Ота-она қандай ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади?

Оила кодексида ота-онанинг номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари нимадан иборатлиги белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун талабларига кўра, ота-она фарзандларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Ота-оналик ҳуқуқлари болалар ўн саккиз ёшга тўлганларида, шунингдек вояга етмаган болалар никоҳга кирганларида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда вояга етмасдан тўла муомала лаёқатига эга бўлганларида тугайди.

Ота-оналик ҳуқуқи болалар манфааатига зид равишда олиб бориши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилади. Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Шунингдек, ота-она (улардан бири) ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ва соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналикдан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш  тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.

Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (улардан биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

Агар суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишларни кўришда ота-она (улардан бири)нинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжудлигини аниқласа, бу ҳақда прокурорга хабар бериши шарт.

Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин уч кун ичида ушбу қарорнинг кўчирмасини боланинг туғилганлиги давлат томонидан рўйхатга олинган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.

2021 йилнинг 1-чорагида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида 7 та иш кўриб чиқилган, шундан 5 таси қаноатлантирилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган.

Бола билан кўришиб туришни белгилаш тўғрисида жами кўрилган 7 та ишнинг 4 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган ва яна биттаси иш юритишдан тугатилган.

Т.Усмонов,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.