Оренбургда 3 нафар ўзбекистонлик “қуллик”дан қочишга муваффақ бўлди
Россиянинг Оренбург вилоятида уч нафар Ўзбекистон фуқаролари “қуллик”дан қочиб қутилишга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда Sputnik.
Хабарда айтилишича, ушбу йилнинг август ойида Улуғбек, Абдулазиз ва Жасурбек исмли фуқаролар Россиянинг Перм вилоятига ишлаш учун йўлга чиқади. Йўл-йўлакай улар Али исмли Қозоғистон фуқароси билан танишиб қолади. Али уларга Оренбургнинг Бузулук шаҳрида иш, турар жой, овқат ва ҳужжатларини расмийлаштиришни ваъда беради. Улар рози бўлишади.
Манзилга етиб келгач, Али уларни Фузайил исмли Озарбайжон фуқаросига топширади. Фузайил регистрацияни баҳона қилиб, ўзбекистонликларнинг паспортини олиб қўяди ва қурилишга ишлашга юборади.
Орадан 10 кун ўтиб, ишчилар паспортларини талаб қилишади. Бунга жавобан Фузайил улар учун Алига 50 минг рубль тўлаганини ва қачонки, ушбу пулларни улар ишлаб берса ёки қариндошларидан қарз олиб қайтарса, кейин паспортларини беришини айтади.
Шундан кейин ҳам йигитлар бир неча бор ўз паспортларини қайтаришни сўраб мурожаат қилишади. Сўнгги марта Фузайил ва унинг дўстлари ўзбекистонликларни дўппослаб, омборхонага қамаб қўяди.
Ўзбекистонликлар бир неча кун ўтиб, у ердан қочиб кетишади. Паспортлари йўқлиги туфайли улар элчихонадан маълумотнома расмийлаштириши керак эди. Москвага етиб олишга уларга ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар ёрдам беришади.
Шу ўринда, Россияга меҳнат қилиш учун кетаётган фуқароларга эслатиб ўтмоқчимиз. Биринчидан, Россия миграция қонунларини ўрганинг. Иккинчидан, танимаган одамларнинг гапига кириб, ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан ишлашни бошламанг. Учинчидан, Ўзбекистон элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари телефон рақамларига мурожаат қилинг.