Ота-онанинг шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари: Самарқандда мажбуриятини бажармаган 13 киши ота ёки оналикдан маҳрум қилинган
Ота-онанинг шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида белгилаб қўйилган. Қонун талабларига кўра ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Улар бола(лар) 18 ёшга тўлганида, шунингдек, вояга етмаган бола(лар) никоҳга кирганида ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда тугайди.
Ўзаро никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-она улардан бола туғилганда ҳамда уларнинг оналиги ва (ёки) оталиги белгиланганда 16 ёшга тўлишлари билан ота-оналик ҳуқуқларини мустақил равишда амалга оширишга ҳақли.
Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт, уларнинг тарбияси ва камолоти учун жавобгар. Шунингдек, болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.
Ота-она (улардан бири) ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса ва бошқа ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бу иш суд тартибида амалга оширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида 2019 йилнинг 11 ойи давомида ота-онанинг шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ 152 та иш кўриб чиқилган.
Шу жумладан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида 40 та фуқаролик иши кўрилиб, 13 таси қаноатлантирилган, 19 таси рад қилинган. Бундан ташқари, 7 та иш кўрмасдан қолдирилган ва 1 та иш бошқа судга ўтказилган.
Ушбу тоифадаги ишлар таҳлил қилинганда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг кўпчилигини ота-оналарнинг ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши, жумладан, алимент тўлашдан бўйин товлаши ташкил қилган.
Бола билан кўришиб туриш вақтини белгилаш тўғрисида 77 та фуқаролик иши кўрилиб, 76 та даво қанолатлантирилган ва 1 та иш бўйича рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Болани олиш бўйича эса 35 та иши кўрилган, 16 тасида даъво талаблари қаноатлантирилган, 11 тасида рад қилинган, 6 та иш иш юритишдан тугатилган, 2 та иш кўрмасдан қолдирилган.
Т.УСМАНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.