишди. Аммо у кишининг ўрнига бошқа бир ёш, тажрибасиз ўқитувчи тайинланди. Нега десангиз, ёш ўқитувчининг отаси олиб берган машинаси бор экан. Кейин билсак, бунақа лавозимга машинаси йўқларни қабул қилишмасмиш. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, районога методист эмас, машинали югурдак зарур бўлган.

Қизиғи, негадир маоши кам бўлса ҳам, одамлар методистликка интиларди. Ажабланманг, фан бўйича методистлар, яъни устозларнинг устози бўлиши керак бўлган педагог ходимлар оддий ўқитувчилардан кам маош оларди. Ҳатто директорларнинг ойлиги ҳам ўқитувчиларникидан кам эди. Масалан, мен ўзим ҳам педагоглик иш фаолиятимнинг ярми давомида раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлсамда, ҳозир олаётган пенсиям қўлимда ишлаган ўқитувчилар ёки шогирдларимникидан кам. Ана шунақа бемаъни тартиблар асосида фаолият кўрсатган соҳадан яна нимани кутиш мумкин?!

Оқибат нима бўлди? Бари методистлар ўз зиммасига қўйилган вазифани адо этолмай тарқалиб кетди. Бу жараёнга кейинги йилларда уларнинг иш ҳақининг бироз кўтарилиши ҳам барҳам беролмади. Афсуски, бундай ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда. Ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш борасида бир қараганда турли хил чоралар ўйлаб топилмоқда. Ҳар хил лицензиялар, сертификатлар берилмоқда. Ўқитувчилар ҳам уларни қўлга киритиш учун барча воситаларни ишга солаётир.

Бу тадбирлардан бирини, масалан, сертификат олиш тартибини олиб кўрайлик. Бунга эришиш учун ўқитувчи ўз устида ишлаб, боланинг эмас, ўзининг билимини бойитишга ҳаракат қилади. Бу бир томондан яхши, албатта. Иккинчидан, ажабланарлиси шундаки, у оладиган ойлигини ошириш учун тиришиб, кўпроқ балл тўплаш мақсадида ҳамма чораларни, ҳатто шубҳали дастакларни ҳам ишга солади. Шундай йўл билан у ҳам вазирлик устамасини, ҳам эллик фоизлик сертификатни қўлга киритишга интилиб, чиқим қилишдан қочмайди. Хўш, кейинчи? Бу чора-тадбирлар ўқувчига бериладиган сифатли таълимни кафолатлайдими? Ана шу жойда ушбу тартибнинг заиф нуқтаси кўриниб қолади. Шахсий фикримга кўра, ўқитувчига қўшимча иш ҳақи ва ҳар турли рағбатлар унинг сертификатига қараб эмас, ишининг натижасига, яъни ўқитаётган болаларининг билим даражасига қараб берилиши керак. Ана шунда халқ таълимига сарфланаётган ҳар бир сўм ўзини оқлайди. Бунга баъзилар мураккаб жараён сифатида қараб, амалга оширишдан чўчийди. Аммо унутмаслик керакки, мураккаб масалаларнинг ечими ҳеч қачон оддий бўлмаган. Кимки мураккаб масалаларни осон усул билан ҳал қилиш йўлини кўрсатаётган бўлса, у таълим соҳасидаги муаммолардан бехабар одам.

Сертификат бериш, дарсликларни янгилаш, хориж таълим методини жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, янги усул билан баҳолаш, кундалик. сом юритиш, вазирлик номини ўзгартириш ва ҳоказо чора-тадбирлар билан таълим сифатини тубдан яхшилаб бўлмайди. Бунинг учун таълим тизимида чинакам рақобат муҳитини яратиш лозим. Асло унутмаслик керак, билим ҳам ўзига хос маънавий маҳсулот. Маҳсулот бўлганда ҳам маҳсулотларнинг таг-замини. Дунёда инсонлар учун қанақа неъмат яратилмасин, барчасининг асосида билим туради. Шундай экан, у муносиб баҳоланмоғи шарт. Ўқитувчиларга арзимаган иш ҳақи бериб, таълим сифатини яхшилаб бўлмайди. Аммо шуниси ҳам аниқки, уларнинг ҳаммасига бирдан катта ойлик тўлашнинг иложи йўқ. Давлат ҳар қанча бой бўлган тақдирда ҳам, ўн икки йиллик, мажбурий, умумий ўрта, бепул, яна бунинг устига етти тилдаги бесўнақай давлат таълим тизимини ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Мен хориж тажрибасини ўрганиб чиқиб, шу нарсага амин бўлдимки, жаҳоннинг бошқа бирор мамлакатида бизникига ўхшаш кенг қамровли текин таълим тизими мавжуд эмас.

Хўш, муаммо шунчалик чигал экан, унинг оқилона ечими борми? "Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади", деганларидек, яхшилаб ахтарилса, ҳар қандай мураккаб масалага ечим топиш мумкин. Аввалги мақолаларимда олис қишлоқларда ҳам ўқувчиларга сифатли билим бериладиган таълим муассасалари ташкил этишни таклиф қилгандим. Балки ҳозир давлатимизнинг яна юзлаб қўшимча мактаблар қуришга имкони йўқдир. Бу ҳолатда ҳам масалага ечим топиш мумкин. Айтайлик, ҳозирги мавжуд мактабларда кўплаб сараланган синфлар ташкил этилмоқда. Уларда сабоқ беришга маҳоратли устозларни сафарбар қилиш зарур.

Ҳар бир ҳудудда ўз фанини пухта биладиган олий тоифали муаллимлар бор. Улар фақат бир мактаб доирасидагина фаолият кўрсатмоқда. Ҳолбуки, йўлини топиб, бундай устозлардан самарали фойдаланиш мумкин. Афсуски, ҳозирги жорий тартиб билан бу каби сафарбарликни мутлақо амалга ошириб бўлмайди. Ўқитувчи буни хоҳлаган тақдирда ҳам асосий иш жойидан ташқаридаги мактабда ўриндошлик асосида кам иш ҳақи тўланади. Масалан, менга яқин-атрофдаги мактаблардан сараланган синфларга дарс бериш таклиф этилса, менга маъқул келмаслиги мумкин. Агар бизга ўхшаган олий тоифали муаллимларнинг меҳнати муносиб равишда юқори тақдирланганда эди, бундай таклифни жон-жон деб қабул қилган бўлардик ва бундан таълим тизими кўп нарсани ютарди. Шу маънода, яна такрор айтаман, тизимни чуқур ислоҳ қилмасдан туриб, самарали натижаларга эришиб бўлмайди.

Қайд этиб ўтганимиздек, тизимда биринчи навбатда тузатиш лозим бўлган жиҳат - педагог ходимларнинг ишига ҳақ тўлаш тартиби. Бунда биз дунё тажрибаси билан бир қаторда ўзимиздаги азалий иқтисодий билим асосларига ҳам мурожаат қилиб қўйсак ёмон бўлмайди. Масалан, улуғ саркарда, етук сиёсий арбоб Амир Темур ўзининг тузукларида қуйидагиларни дастуруламал сифатида қайд этган: "Амр қилдимки, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ва бошқа сипоҳийларга ушбу тартибда маош берилсин: оддий сипоҳийга ўз вазифасини ўринлатиб бажариш шарти билан маоши минган отининг баҳоси бўлсин. Баҳодирларнинг маоши икки от баҳосидан тўрт отгача тайин қилинсин. Ўнбошилар маоши қўл остидаги оддий сипоҳийлардан ўн баробар ортиқ бўлсин. Юзбошилар маоши ўнбошиларга қараганда икки баробар, мингбошиларники эса юзбошиларникидан уч баробар зиёда бўлсин" ("Темур тузуклари", 70-саҳифа, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, Т., 1991 йил).

Кўриниб турибдики, у киши ҳар бир давлат хизматчиси маошини хизмат пиллапоясига қараб, адолатли белгилаган. Бизнинг тизимда эса аксинча, тескари тартиб амал қилган. Бунинг натижаси ўзини узоқ куттирмади. Қисқа 30-40 йил ичида таълим тизими чуқур таназзулга юз тутди. Бунинг бош сабаби: педагог ходимларга ўша отам замонидан қолиб кетган иш ҳақи тўлашнинг текисчилик тамойилидир. Бу ҳолатга намуна қилиб, яна бир мисолни келтириб ўтаман. Бугун ёшларнинг, умуман, кадрлар саводхонлигининг ўта паст эканлиги ҳақида ҳамма шикоят қиляпти. Қаерга қараманг, ғиж-ғиж хатоларга гувоҳ бўласиз. Дарсликлардан тортиб кўчалардаги пешлавҳаларгача имло хатолари билан ёзилмоқда. Энди ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг: она тили ўқитувчиларига дафтар текшириш учун тўланадиган иш ҳақи бир ойда 200 минг сўмга ҳам етмайди. Ҳолбуки, дафтар текширишга дарс соатларидан ҳам кўпроқ вақт ва меҳнат талаб қилинади.

Масалан, бир соатлик ёзма ишларни синчиклаб сифатли кўриб чиқиш учун камида икки соат вақт керак бўлади. Оқибатда ўқитувчи дафтарларни номигагина, юзаки текшириб, баҳо қўяди. Мана, чаласаводлик илдизини қаердан қидириш керак. Шу ўринда бизда ҳозир кенг урф бўлиб бораётган хориж тажрибасини жорий этиш ҳақида ҳам айрим мулоҳазаларни айтиб ўтсам. “Хорижники деса, хўрозқандни ётиб ялашга” эҳтиёж йўқ. Асрлар давомида ўзини оқлаб келган миллий педагогик анъаналаримиз мавжуд. Қолаверса, чет эллардаги иқлим, муҳит, халқ менталитети бизга мос тушмаслиги табиий ҳолат. Масалан, ўша Финландияни олиб кўрадиган бўлсак, бу мамлакатдаги тузум, таълим тизими, педагог кадрлар салоҳияти, ўқувчи болалар сони, демографик вазият, муаллим устозларга ҳақ тўлаш tartibi... қўйингки, ҳар томонлама Ўзбекистондаги шароитдан тамоман фарқ қилади. Назаримда, биздаги таълим тизими мутлақо ўзимизнинг миллий эҳтиёжларимизга жавоб берувчи, ҳар томонлама миллий таълим моделимиз бўлиши лозим. Унда ўзимиздаги хусусиятлар тўласинча ўз аксини топиши керак. Хориж тажрибасининг бизга асқотадиган ижобий томонларидан унумли фойдаланилса, шубҳасиз, фойдадан холи бўлмайди. Аммо хорижда шунақа экан, деб кўркўрона тақлид қилиш оқибати тескари натижа бериши мумкин. Шу маънода ҳар бир янгилик ва ўзгаришлар аввало, тор доирада синаб кўрилиши, самара берган тақдирдагина ҳаётга татбиқ этилиши шарт.

 Шундай экан, таълим тизимида бир силкитишда тузатиб қўядиган сеҳрли таёқчани излаш беҳуда. Чунки сеҳрли таёқча ўз қўлимизда, фақат уни ақл билан ишлата билсак бўлгани.

Худойберди КОМИЛОВ, фахрий педагог.