Ўқувчиларни тарих фанига қандай қизиқтириш мумкин?
“Ўтмишни билмаган киши на бугунини, на келажакни, на ўзини билади”, деган эди XVIII асрда яшаган француз мутафаккири Вольтер. Рус олими М.Ломоносов Вольтерга яқинроқ қилиб, “Ўз ўтмишини билмаган халқнинг келажаги йўқ”, дея таъкидлаган. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий эса “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир” деган эди.
Дарҳақиқат, ўз мамлакати ва ўзи яшаётган ҳудуднинг тарихини билмаслик бутун жамиятнинг ижтимоий-маданий даражасига таъсир қилади ва миллий ўзига хослик йўқолиб боради. Миллий ўзлик имплантация қилинадиган нарса эмас. Бу туйғуни мактаб ўқувчилари, талабаларни тарих фанига қизиқтириш орқалигина тарбиялаш мумкин.
Бугунги кунда ёшларнинг тарих соҳасидаги билимлари етарли деб бўлмайди. Бизнингча, бунинг бир неча сабаблари бор. Энг аввало, тарих фанини ўқитишнинг анъанавий усули ўзини оқламаётганлиги вазиятга жиддий таъсир ўтказмоқда. Ўқув дастурлари ҳамон совет давридаги қолип асосида ишлаб чиқилмоқда ва шу асосда дарсликлар нашр этилмоқда.
Умумтаълим мактаблари учун тарих фанини ўқитиш бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари тарихий саналар, жой номларини эслаб қолиш, Ўзбекистон ва жаҳон тарихининг энг қадимги давридан ХХ аср бошларига қадар инсоният тарихида муайян из қолдирган муҳим воқеа ва жараёнлар ҳақида маълумотларни ёдда сақлаш, бир сўз билан айтганда, ўқувчи онгини «маълумотлар омбори»га айлантиришга йўналтирилган. Аммо ўқувчига тарихий-тадқиқот методларини ўргатиш, бунда музейлардан, ёдгорликлардан, археологик тепаликлардан, архивлардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш ҳақида сўз бормайди.
Япон халқида ажойиб бир мақол бор: «Кимгадир яхшилик қилишни истасанг, унга балиқ берма, балиқ тутишни ўргат». Ҳозирда умумтаълим мактабларида 5-11 синфларда жами 12 дона дарслик ўқитилади. Уларнинг ҳаммаси саналар, жой номлари, тарихий-воқеаларга тўла. Мактабларимизнинг аксариятида анъанавий таълим усуллари қўлланмоқда. Бундай усул ўтган асрнинг 70-90 йилларида самара берган бўлиши мумкин. Чунки у вақтларда ўқувчининг диққатини ўзига тортадиган турли-туман технологиялар ҳали удум бўлмаган, ўқувчи учун ягона қизиқ жой, бу – мактаб бўлган. Ҳозир ўқувчиларнинг диққатини тортадиган технологиялар жуда кўп. Булар қаторига мактаблар яқинида очиб қўйилган компьютер ўйинлари клубларидан тортиб, ҳар бир ўқувчининг қўлида учратиш мумкин бўлган смартфонларгача киритиш мумкин. Ана шу чалғитувчи унсурлардан ўқувчининг диққатини дарс машғулотларига қаратиш ҳозирги дунёнинг энг долзарб муаммосидир. Шунинг учун ҳам бугуннинг ўқувчиларга ўқитишнинг янги стратегиялари ва ёндашувлари орқали мурожаат қилиш керак.
Акс ҳолда ўқитувчилар, масалан, тарих фани ўқитувчилари деярли ҳар куни ўқувчилар томонидан бериладиган «Тарих зерикарли», «Эслаб қолиш керак бўлган саналар жуда ҳам кўп», «Қачонлардир бўлиб ўтган воқеалар ҳақида билишим нимага керак?» каби саволларга дуч келаверишади.
Таълим ва тарбия соҳасидаги фаолият кўрсатувчи тадқиқотчиларнинг фикрича, замонавий таълим ўқувчиларнинг мустақил фаолияти, жамоавий иши, ўз-ўзини ўқитиши, инновацион ва амалий машғулотлар, танқидий фикрлаш, ташаббускорликка эътибор қаратиши лозим. Тарих таълимнинг муҳим таркибий қисми бўлганлиги сабабли, ўқитувчилар ўқувчиларни қизиқтиришга ҳаракат қилишлари ва уларни тарихни ёдлашдан кўра тушунишга ундашлари керак.
Бунинг дунёда тан олинган бир неча усуллари мавжуд. Улардан биринчиси ўқувчиларда фаолликни ошириш ва уларни ўқитиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишдир. Сўзсиз, интерфаол таълимнинг энг муҳим услублари ва тамойилларидан бири, бу дарсда оммавий ахборот воситалари ва технологиялардан фойдаланишдир. Масалан, ўқувчиларни тарих дарсига жалб қилишнинг энг осон йўли биргаликда фильм томоша қилиш ҳисобланади. Дунёнинг йирик киноконцернлари томонидан, шу билан бирга Ўзбекистонда ҳам жуда кўплаб тарихий фильмлар ишланган ва ишланмоқда. Кино саноати учун тарих битмас-туганмас манбадир. Киноижодкорлар томошабинларни жалб қилиш учун муҳим воқеалар ва тарихий даврлардан кўп фойдаланади.
Айтайлик, 8-синф ўқувчилари учун Аштархонийлар даври (XVII-XVIII) тарихини ўқитишда, яқинда ишланган «Баҳодир Ялантўш» фильмидан фойдаланиш айни муддаодир. Фильм якунида ўқитувчи аштархонийлар сулоласи даврида сиёсий-ҳарбий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ҳақидаги фикрларини сўрайди, зарурий хулосалар чиқаришида кўмаклашади. Қўқон хонлиги тарихини ўрганишда «Қўқон шамоли», Абдулла Қодирий романлари асосида саҳналаштирилган «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» каби фильмлардан фойдаланиш мумкин. Ёки 10-синф ўқувчилари учун Иккинчи жаҳон уруши арафасида Европа ва фашистлар Германияси тарихини ўқитишда «Пианиночи», «Шиндлер рўйхати» каби фильмлар асқотади. Фильм якунида тоталитар тузумлар хавфи ва Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатлари ҳақида ўқувчиларнинг фикрлари сўралади ва шу йўл билан уларда мавзу бўйича асосий кўникмалар ҳосил қилинади.
Мавзуга қараб тўлиқ фильмлар, анимацион фильмлар, телешоулардан парчалар, ҳужжатли фильмлар, Youtube ҳостингидаги видеолар ва бошқаларни танлаш мумкин. Қандай фильм бўлса ҳам ўқувчиларнинг ёш категориясига мос бўлиши ва синф ўқувчиларида ҳақиқий реакция уйғота олиши лозим. Фильм якунида ўқувчилар қанчалик кўп дебатга жалб қилинса, тарихнинг маълум қисмини шунчалик кўп ўрганади.
Тарихни ўқитишнинг яна бир самарали усули, бу – экскурсиядир. Албатта, ўқувчиларни ҳар куни синфдан олиб чиқиш мушкул, аммо иложи борича улар билан тез-тез экскурсиялар ўтказиш лозим. Чунки тарих фани ҳаракат, саёҳат билан уйғун тарзда олиб борилмас экан, қуруқ ва зерикарли кўринаверади. Бахтимизга Ўзбекистонда тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, музейлар жуда кўп. Бироқ, масалан, музейга ўқувчилар шунчаки томоша учун келиши натижа бермайди. Улар музейга маълум вазифани музей экспонатлари ёрдамида якка ва гуруҳ бўлиб ечиш учун келишлари лозим. Қишлоқ туманларида туман марказидаги музейларга, археологик тепаликларга, ёдгорликларга, машҳур биноларга ва маълум бир воқеа ҳақида сўзловчи диққатга сазовор жойларга ўқувчилар ташрифини ташкил этиш мумкин.
Тарихни ҳаммадан ҳам кўпроқ севувчилар бу ёзувчилардир. Маълум тарихий мавзуларни ўқувчилар ўқиётган бадиий адабиётлар билан боғлаб тушунтириш ҳам яхши самара беради. Масалан, Франция тарихини ўрганишда Александр Дюманинг «Уч мушкетёрлар» романи қисман бўлса-да ёрдам беради. Ушбу китоб ёрдамида тарихий фактларни бадиий тўқималардан ажратиб олиш учун ўқувчиларни баҳс-мунозарага тортиш мумкин. Совет даврида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётни Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асари билан боғлаб тушунтириш мумкин.
Тарих дарсларини география билан боғлаб тушунтириш ҳам яхши самара беради. Чунки жойларни ҳодисалар билан боғлаш ўрганишни осонлаштиради. Баъзида тарих дарсларига география ўқитувчисини таклиф қилиш яхши самара беради.
Шунингдек, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти, инглиз тили ўқитувчиларини ҳам шундай дарсларга таклиф қилиш мумкин. Шунда икки ўқитувчи ҳодисалар, даврлар, маданиятлар ва мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий эволюцияси ҳақида интерфаол, фанлараро курс яратиши мумкин. Тилчилар ҳам бундан хурсанд бўлади, чунки бундай аралаш дарслар ўқувчиларга ўрганилаётган адабиётни яхшироқ тушунишига ёрдам беради.
Навбатдаги усул ўйинли дарс усулидир. Ўқувчилар ўрганиш пайтида ўйнашса ёки завқланишса, яхшироқ ўрганадилар ва тез зерикиб қолмайдилар. Ўйинни ҳар қандай ўқув муҳити ёки дарсига қўшиш мумкин. Уларнинг ичида энг мушкули тарихдаги саналарни эслаб қолишдир.
Тан олиш керакки, ҳозирги тарих дарсликларида саналар ҳаддан ташқари кўп, улар асосан ойлар ва йиллар кўринишида. Масалан, Иккинчи жаҳон урушини олайлик. Ўқувчиларга урушнинг бошланиши санаси 1939 йил 1-сентябрда Германиянинг Польшага бостириб кириши билан бошланганлигини эслаб қолишга мажбурлаш ўрнига оддий топшириқдан ишни бошлаш, масалан, "1-сентябрда қандай муҳим воқеалар юз берган?", саволини ўртага ташлаш мумкин. Шунда ўқувчилар 1-сентябрни нафақат жаҳон урушининг бошланиш санаси эканлигини, шу билан бирга айни санада Япония жаҳон урушида таслим бўлганлиги, Ўзбекистон мустақиллиги куни эканлигини ёки узоқроқ тарихда Европанинг энг машҳур қироли – Франция қироли Людовик XIV ҳукмронлигининг тугаган санаси эканлигини ҳам билиб оладилар.
Ўқувчиларни тарихга, тарихий манбаларга қизиқтиришда турли фондлар, нодавлат-нотижорат ташкилотларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда нодавлат-нотижорат ташкилот шаклидаги, мақсади ёшларнинг эътиборини ватан тарихига, ўзларининг кичик шаҳар ва туманлари тарихига жалб қилиш бўлган ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус таълим ва кўнгилочар дастурлар ёрдам беради. Қуйида шундай лойиҳалардан бирини амалга ошириш механизмини кўриб чиқамиз.
Лойиҳанинг биринчи босқичи мактаб ўқувчилари ўртасида маълум шаҳар ёки туман ҳақидаги энг яхши эртак танлови бўлиб, унда иштирок этиш учун ёшлар ўзларининг ҳудудлари тарихини ўрганишлари, бобо ва момоларидан сўрашлари, музейларга бориб манбалар йиғиши керак бўлади.
Танловда, энг муҳими, мактаб ўқувчиларини қизиқтириш ва ҳудуд тарихини ўрганиш жараёни зерикарли машғулот бўлиб қолмаслигидадир. Шу боис мактаб ўқувчилари тўпланган маълумотларга асосланиб, ўзлари ёқтирган шаҳар ҳақида қисқача бадиий асар, эртак ёзадилар. Энг яхши асар муаллифи мукофот олади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида энг яхши эртак асосида бадиий-декоратив объект яратилади ва шаҳар ёки туман марказида ўрнатилади. Объектга ҚР-кодли ускуна ўрнатилади. Ташрифчилар ҚР-кодни сканердан ўтказиб, мактаб ўқувчиси ёзган, ҳудуд тарихидан ҳикоя қилувчи эртакни алоҳида саҳифада ўқиши мумкин бўлади.
Мусобақа давомида ва бадиий-декоратив объект лойиҳасидан сўнг ёшлар ўртасида сўровномалар ўтказилади. Йиғилган маълумотлар ёшлар онгидаги ўзгаришларни кузатишга ёрдам беради. Ушбу лойиҳа ҳақиқатан ҳам уларнинг тарихни ўрганишга бўлган қизиқишини оширдими ва ўз шаҳри ва эҳтимол, ўз мамлакати ўтмиши ҳақида билиш истагини уйғотдими, аниқ бўлади.
Кўриниб турибдики, ёшлар олдига қўйилган вазифа тарихни ўрганишнинг одатий усулларидан фарқ қилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мактаб ўқувчилари ўзлари туғилиб ўсган ҳудуд тарихини эслаб қоладилар ва қизиқиши ортади. Ёндашув анъанавий ўқитиш усулидан фарқ қилиб, ёш болаларда ижодкорлик, янгиликка интилиш ва ўзини намоён қилиш қобилиятини шакллантиради. Бу усул мактаб ўқувчиларининг тарих фанини ўрганишга бўлган қизиқишини оширади ва энг муҳими, уларни бирор нарсани ўрганишга мажбурламайди.
Юқорида кўриб чиқилган усуллар ёрдамида катта ҳажмдаги воқеа-ҳодисалар ва тарихий саналарни эслаб қолиш мумкин. Шу билан бирга, тарих фанини ўқитишнинг давлат таълим стандартларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурдир. Ҳозирда тарих фани умумтаълим мактабларининг 5-синфидан бошланади ва унда ўқувчилар «Ватан тарихидан ҳикоялар» (Тўмарис, Широқ ҳақидаги ва бошқа афсоналар) дарслигини ўқишади.
Ўқувчига тўсатдан Аҳамонийлар шоҳи Кир II ёки Доро I ҳақидаги афсоналарни тушунтириш кам самара беради, ўқувчини тарих фанига қизиқтириши қийин. Умумтаълим мактабларида тарих фанини ўқитишни «кичик ватан-катта ватан-дунё» тамойили асосида қайта ташкил этиш керак, деб ҳисоблаймиз. Бу қандай ишлайди? 5-синфдаги ўқувчилар, энг аввало, ўзи яшаб турган маҳалла ва туман, яъни кичик ватанининг тарихи, ундаги ёдгорликлар билан боғлиқ ўтмишни ўрганиш билан тарих илмига кириб келади. Кейинги синфларда вилоят, республика, жаҳон тарихини босқичма-босқич ўзлаштириб боради. Бунда ўқувчи ҳудуддаги музейлар, архивлар (катта синфларда), ёдгорликлар, ёши улуғларнинг ҳикояларидан манба сифатида фойдаланади. Шунда ўқувчида, аввало, ватан ҳақидаги тасаввур шаклланади. Ўз кичик ватанининг мамлакат тарихида тутган ўрнини, ўз давлатининг жаҳон тарихида тутган ўрнини яхшироқ англашига ёрдам беради. Ўз мамлакати тарихини яхши ўзлаштирган ўқувчи жаҳоннинг бошқа давлатларидаги воқеа-ҳодисалар билан солиштиради, хулосалар чиқаради. Шу йўсинда ўзи туғилиб ўсган юрт урф-одатлари, миллий ўзига хослиги, қадриятларини ўрганади ва келгуси авлод учун асрайди. Охир-оқибатда ўқувчи нафақат тарихни ўзлаштиради, балки умуминсоний маданият ташувчиси сифатидаги ўрнини сақлаб қолади.
Маҳмудхон Юнусов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.