Ўқитувчилар мукофот пули 577 миллион сўм бўлган танловда қатнашяпти

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари вилоятимизда ҳам “Йил ўқитувчиси” танловининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.

Унда 2025 йил август-декабрь ойларида малака синовлари натижаларига интеграция қилинган ҳолда ташкил этилган танловнинг биринчи босқичида энг юқори балл тўплаган ўқитувчилар – ҳар бир туман, шаҳардан уч нафардан, жами 48 нафар педагог қатнашмоқда.

– Танлов ташкилий қўмитасининг қарорига асосан танланган Самарқанд шаҳридаги 81- ва Каттақўрғон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабларида шу кунларда иккинчи босқич ўтказилмоқда, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба раҳбари Акмал Олимов. – Мазкур босқичда ўқитувчи ўз фани бўйича дарс ўтади ва унинг дарс ўтиш маҳорати танлов ҳакамлар ҳайъати томонидан 60 баллик тизим асосида, шунингдек, тегишли туман (шаҳар)да фаолият юритаётган педагогларнинг овоз бериш йўли орқали 40 баллик тизим асосида баҳоланади. Педагоглар овоз бериши учун танлов иштирокчиси ўтган 45 дақиқалик дарс жараёни узлуксиз, тўлиқ ва монтажсиз тарзда видеокамерага ёзиб олинган ҳолда pedagog.uzedu.uz махсус платформасига жойлаштирилади. Айни пайтда мазкур мактабларда танлов иштирокчиларининг ҳакамлар ҳайъати олдида очиқ дарс ўтишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Барча жараёнлар шаффоф тарзда ташкил этилмоқда ва ўтилган дарс машғулотлари махсус платформада эълон қилиб бориляпти.

Танлов низомига кўра, иккинчи босқичда ҳакамлар ҳайъати ва педагоглар томонидан берилган баллар асосида номзоднинг умумий натижаси шакллантирилади ва ҳар бир туман, шаҳардан энг юқори балл тўплаган 2 нафар ўқитувчи танловнинг учинчи босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади. Шу йилнинг апрель-май ойларида ўтказиладиган учинчи босқичда танлов ғолиблари тақдирланадиган йилнинг номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги тақдимот асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.

– Шу пайтгача эришган натижаларим ва туманимиздаги 56 та мактаб ўқитувчилари орасида рейтинг кўрсаткичим бўйича биринчи ўринда бўлганим учун ушбу танловга тавсия этилганман, – дейди Жомбой туманидаги 28-умумий ўрта таълим мактаби давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Диловар Одилова. – 2025 йилда мактабгача ва мактаб таълими ҳамда адлия вазирликлари томонидан ўтказилган “Энг яхши ҳуқуқ фани ўқитувчиси” республика танловида ғолиб бўлиб, 30 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритгандим. Ўтган йил кузги аттестацияда 92 балл олиб, 70 фоиз устама олишга муваффақ бўлдим ва ҳозирда 12 миллион сўмдан ортиқ маош оламан. Бу йил мазкур танловда ҳам ғолиб бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Танлов низомига кўра, ҳар бир туман, шаҳар бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиб педагоглар базавий ҳисоблаш миқдорининг 1400 баравари (ҳозирги вақтда 576 миллион 800 минг сўм)га тенг пул мукофоти билан тақдирланади.