Оромгоҳлар мавсумга тайёрми?

Ўқув йили якунланиши арафасида шу савол кун тартибига чиқиши табиий. Кўпчилик ота-оналар, айниқса, шаҳарда яшовчилар ёзги таътил вақтида фарзандлари сўлим табиат қўйнида дам олишини истайди. Бундай масканларда ҳордиқ чиқариш болаларнинг ҳам жону дили.

Албатта, оилавий тарзда тоғли ҳудудларга ёки чўмилиш ҳавзаларига бориш, дам олиш масканларида бир-икки кун, борингки, бир ҳафта дам олиш, тарихий шаҳарларга саёҳатга бориш яхши, бунга ҳам одатланяпмиз. Лекин болаларнинг шаҳардан ташқарида, тоғ ёнбағирлари ёки хушҳаво масканлардаги соғломлаштириш оромгоҳларида бўлишининг завқи бошқача барибир.

Вилоятимизда бу йилги мавсумда шаҳардан ташқари 15 та доимий оромгоҳда 9610 нафар, 61 та умумтаълим мактабида ташкил этиладиган ёзги соғломлаштириш майдончаларида тўрт давра мобайнида 11020 нафар ўқувчининг дам олиши режалаштирилган. Шунингдек, Бухоро вилоятидан 300 нафардан ортиқ болажонлар касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан Самарқандда дам олдирилади.

– Болаларнинг ёзги дам олиш мавсуми 10 июндан бошланиши кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Демак, ҳали 20 кун вақт бор. Лекин биз доимий оромгоҳларни 1 июнга қадар мавсумга шай ҳолатга келтиришни мақсад қилганмиз. Ҳозир ҳам айрим оромгоҳларимизда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари якунига етган бўлса, бошқаларида жадал суръатларда давом этмоқда. Одатда, авваллари оромгоҳлар турли ташкилотлар тасарруфида бўлганда бу пайтда энди тайёргарлик юмушларига киришилар, ҳокимликлар томонидан бир неча марта йиғилишлар ўтказиларди. Эндиликда болалар дам олиш оромгоҳлари касаба уюшмалари тизимига ўтгач, ҳамма ишни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Тўғрида, ўзимизнинг ишимиз, шундан манфаат кўрамиз, шундай бўлгач, бурчимизни ҳам ўз вақтида бажаришимиз керак.

Шунинг учун оромгоҳлар тасарруфимизга ўтгач, кадрлар шахсий таркибини танлаш ва ўз ўрнига қўйишга ҳам жиддий эътибор қаратдик. Талабчан, соҳада етарлича тажрибага эга ва болалар билан ишлай оладиган шахслар раҳбарликка тавсия этилди.

Оромгоҳларни мавсумга пухта тайёрлаш, болаларнинг мароқли дам олишларини ташкил этишда асосий йўналишлардан бири уларни юқори сифатли ҳамда калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳисобланади. Бу борада аутсорсинг тизими йўлга қўйилган бўлиб, оромгоҳларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича тегишли корхоналар билан шартномалар тузилмоқда. Асосий талаб оромгоҳларни ўз вақтида, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва ошхоналарда белгиланган санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилишидир. Ушбу йўналишда ҳам қатъий назорат йўлга қўйилган ва тегишли комиссиямиз ишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан мактаб таътиллари даврида соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича янги тизим жорий этилган. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларда ватанпарварлик, юртга садоқат руҳини шакллантириш ишлари сифатини янада ошириш учун департамент томонидан оромгоҳ директорлари, катта тарбиячи, тарбиячи ва етакчилар учун 12 кунлик намунавий дастурни тушунтириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мақсадида оромгоҳларда фаолият юритадиган 60 нафар тарбиячи, 60 нафар етакчи ва қўшимча 112 нафар захира педагог рўйхати шакллантирилиб, улар учун вилоят «Баркамол авлод» болалар мактабида ўқув-семинарлари ўтказилди.

Айни дамда мавсумга тайёргарлик доирасида оромгоҳларнинг фақат ёзда эмас, балки йилнинг бошқа фаслларида ҳам фаолият кўрсатишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Чунки кўркам табиат манзараларига бой оромгоҳларимиздан мавсумдан ташқари вақтда ҳам фойдаланиш қўшимча даромад топиш ва бу орқали дам олиш масканлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратишга хизмат қилади. Бунинг натижасида яқин йилларда болаларнинг оромгоҳларга қамровини ҳозирги 4-5 фоиздан 15-20 фоизга етказамиз.

Самарқанд туманидаги «Сафеди» болалар соғломлаштириш оромгоҳи 320 ўринга мўлжалланган. Яқин йилларгача «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига тегишли бўлган оромгоҳ касаба уюшмалари тасарруфига ўтгач,  бино ва иншоотлар таъмирланиб, болажонлар учун қулай шароит яратилди.

– Оромгоҳ 4,2 гектар ҳудудни эгаллайди, – дейди муассаса раҳбари Одил Узоқов. – Ўтган йил департамент томонидан барча зарур жиҳозлар ва идиш-товоқ, чойшаб ва бошқа воситалар берилди, ётоқхоналар, чўмилиш ҳавзаси таъмирланди. Ҳозирда ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга оширяпмиз. Яқин кунларда оромгоҳ мавсумга тайёр ҳолатга келади.

Тумандаги «Камалак жилоси», «Алпомиш» оромгоҳларида ҳам мавсумга тайёргарлик юмушлари қизғин давом этаётганига гувоҳ бўлдик.

Ушбу ҳафта якунида мактабларда сўнгги қўнғироқ жаранглайди. Ўқувчилар ёзги таътилга чиқади ва уларни оромгоҳлар ўз бағрига чорлайди.

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат).